Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Миссионерлар ва уларнинг мақсадлари

02.11.2021   3216   4 min.
Миссионерлар ва уларнинг мақсадлари

Миссионер сўзи лотин тилидаги “missio “ сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”,  “вазифа топшириш”, миссионерлар эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган  “ world Book” (жаҳон китоби) энциклопедиясида “Миссионерлар бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон”, -деган фикр қайд этилган. Демак, миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади. Миссионерлик билан бир қаторда прозелетизм ҳам тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Ўлкамиз мустақил бўлган кундан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакилларининг юртимизга ёпирилиб келиши кузатила бошланди. Айниқса, динни ўзига ниқоб қилиб олган “Ваҳҳбийлик”, “Акромий”, “Ҳизбут таҳрир” каби оқимларнинг ва миссионерларнинг ҳамласида катта хавф яшириниб ётибди. Улар мамлакатимиз фуқароларини ўз тузоқларига илинтириб , онгини заҳарлашга ҳаракат этмоқдалар.

Миссионерларнинг бу ишлардан кўзлаган мақсадлари нима?  Уларнинг режаси азалдан мусулмон бўлиб келган,  яъни мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихи бир хил бўлган, аслида мамлакатимизнинг куч-қудратини ташкил қиладиган бирдамликни, халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли – туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймасликдир. Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун ёт унсургина бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам жиддий тўсиқдир.

Маълумки, христианликнинг айрим йўналишларида "Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт", – деб ҳисобланади. Ийсо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган "Инжил"да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади:

"... 15. Ийсо шогирдларига деди: “Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар”.

Ҳатто Қуддус черковининг асосан хўжалик ишлари билан шуғулланадиган, энг қуйи – диакон (юнонча – Шакопоз-хизматчи) лавозимини эгаллаган ходимлари ҳам ўзларининг маъмурий ишларидан ажралиб, моҳир "хушхабарчи"ларга айландилар. Улардан энг машҳури “Даъватчиларнинг отаси” номини олган диакон Филиппдир. Айнан у Самария ўлкасида фаолият юритган, унинг пойтахти Себаста шаҳрида жуда кўплаб кишиларни христианликка киритиб, оммавий чўқинтирган.

Шундай бўлса-да, диакон Филипп ва унга ўхшаган кўпгина хушхабарчилар, Исо Масиҳ таълимоти яҳудийларгагина тааллуқли, деган ёндашувдан келиб чиқиб, асосан яҳудийлар орасида тарғибот ишларини олиб борганлар.

Бироқ кейинроқ илк христиан "даъватчилари" аста-секин Ўрта денгиз бўйлаб Аппенин ярим оролига ҳам кириб боришади. Рим империясида уларга салбий муносабат билдирилса-да, улар империянинг марказий ҳудудлари ва пойтахтига кўчиб келишда давом этаверишган.

IV асрга келиб "даъватчилар" хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Христиан "даъватчилари" аста-секин Оврўпанинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб бордилар ва христианлик Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб эски динлар устидан ғалаба қозонди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган "даъватчилар" (гарчанд уларга нисбатан ҳам "миссионер" сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги "миссионерлар" орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Зеро, ўз даврида христианликнинг фаол тарафдорлари томонидан "даъватчилик" ишларининг олиб борилиши, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк "даъватчилик"дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.

Демак, миссионерларнинг зарбаларидан чекинмаслик , уларга  бефарқ қарамаслик,  ватан равнақи ва ислом дини учун буюк хизматлар кўрсатган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлишимиз зарур бўлади.

 

Фахриддин Боҳодиров – “Янгиравот жоме масжиди имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   31386   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари