Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларидан ҳар хил номлар билан чиқаётган оқимлар, гуруҳлар ислом динига ҳар хил ўзгаришлар, қўшимчалар қўшиб айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштирмоқдалар. Ана ўша оқимлардан бири бўлган “Хизб ут-Тахрир” диний экстремистик ташкилоти аъзолари ҳам бугунги кунда ўз ғоя ва мақсадлари йўлида Ислом таълимотига ўзгартириш ва янгиликлар киритишга уринмоқда. Улар ўзларининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун дин ҳукми ва арконларига янгилик киритиб, жумладан, “Халифаликни тиклаш мусулмонлар зиммасига Аллоҳ таоло фарз қилган энг муҳим амаллардандир” каби Исломда бўлмаган пуч ғояларни илгари суришмоқда. Уларнинг бу даъволари аслида Ислом динига ёт ҳукм, янгилик киритишдир. Исломга янгилик киритиш бидъат бўлиб, бу ҳақда Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ”Сизларнинг орангиздан (диндаги) ишларга янгилик киритувчилар чиқади.(Билингки, диндаги) ҳар бир янгилик бидъат ва ҳар бир бидъат-залолатдир. Залолат эса жаҳаннамга етаклайди”. Динга янгилик киритишини оқибати нима бўлишини “ИШИД” (Ироқ Шом Ислом давлати) олиб бораётган харакатларидан очиқ-ойдин билиб олса бўлади. Бундай нотўғри, носоғлом ақидаларга эргашиш мусулмон кишининг охиратини куйдириш билан бирга жамият тинчлиги-осойишталигига раҳна солади.
“Хизб ут-Тахрир” диний экстремистик ташкилоти 1953 йилда Фаластин давлатида Тақиюддин Набихоний томонидан асос солинган бўлиб, мақсади — дастлаб мусулмон мамлакатларида, кейинчалик эса бутун дунёда ягона халифалик давлатини ўрнатиш ғоясини илгари суради. Бугунги кунда ушбу ташкилотнинг фаолияти дунёнинг бир қатор мамлакатлари ҳудудида таъқиқланган. Агарда тарихга назар солсак, салаф уламолари ҳам, ундан кейин ўтган ва ҳозирги замон уламолари ҳам бундай йўлларга қаршидирлар. Шунинг учун ҳам бундай оқимларнинг ғоясини бирорта мамлакатда маъқулланиб, расмий ташкилот сифатида тан олинмади. Исломда эса озчилик фикрига эмас, кўпчилик фикрига қўшилишга буюрилган. Бунга ушбу сахих ҳадис далилдир: “ Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки улар орасида қарама-қаршиликни кўрсаларингиз, сизлар кўпчилик томонда бўлингиз!”. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларига замонамиз мусулмонлари озчилик овозга эга бўлиб турган оқимларга эмас, уларнинг фикри ва ғоясига қўшилмай келаётган кўпчилик уламоларнинг сафига қўшилишлари керак бўлади.
“Хизб ут-Тахрир” диний экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган бўлиб, фуқароларимизни, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз.
Ховос тумани
“Абу Ҳанифа” жоме масжиди
имом-хатиби Абдурауф Ёрбеков
27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.
Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.
Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати