Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

АҚИДАГА ЗИД ҒОЯЛАР – КУН МАВЗУСИ

16.07.2021   1657   7 min.
АҚИДАГА ЗИД ҒОЯЛАР – КУН МАВЗУСИ

Аслида, тасаввуф-тариқат исломий илмларнинг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, унинг ичидаги мавзусининг шарафи билан зийнатланган. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ яъни Аллоҳни танимоқ экан, ўз-ўзидан бу ҳолда тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлиси, инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчиси бўлиб қолади.

Аммо сўнги йилларда суннийликдаги Нақшбандия ва бошқа шу каби тариқатларни аҳоли орасида шайхлар, эшонлар томонидан бузиб тарғиб қилинаётганлиги, баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг асл мақсади шариат аҳкомларига зид ҳолатда  талқин этилаётганини кузатиш мумкин.

Сохта  тариқатчиларнинг айниқса, пирлар ҳақида айтаётган даъволарига ҳар қандай соғлом ақидага эга бўлган мўмин-мусулмон ҳайрон қолмаслигининг иложи йўқ. Уларнинг даъвосига кўра пири йўқнинг – пири шайтон бўлади, пирга қўл бермаган кишини мусулмон деб бўлмайди, пирлар ғайбий сирларни билади, Азроил (а.с) пирнинг изнисиз муриднинг жонини олмайди, Мункар ва Накир ҳам  пирнинг изнисиз савол-жавоб қилмайди, муриднинг жаннат ёки дўзах аҳлидан бўлишлиги ҳам пирнинг қарорига боғлиқ, пирга қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўяди, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига борилмайди.           Шунингдек, уларга “Нима учун фалон вожиб амални қилмайсизлар?” дейилса, “Шайхимиз айтмаган нарсани қилмаймиз”, дейдилар. Баъзилари : “Бизнинг шайхимиз ўзларининг нечта муриди бўлса, ҳаммасининг қаерда тургани ва ҳатто қайси ёнбоши билан ётганини билиб турадилар. Ким бунга ишонмаса, фалон бўлади”, деса,  яна бирлари “Бизнинг шайхимизга байъат қилмаганлар жоҳилият ўлими билан ўлади”, дейдилар. Фалончи намоз ўқиб, дуо қилса, вафот этган шайхи келиб, қўлидан ушлаб, шаҳарни айлантириб чиқар эмиш, дейдиганлари ҳам топилади.

Шаърий  далилларга тўғри келмайдиган хато даъволари эса  мусулмонлар ичида турли ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Масалан, таҳажжуд ва нафл намозларини фарз, вожиб ҳисоблайдилар, ясама тишли имом орқасидан намоз ўқиб бўлмайди, қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди, намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва Қуръон тиловат қилиш макруҳ, қўлни ювгандан кейин артиш мумкин эмас, чап қўл билан синдирилган нонни ейиш мумкин эмас, чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади,  шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур дейдилар.

Ўзини  тасаввуфга мансубман, деб ҳисоблайдиган бу  кимсаларнинг айримлари “Тариқат ҳақиқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар, баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Илм ўқиган гумроҳ бўлади деган даъвони қиладилар. Ваҳоланки, Абу Ҳомид Ғаззолий ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”. Абу Язид Бистомий : “Агар бир кишига кароматлар берилиб, ҳаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр (Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча, ундай кимсага алданиб қолманг”, деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар. Хожа Аҳмад Яссавий эса: “Шариатсиз тариқатга кирганларни шайтони лаъин имонини олар эмиш”, – деганлар.

Сохта тариқатчиларнинг юқорида санаб ўтилган, соф  эътиқодга тўғри келмайдиган,  шариъатнинг ҳукмларига зид келадиган  даъволарининг барчасининг сабаби уларнинг илмдан узоқлиги, “шариат илмлари ва бошқа илмларни ўрганиш бу – адашишликдир” деган даъвосининг натижасидир. Аслидачи, аслида шайхда имон, тақво билан биргаликда муршидлик сифати бўлиши керак. Муршид дегани иршод қилувчи – кишиларни тўғри йўлга бошловчи деганидир. Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлигини Қуръони карим “Тавба” сурасида қуйидагича баён қилади:

وَمَا كَانَ الْمُؤْمِنُونَ لِيَنْفِرُوا كَافَّةً ۚ فَلَوْلَا نَفَرَ مِنْ كُلِّ فِرْقَةٍ مِنْهُمْ طَائِفَةٌ لِيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنْذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ

“Ҳар жамоадан бир тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар.” (122-оят)

Бу ояти каримада Ислом ўз динимизни чуқур англаб етишга қанчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди.

Демак, иршод қилиш учун аввало динда фаҳиқ бўлиш, уни чуқур англаб етиш керак. Динда фақиҳ бўлиш эса Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарони пухта эгаллаши, шариат, ақида, имон, ислом, тақво, эҳсон ва шукр каби асосларни чуқур билишни тақозо этади. Бу нарсаларни аъло даражада ўзлаштирмаган киши муршид-шайх ҳам бўла олмайди. Бу илмларга эга инсон юқорида айтиб ўтилган даъволар қанчалик нотўғри эканлигини англаб етиб, бундай даъволардан тезда воч кечади.

Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда  юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз.  Қолаверса, шаръий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас. Зотан ҳадиси шарифда:  “Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал” дейилган.

Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида  фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят) ва яна бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради”, – деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким илм талаб қилса ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, деганлар. Бир фозил киши ўғлига: “Эй ўғилчам, илм ўрган, чунки илм жамолинг бўлмаса жамол, молинг бўлмаса мол бўлади”, – деган. Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний  каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.

Шундай экан, илм йўлини махкам тутиш, шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқмаслик, асоссиз гап-сўзларни  ўзига ақида қилиб олмаслик  бу каби  муаммоларни барчасини узил-кесил бартараф қилиб,  ихтилофларни кўтаришга, бугунги ноқулай ҳолатлардан чиқиб олишга  сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни имонда, исломда собитқадам қилиб, ўзининг ҳидоятидан айирмасин.

                                                                                      “Хадичаи Кубро” аел-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси   ўқитувчиси  

Мухамедходжаева Санобар

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

26.08.2026   32503   3 min.
Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.

Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.

“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.

Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.

Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.

“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.

Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.

Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.

Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.

“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.

Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари