Аллоҳ таоло бизга ато этган энг улуғ неъматлардан бири мустақилликдир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар доим фикр юритиладиган, шукр қилинадиган, қадри, шарафи, давомийлиги кўз қорачиғидай асраб- авайланадиган бебаҳо неъматдир.
Истиқлол туфайли мамлакатимизда эътиқод эркинлиги қонуний кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасалар очилди, нодир тарихий манбалар, асори-атиқалар мусулмон халқимизга қайтариб берилди. Юртимиздаги бошқа гўшалар қатори Бухорода ҳам диний-маърифий соҳада туб ўзгаришлар бўлмоқда.
Қадимдан илм маркази бўлган заминимизда сўнгги йилларда мадраса ва масжидлар, муборак қадамжолар обод этилиши ва улар фаолиятининг такомиллашиши, Етти пир уламолар номини бутун оламга тараннум этиш мақсадида уларнинг илмий меросларини ўрганиш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижобий ўзгаришларга мисол бўлади.
Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу улуғ неъматлар шукронасини қилиб, унинг қадрига етиб яшаш ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукрона айтишимиз лозим.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси 7-оят). Ояти каримада таъкидлаганганидек, шукр қилсак Ҳақ таоло Ўз неъматларини янада зиёда қилиши, шубҳасиз.
Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, деганлар (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
Инсон учун дунёга келган, униб-ўсган ери Ватандир. Киндик қони тўкилган жой эса унга бошқа жойдан қимматли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Ҳаким уламолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрти тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўзига “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тили, ўзлиги, ҳақлигини исбот этишга ожиз кишилар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради.
Ватан тинчлиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топиши учун ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарур.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).
Яратган Эгамиз ато этган улуғ неъмат – ҳур заминимизни ёмон кўз, хавф-хатар, бало-офатдан паноҳида асрасин. Барчамизга бу неъматнинг қадрини тўғри англаш, шукронасини адо этишни мушарраф қилсин!
Жобир Элов,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси