Машҳур Sotheby's аукцион уйи мусулмонлар учун дунёдаги энг муҳим жойларнинг дастлабки тасвирларини сотувга қўйди. Улар орасида Макканинг панорамали кўриниши билан 1791 йилга тегишли гравюра бор, деб хабар бермоқда islam.ru.
Ўз вақти учун энг катта ҳисобланган 430 х 865 мм ўлчамдаги гравюрада ҳажга келган зиёратчилар тасвирланган. Бу ажойиб гравюра 12-18 минг фунт стерлингга баҳоланмоқда.
Акварель ва гуашда тайёрланган мусулмон қадамжолари билан яна иккита картина ҳам онлайн тарзда кимошди савдосига қўйилади. Улардан бири Мадинанинг панорамали кўринишини кўрсатади. Бошқасида Каъба ва Ал-ҳаром масжиди тасвирга туширилган. Иккала картина ҳам 1840 йилда чизилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тошкент ислом институтида “Май – Ҳадис илмлари фан ойлиги” муносабати билан улуғ муҳаддис Имом Муҳаммаднинг “Муватто” асарини ўқиб тугатган талабаларга ижоза бериш ва “Хатми кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур хайрли анъана доирасида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчилари Раҳматуллоҳ Махсухонов ҳамда Мансур Жамбилов бошчилигида магистратура ва бакалавриат босқичи талабалари ушбу бебаҳо асарни тўлиқ хатм қилдилар.
Институт масъуллари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этган тадбирда устозлар томонидан хатми кутуб қилишнинг фазилати, Имом Муҳаммаднинг ҳадис илмида тутган юксак ўрни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига муҳаббатли бўлиш масъулияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида устозлар талабаларга ҳадис ривоят қилиш учун расмий ижоза (силсила) ва сертификатларни топшириб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилишди. Шунингдек, талабаларга ушбу бебаҳо асарни ўргатган фидойи устозлар институт раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати