“Такфир” – бу муайян шахсларни кофирга чиқариш, мусулмонни кофир деб эълон қилишдир. Шариатга биноан ҳақиқий ислом олимлари одамларни кофирга чиқаришдан жуда-жуда эҳтиёт бўлиб келганлар. Айниқса, ҳанафий фақиҳлари мўъмин-мусулмон бўлиб туғилган, мўъмин-мусулмон бўлиб танилган бир одамнинг бирор гапида ёки қилган ишида тўқсон тўққизта далил кофирлигига далолат қилиб турса, лекин битта далил унинг мусулмонлигини билдирса, ана ўша битта далилга суяниб, уни мўъмин-мусулмон деб ҳукм қилинади, деганлар. Унга асло кофир деб фатво берилмайди, унга мўъмин-мусулмонларга қилган муомала қилинаверади. Буни яхши англаш лозим!
Бирор мўъминнинг куфрига тўқсон тўққиз маълумот далолат қилса-ю, битта далил унинг мусулмонлигини билдириб турса, ана шу битта далилни олиш лозим, деган қараш Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) томонидан ҳам айтилган. Уни биз мазкур таниқли ҳанафий олимининг бир эмас, бир нечта асарлари орқали билиб оламиз: Али ал-қори (р.ҳ.) “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган машҳур шарҳида қуйидагиларни келтирган:
و قد ذكروا انّ المسئلة المتعلقة بالكفر اذا كان لها تسع و تسعون احتمالا للكفر و احتمال واحد فى نفيه فالأولى للمفتى و القاضى ان يعمل بالاحتمال النافى لان الخطاء فى ابقاء الف كافر أهون من الخطاء فى افناء مسلم واحد و فى المسئلة المذكورة تصريح بأنه يقبل من صاحبها التأويل خلافا لما ذكره بعضهم على خلاف هذا القيل هذا كله اذا صدر عنه تعمدا
“Дарҳақиқат, олимлар зикр қилганларки, куфрга тааллуқли бўлган масалада қачонки куфрнинг тўқсон тўққиз эҳтимоли бўлса-ю, битта эҳтимол унинг тескариси бўладиган бўлса, муфтий ва қозиларга авлоси шуки, куфрга қарши эҳтимолга амал қилгайлар! Чунки, мингта кофирни қолдиришдаги хато битта мусулмонни чиқаришдаги хатодан кўра осонроқдир. Мазкур масалада равшани шуки, уни айтган кимсадан таъвилни (таъбирни) қабул қилиш керак бўлади. Бу айтилганга қарши чиққанлар бунга мухолифдирлар. Мана шунинг ҳаммаси ундан қасддан содир бўлгандадир” (Али ал-қори. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 146)
Али ал-қори (р.ҳ.) “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”даги мазкур гапини “аш-Шифо”га ёзган шарҳида ҳам қуйидагича давом қилдирган:
و قد قال علماؤنا اذا وجد تسعة و تسعون وجها تشير الى تكفير مسلم و وجه واحد الى ابقائه على اسلامه فينبغى للمفتى و القاضى ان يعملا بذلك الوجه و هو مستفاد من قوله عليه السلام ادرؤا الحدود عن المسلمين ما استطعتم فان وجدتم للمسلم مخرجا فخلوا سبيله فان الامام لان يخطئ فى العفو خير له من ان يخطئ فى العقوبة رواه الترمذى و غيره و الحاكم و صححه
“Муҳаққақ, уламоларимиз айтишганки, агар бирор мусулмоннинг кофир дейилишига ишора қиладиган тўқсон тўққиз далил топилса ва уни мусулмонликда қолдириш борасида эса битта далил топилса, муфтий ва қозига ушбу битта далилга амал қилмоқлари керак бўлади. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Қодир бўлгунча мусулмонлардан жазоларни тарк қилинглар!” деган гапларидан олинган. Уни Имом Термизий, Ҳоким ва бошқалар саҳиҳ деб туриб ривоят қилганлар. Бас, бир мусулмонда куфрдан чиқиш йўлини топсангиз, унинг йўлини бўш қўйинг. Зотан, имомнинг афвда хато қилгани азоб-уқубат беришда хато қилганидан яхшироқдир!” (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул: Усмония, 1901. – Б. 502).Али ал-қори (р.ҳ.) “Мишкот ал-масобеҳ”га битган шарҳи “Мирқот ал-мафотиҳ”да ҳам ушбу фикрини қувватлаган:
فان عبارة آحاد الناس اذا احتملت تسعة و تسعين وجها من الحمل على الكفر و وجها واحدا على خلافه لا يحل ان يحكم بارتداده
“Бас, албатта одамлардан иборат бирортаси қачон тўқсон тўққиз далил куфрига, битта далил эса унинг хилофига далолат қилиб турса, унинг диндан чиққанлигига ҳукм қилиш ҳалол бўлмайди” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 714).
Мазкур бўлган иборалардан маълум бўлаяптики, мусулмонлигига битта эҳтимол бўладиган бўлса, ўша одамни кофирга чиқариб бўлмайди. Гарчи унинг кофирлигига тўқсон тўққиз далил топилиб турган бўлса ҳам. Али ал-қори (р.ҳ.)нинг гапларидан яна шуни англаш мумкинки, ўша мусулмон куфр гапни қасддан гапирган бўлса ҳам ҳукм шудир. Бу муҳим гап! Демак, агар билмасдан гапириб қўйса, ёки “мен мусулмонман, ўша гапимни бошқа маънода гапирганман”, деб турса, ёки “Э, мен буни билмабман, ана шу сиз айтган маънода гапирган эдим, имондан чиқиш ниятим йўқ эди”, деса, унда мутлақо уни кофирга чиқариб бўлмайди! Али ал-қори (р.ҳ.) ва ҳанафийларнинг бу қарашлари Қуръон ва Суннатда келган кучли далилларга асосланганига шубҳа йўқ. Қуръони карим ва суннати набавияда “такфир”дан, яъни, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқаришдан қайтарилган:
Имом Табароний (раҳимаҳуллоҳ) бир қанча саҳобалардан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Биз диний бир масала устида тортишаётувдик, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чиқиб келдилар. Бизга кўпгина нарсаларни айтдилар ва гап орасида: “Ислом ғариб бўлиб бошланган ва яқинда ғариблигига қайтади”, дедилар. Шунда биз: “Ғариблар ким, эй Расулуллоҳ!”, дедик. Ул зоти шариф бундай марҳамат қилдилар:
الذين يصلحون اذا فسد الناس و لم يمارون فى دين الله و لا يكفرون احدا من اهل التوحيد بذنب
“Ғариблар шундай кишиларки, одамлар бузилган вақтда ислоҳ қилиб тузатадилар, Аллоҳнинг динида талашиб-тортишмайдилар, тавҳид аҳлидан бирорта кимсани бирор гуноҳ сабабли кофирга чиқармайдилар” (Табароний, 8/7659).
Яна бир жойда Расули акрам, Набийи муаззам, Ҳабиби муҳтарам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб амр қилганлар:
لا تكفروا احدا من اهل القبلة بذنب و ان عملوا بالكبائر
“Қибла аҳлидан бўлган бирор кимсани кофирга чиқарманглар, агарчи улар гуноҳи кабира қилсалар ҳам” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 3/2844; Дорақутний, 2/1780)
Юқорида келтирилган ҳадиси шарифлар Имом ат-Табароний (р.ҳ.) томонидан ривоят қилинган бўлиб, гарчи иснодларида заифлик бўлса-да, бироқ, бутун уммати ислом уларга амал қилишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлини асло кофирга чиқармаганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) саҳобаларга қарши курашган, уларни ўлдирган, исломдаги илк фирқа ва оқимларни саҳобаларнинг ўзлари, ва ҳатто Ҳазрати Али (р.а.) кофирга чиқармасдан, мўъмин деб атаганлигини бирма-бир, номма-ном келтирганлар (Қаранг: Имоми Аъзам. Асарлар. Рисола Усмон ал-Баттий (арабча матн). – Т.: Movarounnahr, 2003. – Б. 87-88).
Зотан, Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 94-оятида қуйидагича буюрган:
يا أيّها الذين آمنوا اذا ضربتم فى سبيل الله فتبيّنوا و لا تقولوا لمن القى اليكم السلام لست مؤمنا تبتغون عرض الحياة الدنيا فعند الله مغانم كثيرة كذلك كنتم من قبل فمنّ الله عليكم فتبيّنوا انّ الله كان بما تعملون خبيرا
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида сафарга чиққанингизда аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, “Мўъмин эмассан”, деманглар. Бу дунё ҳаётининг матоҳини кўзлайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Сизлар ҳам олдин шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Нисо, 94)
“Тафсири Насафий”да айтилишича, Мирдос ибн Нуҳайк (р.а.) мусулмон бўлади, бироқ, ҳали мусулмонлигини ошкора қилиб улгурмаган эди. Ғазотга чиққан саҳобалар олдига бор-будини ва қўйларини олиб, тоғдан тушиб кела бошлайди. Саҳобалар такбир айтса такбир айтади, кела солиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ” дея “Ассалому алайкум”, деб салом ҳам беради. Шунга қарамасдан, Усома ибн Зайд (р.а.) уни ўлдиради, саҳобалар қўйларини ўлжа қилиб олиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келадилар. Бундан Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) қаттиқ ғазабланадилар, “Ундаги нарсалари учун ўлдирдингизларми?”, дея аччиқлари чиқади. Шунда юқоридаги ояти карима нозил қилинади (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий – Мадорик ат-танзил. 1-2 жилд. – Тошкент, Нўъмон Тошкандий нашри, 1988. – Б. 244).
Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳазратлари Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) томонларидан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهِ أَحَدُهُمَا
“Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади” (Бухорий, 8/6103-6104).
Имом Аҳмад (р.ҳ.) эса: من كفر أخاه فقد باء بها أحدهما – “Кимки биродарини кофирга чиқарса, унга икковидан бири дучор бўлади”, деган саҳиҳ ҳадиси шарифни ривоят қилиб қолдирган (Аҳмад, 2/6280).
Саҳиҳ ҳадислар тўпламларида саҳоба Абу Зар (р.а.)дан қилинган ривоятда қуйидагича келтирилган:
لَا يَرْمِي رَجُلٌ رَجُلًا بِالْفُسُوقِ وَلَا يَرْمِيهِ بِالْكُفْرِ إِلَّا ارْتَدَّتْ عَلَيْهِ إِنْ لَمْ يَكُنْ صَاحِبُهُ كَذَلِك
«Киши бировга фосиқлик таънасини ҳам, куфр таънасини ҳам отмайди. Агар отадиган бўлса-ю, таъна қилинган кимса шундай бўлмаса, фосиқлик ва куфр ўзига қайтади» (Бухорий, 4/6045; Аҳмад, 5/21611; Баззор, 2/3919; ат-Табризий, «Мишкот ал-масобеҳ», 2/4816).
Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятида мазкур ҳадис бу тарзда берилган:
من دعا رجلاً بالكفر أو قال عدوّ الله وليس كذلك إلا حارَ عليه
«Кимки бир кишини куфр билан чақирса ёки «Аллоҳнинг душмани», деса, у эса шундай бўлмаса, куфр айтган одамнинг ўзига қайтади» (Муслим, 1/61; Аҳмад, 5/21503; ат-Табризий, «Мишкот ал-масобеҳ», 2/4817).
Имом Бухорий (р.ҳ.) мазкур ҳадисларни: بَاب مَنْ كَفَّرَ أَخَاهُ بِغَيْرِ تَأْوِيلٍ فَهُوَ كَمَا قَال – “Биродарини таъвилсиз кофир деган кимсанинг ўзи айтганидек бўлиши ҳақидаги боб”да келтирган. Яъни, ҳар қандай ҳолатда бировни кофирга чиқаришдан олдин унинг мўъмин-мусулмон эканига таъвил, яхши таъбир қилиш керак бўлади. Таъвил-таъбир қилмасдан туриб, бировнинг бир оғиз айтган гапи ёки қилган ишининг ўзи билан уни кофирга чиқариш асло мумкин эмас. Бу ҳолатда кофирлик кофирга чиқарган одамнинг ўзига қайтади. Доимо бировни айблаш, ундан куфр нишоналарини излаш ўрнига ундан мўъминликнинг бир яхши хислатини ахтариш лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) жанобимиз худди шундай йўл тутганлар:
Саҳобалардан ҳисобланган Ҳотиб ибн Абу Балтаъа (р.а.) мушриклар билан мактуб алмашаётганда қўлга тушиб қолди. У ўзини оқлаш мақсадида баҳоналар гапирди ва وَمَا فَعَلْتُ كُفْرًا وَلا ارْتِدَادًا، أوْ لاَ أَرْضَى بِالْكُفْرِ بَعْدَ الإسْلامِ – “Мен куфр ҳам, муртадлик ҳам қилмадим, исломдан кейин куфрга рози бўлмайман”, деб туриб олди. Унинг кофирлар билан алоқасини кофирлик, мунофиқлик ва хиёнат деб баҳоланиши турган гап эди. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар (р.а.): “У мунофиқ! Унинг бўйнига қилич урайми?”, деди. Мунофиқ дейиш уни кофир дейиш билан баробар ҳисобланади. Чунки, мунофиқ деб ўзининг кофирлигини яшириб юрган одамга айтилади. Мушриклар билан яширинча хат-мактуб алмашиб туриш эса, буни тасдиқлаб турибди. Бироқ, шу ҳолатда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) жанобимиз: “Ахир, унинг аҳли Бадрни кутиб олишга қарши чиққанини ва “Сизлар учун мағфират сўрайман!”, деганини топмаганмидинг?!” деб марҳамат қилдилар. Яъни, бировни мунофиқлаш ўрнига унинг яхши бир хислатини эслаб, уни мунофиқ дейишдан сақланиш кераклигини ўргатдилар. Бу ривоятни ҳам Имом Бухорий (р.а.) ўзининг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида таълиқ қилиб келтирганлар. Яна Имом Бухорий (р.ҳ.) «ал-Адаб ал-муфрад» асарида келтиришича, бир киши бургани лаънатлаганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бургани лаънатлама, у пайғамбарлардан бировини намозга уйғотган», деганлар (1/1237). Биров хўрозни лаъталаганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга шундай деганлар (Табароний, 5/5208). Яъни, ҳар бир нарсанинг яхшилигини кўра билиш керак экан. Мўъмин-мусулмон бўлиб турган одам тўғрисида эса албатта яхши гумонда бўлмоқ ва унинг ҳар қандай гапини яхшиликка йўймоқ лозим!
Ҳанафийларнинг: “Тўқсон тўққиз далил куфрга далолат қилиб турса, битта далил ундай эмаслигига далолат қилса, ана ўша битта далил олинади”, маъносидаги қоидани Саййид Собиқ (р.ҳ.) буюк фақиҳ ва муҳаддис Имом Молик (р.ҳ.)га нисбат қилинган деган эди (Саййид Собиқ. Фиқҳу-с-сунна. 2-жилд. – Қоҳира: Дор ал-фатҳ, 1999. – Б. 288). Бироқ, аҳбошларнинг бошлиғи, “такфир”га муккасидан кетган Абдуллоҳ ал-Ҳарарий (р.ҳ.) Саййид Собиқ (р.ҳ.)нинг бемазҳаблигидан жаҳли чиққанидан унинг хабарини инкор қилади ва “Бу гапни Имом Молик ҳам, Абу Ҳанифа ҳам айтган эмас, асли йўқ!” деб ҳукм чиқаради (Абдуллоҳ ал-Ҳарарий. Аш-Шарҳ ал-қавим фий ҳалли алфоз ас-Сирот ал-мустақим. – Байрут: Дор ал-машореъ, 1999. – Б. 60).
Таъкидлаш ўринлики, Али ал-қори (р.ҳ.)нинг зикр қилинган гапи бошқа ҳанафий олимлари томонидан қуйидагича ифодаланган:
“Хулосат ал-фатово”да бундай дейилган:
و منها اذا كان فى المسئلة وجوه يوجب التكفير و وجه واحد يمنع فعلى المفتى ان يميل الى هذا الوجه
“Қачонки бирор масалада кофирга чиқариш вожиб бўладиган бир қанча важҳлар бўлса ва уни ман қилувчи битта жиҳат топилса, муфтийга ана шу битта жиҳатига майл қилиши лозим бўлади!” (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 4-жилд. – Лакнау: Навол кишвар, 1911. – Б. 382).
Таниқли ҳанафий олими Ибн Нужайм ал-Мисрий (р.ҳ.) “Баҳр ар-роиқ” асарида қуйидагиларни айтади:
و الذى تحرر أنه لا يفتى بتكفير مسلم أمكن حمل على كلامه على محمل حسن او كان فى كفره اختلاف و لو رواية ضعيفة فعلى هذا فاكثر الفاظ التكفير المذكورة لا يفتى بالتكفير بها و لقد الزمت نفسى ان لا افتى بشئ منها و اما مسئلة تكفير اهل البدع المذكورة فى الفتاوى فقد تركتها عمدا لان محلها اصول الدين
“Ёзилганлардан маълум бўлдики, имкон қадар бирорта мусулмоннинг гапини яхшилик маънога йўйиладиган бўлса ёки унинг куфрида ихтилоф бўлса, унинг куфрига фатво берилмайди! Битта заиф ривоят топилса бўлди. Шунга кўра, зикр қилинган куфрга олиб борадиган сўзларнинг кўпчилигига суяниб кофир деб фатво бериб бўлмайди. Менинг ўзим улардан бирорта масалага асосланиб кофирликка фатво бермасликни лозим тутдим! Фатво тўпламларида зикр қилинган бидъат аҳлини кофирга чиқариш масалаларига келсак, уларни мен қасддан тарк қилдим. Зотан, уларнинг ўрни диннинг асослари (ақоид китоблари)дадир!” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 5-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 135)
“Баҳр ар-роиқ”даги иборалардан биз муҳим нарсаларни билиб оламиз. Одатда фатво тўпламларида “алфози куфр”лар, яъни одамни куфрга олиб бориладиган амал ва сўзлар зикр қилинади-да, “бундай деса, кофир бўлади, ундай деса, кофир бўлади”, деганга ўхшаш масалалар қаторлаштириб келтирилаверади. Бу мавзуни барча фатво тўпламларида учратиш мумкин. Бироқ, “Баҳр ар-роиқ” соҳиби айтмоқдаларки, уларга асосланиб, бировни кофирга чиқариб бўлмайди. Зотан, куфр масалалари фиқҳий тўпламларнинг иши эмас, балки ақида китобларининг вазифасидир. Ақида китобларнинг барчасида эса умумий ва мутлақ тарзда: “Қиба аҳлини, яъни Каъбатуллоҳни қибла деб эътиқод қиладиган, намоз ўқийдиган, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқармаймиз!”, деб келтирилган. Ушбу мазмунни биз “Баҳр ар-роиқ”даги бошқа ўриндаги гаплардан билиб оламиз:
واعلم أن الحكم بكفر من ذكرنا من أهل الاهواء مع ما ثبت عن أبي حنيفة والشافعي من عدم تكفير أهل القبلة من المبتدعة كلهم محمله على أن ذلك المعتقد نفسه كفر، فالقائل به قائل بما هو كفر وإن لم يكفر بناء على كون قوله ذلك عن استفراغ وسعه مجتهدا في طلب الحق
“Билгинки, аҳли ҳаво тўғрисидаги биз зикр қилган кимсаларнинг куфрига ҳукм бўлган эди, бироқ, Абу Ҳанифа ва аш-Шофиъийдан собит бўлганига қараганда, бидъатчиларнинг ҳаммасидан қибла аҳлини кофирга чиқармаслик лозим. Бу эса ушбу эътиқодларнинг ўзигина куфр эканлигини билдиради, холос. Демак, уни айтувчиси куфр гапни айтган бўлади, гарчи уни кофир дейилмаса ҳам! Бу унинг гапи мужтаҳиднинг ҳақни талаб қилишида имконияти етарли бўлганига биноан айтилгандир” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Қоҳира: Илмия, 1893. – Б. 371).
“Баҳр ар-роиқ”даги ушбу фикрни Али ал-қори (р.ҳ.) айнан такрорлаган (Али ал-қори. Шарҳ Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 139).
Юқоридаги ибораларни бундай тушуниш лозим: фатво китоблари ва фиқҳий манбаларда алфози куфрлар, куфр бўладиган ишлар, эътиқодлари куфрга кетган кимсалар тўғрисида хабар берилади. Бироқ, булардаги иборалардан ўша гап ёки ишларнинг куфр сўз ёки куфр иш эканлиги билинади, холос. Шахсларга келганда, муайян одамни кофирга чиқариш ҳақида гап кетганда бу гаплар ўтмайди. Чунки, аҳли сунна ва жамоанинг, айниқса, унинг энг улуғ вакиллари Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ) ва Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.)нинг гапларига кўра, “Биз қибла аҳлини асло кофирга чиқармаймиз!”. Бирор муайян шахс ёки бирор жамоа китобларда кўрсатилган куфр гапни айтган ёки куфр ишни қилган бўлиши мумкин, бироқ, улар асло кофир дейилмайди. Зотан, мужтаҳид имомларнинг куфр сўзни айтган ёки қилган кимсани кофир дейишга илми, имконияти етарли бўлса ҳам, лекин бундай ишни қилган эмаслар.
“ал-Ҳидоя”нинг энг яхши шарҳи ҳисобланган “Фатҳ ал-қадир”да Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) айтишича, бизнинг қибламизга эътиқод қиладиганларнинг ҳеч қайсинисини кофирликда айбламаганимиз боис ҳатто бирорта мужтаҳид имомларимиз мусулмонларнинг қонлари ва молларини ҳалол санаб келган хаворижларни кофир деб ҳукм чиқармаганлар, ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларини сўкадиганларни кофир санамаганлар. Чунки, уларни таъвил қилиш мумкин, уларга шубҳа билдириш мумкин. Фақиҳлардан бошқаларнинг эса гапларининг эътибори йўқ, улар эса мужтаҳидлардир (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 4-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 409)
Имом Аҳмад ибн ал-Ҳанбал (р.ҳ.) мўътазилийлар томонидан “меҳна”га тортилган, “Қуръон махлуқ – яратилган” деган гапни айтасан, деб зиндонга ташланган, ҳар куни дарра уриб турилгани кўпчиликка маълум. Шу ҳолатда ҳам ул зот “Қуръон Аллоҳнинг каломи, у яратилган эмас”, деган соф эътиқодидан қайтмаган. Бироқ, уни зиндонга ташлаганларни, ҳар куни дарра урган ва урдирганларни кофирга чиқармаган. Ул зот бундай деганлар:
وكل من لم يقل من أصحابنا بتكفير أهل الأهواء من أهل القبلة فإنه يحمل قول السلف رضي الله عنهم في تكفيرهم على كفر دون كفر
“Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Салафларнинг кофир деганлари топилган бўлса-да, “куфр бўлмаган куфр”ни айтганлигига нисбат қилинади (Байҳақий, “Маърифат ас-сунан ва-л-асор”, 1/66).
Ҳанафийларнинг ишончли фиқҳий манбаларидан бўлмиш “ад-Дурр ал-мухтор” ва “ар-Радд ал-муҳтор”да қуйидагилар битилган:
و اعلم انه لا يفتى بكفر مسلم أمكن حمل كلامه على محمل حسن (ظاهره انه لا يفتى به من حيث استحقاقه للقتل و لا من حيث الحكم ببينونة زوجته…أى لا يحكم بكفره لامكان التأويل … و لكن يمكن التأويل بان مراده اخلاقه الردييئة و معاملته القبيحة لا حقيقة دين الاسلام فينبغى ان لا يكفر حينئذ) او كان فى كفره خلاف و لو كان ذلك رواية ضعيفة (قال الخير الرملى أقول و لو كانت الرواية لغير اهل مذهبنا و يدل على ذلك اشتراط كون ما يوجب الكفر مجمعا عليه) كما حرره فى البحر و عزاه فى الأشباه الى الصغرى و فى الدرر و غيرها اذا كان فى المسئلة وجوه (اى احتمالات) توجب الكفر و واحد يمنعه فعلى المفتى الميل لما يمنعه (عن التاترخانية انه لا يكفر بالمحتمل) ثم لو نيته ذلك فمسلم و الا لم ينفعه حمل المفتى على خلافه (اى و ان لم تكن له نية ذلك الوجه الذى يمنع الكفر بان اراد الوجه المكفر او لم تكن له نية اصلا لم ينفعه تأويل المفتى لكلامه و حمله اياه على المعنى الذى لا يكفر كما لو شتم دين مسلم و حمل المفتى الدين على اخلاق الرديئة لنفى القتل عنه فلا يمنعه ذلك التأويل فيما بينه و بين ربه تعالى الا اذا نواه)
“Билгинки, имкон қадар бирорта мусулмоннинг гапини яхшилик маъносига йўйиладиган бўлса, унинг куфрига фатво берилмайди! Аниғи шуки, уни қатл қилишга ва хотини талоқ бўлди, деб ҳукм қилишга фатво бериб бўлмайди. Яъни, таъвил (таъбир) имкони бўлса, унинг куфрига ҳукм қилинмайди. Ёки таъвил шундай мумкин бўлсаки, шу гапни айтганнинг мақсади дини исломнинг ҳақиқати эмас, балки ўзининг ёмон хулқидан келиб чиққан ёхуд қабиҳ муомаласи сабабли бўлган, дейиладиган бўлса, ана шу вақтда кофирга чиқармаслик лозим бўлади! Унинг куфрида ихтилоф бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Агар битта заиф ривоят бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Хайриддин ар-Рамлий: “Агар ана шу биздан бошқа мазҳаб аҳлининг ривояти ўшанга суяниб, такфирга фатво бермайди”, деган. Бу шунга далолат қиладики, куфрга сабаб бўладиган фатво ижмоъ қилинган бўлмоғи керак. Бу “Баҳр”да ёзилган, “ал-Ашбоҳ ван-назоир”да буни “Фатовойи Суғро”дан иқтибос қилиб олинган.
“Дурар ал-ҳукком”да ва бошқа китобларда бундай келтирилган: бировнинг кофирлигига бир қанча важҳлар, яъни эҳтимоллар бўлса, биттаси уни тўсадиган масала бўлса, муфтийга ўша битта масалага майл қилиши лозим бўлади. “Фатовойи Таторхония”дан келтирилганки, ҳар хил эҳтимоллар билан бировни кофирга чиқариб бўлмайди. Сўнгра, унинг нияти мусулмонлик бўлса, демак, у мусулмондир. Акс ҳолда, муфтийнинг уни оқлаб чиқарган фатвосининг фойдаси бўлмайди. Яъни, у куфрни тўсадиган томонга нияти бўлмаса, унинг ўзи ана шу куфрни хоҳлаб турса ёки нияти бўлмаса, муфтийнинг унинг гапини таъвил қилиши (оқлови) ва уни кофир эмас деб чиқарган фатвоси фойда бермайди. Масалан, мусулмоннинг динини сўкса, дин муфтийси уни ўлдирмаслик учун гапини ёмон бадхулқликка йўйса, муфтийнинг бу таъвили уни Аллоҳ таоло олдидаги масъулиятини йўққа чиқара олмайди. Фақат у мусулмонликни ният қилиб айтган бўлса, бошқа гап, унда асло куфрига фатво бериб бўлмайди” (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала ад-Дурр ал-мухтор. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 367-368)
Юқоридаги иборалардан биз “такфир” – мўъмин-мусулмонни кофирга чиқариш нақадар хатарли иш эканини билиб оламиз. Соф исломий ақида, ҳаққоний аҳли сунна ва жамоа, мотридийлик ва ашъарийликнинг асли “такфир”дан сақланишдир. “Баҳр ар-роиқ” соҳиби айтганидек, ўзига-ўзи ҳеч кимни кофир демасликка қасд қилишдир. Али ал-қори (р.ҳ.) учта асарида ёзганидек, бировнинг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлса ҳам, кофир эмаслигига битта далил топиб туриб, уни кофир демасликдир! Бундан огоҳ бўлайлик! Дунёнинг турли тарафларида “такфир”чи жамоалар бор, “такфир”чи жамоалар тегирмонига сув қуйиб турганлар бор. Билингки, “такфир” бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмнинг асосини ташкил қиладиган бўлиб қолди. Улар, аввало, мўъмин-мусулмонларни, айниқса, олиму уламоларни кофирга чиқариб оладилар. Бу эса уларга оммавий қирғин-баротлар, муайян шахсларни жисмонан йўқ қилишлар, элу юртда танилган обрўли инсонларнинг обрўларини туширишга, уларни кофирга, бидъатчига, йўлдан озганга чиқаришга уринишлар, мусулмонларнинг раҳбарлари ва тузумларини барбод қилишларга замин бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам огоҳ бўлишимиз керак, эҳтиёт бўлишимиз зарур!
Биз “такфир”га қўшилмаймиз, уни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаймиз ва унга мутлақо қаршимиз!
Ҳамидуллоҳ Беруний
Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди.
Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.
Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.
1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].
Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.
Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.
Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.
Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.
Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].
Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].
Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.
2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].
Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].
Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].
Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.
Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.
Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.
Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].
Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].
Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.
Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».
Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.
Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».
Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.
3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].
Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.
Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».
Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.
«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.
Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.
Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.
6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].
«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.
7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].
Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.
Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.
Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.
Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.
8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».
Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».
«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].
Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.
Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].
Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.
10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.
Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?
Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?
Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.
Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!
Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.
Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.
11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.
Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.
Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.
Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.