ЭЪТИРОФ
Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва илмий фаолиятларни эътироф этган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси “Фахрий доктори” илмий даражаси берилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари муфтий ҳазратларини самимий муборакбод этади.
Ҳақиқатан юртимизда Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва халқимиз маънавиятини юксалтиришда диёримиз олиму уламолари, хусусан муфтий ҳазратларининг ҳиссалари жуда ҳам катта. Ҳазрат бутун умрлари давомида муборак динимиз таълимотларини тарқатиш билан шуғулланиб келмоқдалар. У киши Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган “Имом Бухорий” зиёратгоҳ-жоме масжиди имом-хатиби, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифаларида кўп йиллар самарали меҳнат қилганлар. 2006 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, мана 15 йилдан буён дини мубинимиз ва мўмин-мусулмонлар хизматида бўлмоқдалар.
Таъкидлаш жоизки, муфтий ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. Ҳазрат 2013 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар. Шунингдек, 2021 йил 17 мартдан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъати раиси ҳисобланадилар.
Мана шундай хизматлари эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 1 январдаги Фармонига асосан исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни асраб-авайлаш, ёш авлодни умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, муборак Ислом динининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиб келаётганлари учун муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотландилар.
2021 йил 19 апрелда муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, таъсис этилган биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлдилар.
Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш ишлар учун Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали, Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Ынтымоқ» медали («Иттифоқ») билан ҳам тақдирланганлар.
Сўнгги йилларда муфтий ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан 12 йилдан буён муносиб ўрин эгаллаб келмоқдалар.
Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг толмас тарғиботчиси ҳамдир. У киши юртимиз масжид ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилмоқдалар. Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан мунтазам иштирок этмоқдалар.
Муфтий ҳазратлари юртимизда чоп этиладиган диний мавзудаги газета-журналлар таҳрир ҳайъатларининг аъзоси, нашр этилаётган диний китобларнинг масъул муҳаррири сифатида ҳам ислом маърифати тарғиботига катта ҳисса қўшмоқдалар. Ўттизга яқин асар ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи ҳисобланадилар.
Қуръони карим оятлари маъноларини таржима ва тафсир қилиш иши жуда ҳам машаққатли, масъулиятли ва айни вақтда шарафли вазифадир. Шу маънода, халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш йўлида муфтий ҳазратлари томонидан Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китоби таълиф этилган “Тафсири Ирфон” китобида Қуръони карим оятлари бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилган.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини барчага гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ تَنْصُرُوا اللَّهَ يَنْصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ
“Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Ислом дини йўлида соч-соқоли оқарган мўйсафид одамлар ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ شَابَ شَيْبَةً فِي الْإِسْلَامِ كَانَتْ لَهُ نُورًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ
“Ислом йўлида кимнинг сочига оқ тушган бўлса, Қиёмат куни унга нур бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Ислом дини равнақига салмоқли ҳисса қўшаёган, довруғи нафақат Ўзбекистон балки қўшни ва хориж мамлакатларида ҳам маълум бўлган Муфтий ҳазратларининг серқирра фаолиятлари барчамизнинг фахру ифтихоримиздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари номидан муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларини Халқаро Ислом академияси “Фахрий доктори” илмий даражаси берилгани муносабати билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таборака ва таолодан у кишига дин, миллат ва Ватан йўлидаги хизматлари ва илмий ижодларида муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ