Инсон табиатан унутишга ва ғафлатда қолишга мойилдир. Дунё эса ёлғон ва бекорчи ҳис-туйғулардан иборат. Aгар инсонда ғафлат, унутиш ва дунё матоҳларига бўлган муҳаббат жамланса, ўша қалб қотиб боради, нафс эса осийлик қила бошлайди. Шу сабабдан Aллоҳ таолога бўлган иймони заифлашиб, охират диёрига бўлган рағбати камайиб боради. Бутун ўй-хаёли дунё бўлиб қолади. Дунё учун елиб югуради, унга эришиш учунгина яшай бошлайди.
Энди шу ҳолат бутун инсоният орасида тарқалсачи?! Унда, буюк бир офатга йўлиққан бўлади. Чунки улар бир-бирини ейдиган, заифларига раҳм-шафқат қилмайдиган, узоқ-яқинларининг ҳақларига риоя қилмайдиган ваҳший ҳайвонга айланиб бораётган бўлади.
Шу сабабли Aллоҳ таоло бандаларига пайғамбарлар юборади, уларга Ўзининг тавҳидини билдириш, тўғри йўлга йўллаш учун шариатлар жорий қилади. Aллоҳ таолонинг раҳмати сабабли инсонлар бир-бирларига меҳр кўрсатади, ўзаро силайи раҳм қиладилар. Кучлилари заифларига шафқатли бўлади. Катталари кичикларини иззат қилади. Мана шу гўзал сифатлар билан иймон ва ислом аҳллари зийнатланиб борадилар. Қачонки мана шу мақталган сифатлар мусулмон кишида йўқола бошласа, улар ўрнини дунё зийнатларига бўлган муҳаббат эгаллайди.
Ҳар йили рамазон ойи кириши билан мусулмонлар қалбида унга бўлган соғинч ва иштиёқ кучаяди. Дангасаликлар кетиб, ибодатга бўлган ҳарислик ортади. Қаерга қараманг мусулмонларни инфоқ-эҳсон қилаётган, ифторликлар улашаётган ҳолда топасиз. Рамазон ойида дунё ҳаваслари билан эмас, охират захираси ила яшай бошлайдилар. Зеро, Aллоҳ таоло рамазон ойининг рўзасини ҳам айнан шунинг учун фарз қилган.
Салафи солиҳларимиздан бирларидан сўрашди: "Рамазон рўзаси нима учун жорий қилинган?". У киши жавоб берди: "Тўқлар очлик таъмини тотиб кўриб, қорни оч кишиларни унутуб қўймасликлари учун".
Рўза саховатга ва эҳсонга элтувчи йўлдир. Aллоҳ таоло буюрганидек рўза тутган киши рамазон ойи давомида фаҳш сўзлар-у ишлардан узоқ бўлади. Ҳаромга боқмайди. Ён-атрофидагиларнинг ҳолидан хабар олади. Aмалларини бажаришда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доим гўзал намуна бўлганлар. Aллоҳ таоло буюрган амалларни ўзлари амалда кўрсатиб берганлар. Саҳобалар ва улардан кейин яшаб ўтган тобеинлар ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечиришган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу дастурхонида мискин бўлмаса таомланмас эдилар. Aҳллари билан овқатланиб ўтирсалар, бирор мискин овқат сўраб келса, идишдаги бор таомни унга бериб юборар, оилалари эса идишда қолиб кетган таом қолдиқлари билан кифояланишар эди.
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтардилар: "Рамазон ойида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидоан кўпроқ оч юрган кишини, фақат ўзини тутиб оладиган даражада таомга эҳтиёжи бўлишини, бу ойда кўпроқ рўза ва намозлар билан машғул бўлишини яхши кўраман".
Рамазонни саховат ойи дедик, чунки тўқ киши бу ойда рўза тутаркан, очликни ҳис қилади. Шу сабабли оч қолганларга таом улашади. Aгар рўза тутмаса, очларнинг аҳволини қаердан ҳам биларди?!
Бой одам ҳам шундай, у ҳам рўза тутаркан, фақирларнинг ҳолатларини кўз олдидан ўтказади ва молидан закот беради, сақада қилади.
Мўмин банда учун рамазон айни фурсатдир. Бундай кунларда ғофил қолган банда, рамазондан кейин хайр-баракага эриша олмайди.
Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган ҳақиқий мўмин эмас", деб айтганлар.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк магистрантларига диплом топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирликлар, идоралар вакиллари, таниқли уламо ва имом-хатиблар, ўқитувчи ва талабалар, соҳа фахрийлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар кейинги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида диний таълим ва илмий-тадқиқот йўналишида мисли кўрилмаган тарихий натижаларга эришилгани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, битирувчи магистрантлар юртимиз ва хорижий нашрларда 52 та илмий мақола нашр эттиргани, “Саҳиҳи Бухорий”, “Сунани Термизий”, "Тафсири Насафий", "Ҳидоя", "Ақоиди Насафий" каби мўътабар манбалар бўйича 53 та илмий ижозат шаҳодатномаси олгани, барчасининг умумий ўзлаштириш кўрсаткичи 90% дан юқори бўлгани, тил бўйича маҳаллий ва халқаро сертификатлар билан бирга рақамли технологиялар, 3D моделлаштириш ва халқаро Ислом молияси ҳужжати (CPSS) соҳиби эканлари юқори баҳоланди.
Мана шундай юксак натижаларни қўлга киритган битирувчи магистрларга Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов Давлатимиз Раҳбарининг 20 миллион сўмдан пул мукофоти сертификатларини тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати