— Эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза тутсам бўладими?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффорат лозим бўлмайди. Зеро, “Хулоса” китобида шундай дейилгандир” (“Фатавои ҳиндия”).
Бошқа бир манбада бундай дейилади: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган”, деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган).
Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган кучли гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. “Фатавои Зоҳирия” китобида шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди” (“Баҳрур-роиқ”).
Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар фарзанди ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим.
Хушхулқлик – бандаликнинг энг улуғ даражаси бўлиб, унда мардликнинг чин сурати намоён бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб фазилатлар ато этганига қарамасдан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқи хушлари билан мадҳ этди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Олимлар қайд этадилар: “Улуғ хулқ дегани шундай хулқ ҳисобланадики, бундай хулқ соҳиби ҳеч кимга нисбатан адоватда бўлмайди ва унда одамларнинг нафратига сабаб бўладиган заррача бўлса ҳам ёмон иллатнинг ўзи бўлмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳни танишнинг юксак даражалари туфайлидир”.
Бошқа олимлар дейдилар: “Улуғ хулқ – бу одамларнинг унга нисбатан қилган жабру жафоларини Аллоҳдан деб билганлиги сабаб улардан ранжимаслигидир”.
Олимларнинг қуйидагича фикрлари ҳам бор: “Улуғ хулқ – бу кишининг бутун борлиғию эътиборини фақат Аллоҳга қаратмоғидир!”.
Шунингдек, илоҳиёт олимлари юқоридаги оятни батафсил мана бу тарзда изоҳлаган эканлар:
“Эй Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиз улуғ хулқ соҳибисиз! Бу даража фақат сизгагина насиб этган. Бошқа ҳеч бир яралмиш хулқнинг бу даражасига кўтарила олмайди. Шунинг учун ҳам Сиз бошқаларнинг қўлидан келиши маҳол бўлган даражада матонатли, сабр соҳибисиз”.
Олимлардан яна бири бу оятни қуйдагича изоҳлаган экан: "Аллоҳнинг хулқи билан хулқланганингиз учун одамларнинг туҳмати, таънаю маломати Сизга салбий таъсир этолмайди ва Сиз уларнинг ёмонликларидан етажак уқубатдан фориғсиз. Зероки, ўз кучингиз билан эмас, Аллоҳ айтганидек, Аллоҳнинг ёрдами билан тоқат қиласиз".
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.