Маълумки, 2020 йил 12 ноябрда давлатимиз раҳбарининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш тўғрисида фармони, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш бўйича қарори қабул қилинган эди. Уларга мувофиқ, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш услубларини ўзгартириб, бу борада янгича тизим ташкил этила бошланганди.
Йиғилишда ушбу вазифалар ижроси ҳақида сўз борар экан, Президент учта саволни ўртага қўйди:
биринчи – жорий этилган янги тизим бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатди?
иккинчи – маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлай бошлаганидан қанча одам рози бўлди?
учинчи – тиббиёт муассасаларида қайси хизматлар бепул бўлди?
Ҳозирги аҳвол талабга жавоб бермаётгани, соҳадаги ўзгаришларни аҳоли тезроқ сезиши кераклиги таъкидланди. Ислоҳотларни жадаллаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга Бош вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарларидан масъуллар бириктирилди.



Президентнинг 12 ноябрдаги яна бир қарорига кўра, Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказилди. Йиғилишда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи мазкур янги тизим натижалари ҳақида ҳисобот берди.
Айтиб ўтилганидек, Сирдарё вилоятининг 236 та маҳалласини тўлиқ қамраб олиш учун 421 та тиббиёт бригадаси ташкил этилган. Аҳолининг саломатлик ҳолати хатловдан ўтказилиб, улар 4 та хавф гуруҳига ажратилган ва вилоятнинг “электрон тиббий харитаси” яратилган.
Мисол учун, Боёвут туманида 31 минг аҳоли ўзини соғлом деб билса-да, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар туфайли уларда юрак-қон томир, диабет, ўпка касалликларига чалиниш эҳтимоли юқори экани аниқланган. Шунингдек, илгари шифокорга мурожаат қилмаган 257 нафар фуқарода касалликлар оғир босқичда экани маълум бўлган.
Давлатимиз раҳбари бу тажрибани тизимли давом эттириб, барча ҳудудларда жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бунинг учун қишлоқ ва маҳаллаларда тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, аҳолини манзилли кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишлари олиб борилади, ҳудудларнинг “тиббий хариталари” шакллантирилади.
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Яъни, беморларни овора қилиб пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиш керак.
Ўтган йили ихтисослаштирилган марказларда даволанишга муҳтож 84 минг нафар бемордан атиги 51 минг нафари бепул ордер билан таъминланган.
Президент ордерлар учун маблағни деярли 1,5 бараварга кўпайтириб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиш бўйича Молия вазирлигига кўрсатма берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга, йил якунига қадар ҳар бир беморни соғломлаштириш манзили ва муддатларини белгилаб, даволашни ташкил этиш бўйича вазифа қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўз йўналиши бўйича ҳудудлардаги 3 мингдан зиёд оилавий шифокорни қисқа муддатли курсларда ўқитадиган бўлди.
Яна бир масала – бугунги кунда донор беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантацияга рухсат берилмаган. Оқибатда, кўпчилик фуқароларимиз бундай амалиётни чет элда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Шу боис инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда хусусий тиббиёт ташкилотлари учун барча ҳуқуқий асослар, имкониятлар яратилган. Лекин ҳудудларда касалликларнинг турига қараб, хусусий шифо масканларини ташкил этиш ишлари етарли даражада эмаслиги қайд этилди.



Мисол учун, аҳоли орасида эҳтиёж юқори бўлган гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича хусусий клиникалар етишмайди.
Мутасаддиларга давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Соҳадаги коррупция иллатига ҳам тўхталиб ўтилди. Ўтган йили тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани айтилди. Шунинг учун, таъсирчан назорат тизимини ўрнатиб, ажратилаётган маблағлар жойига етиб бориши, дори-дармон ва тиббиёт ускуналарининг очиқ-ошкора сотиб олиниши, пуллик хизматлардан тушумлар мақсадли ишлатилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, бу борада чекка ҳудудларда эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинган эди. Бундай жойларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Лекин, орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бирорта талабгор билан шартнома имзоланмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 нафар шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар тор мутахассис етишмайди.
Шу боис келгуси ўқув йилидан клиник ординатуранинг қабул квотаси икки бараварга оширилиши белгиланди. Ушбу янги тизимда ординаторлар ўқув жараёнининг ярмини олийгоҳ ва ихтисослашган марказларда, қолган ярмини эса иш жойида давом эттиради. Вилоят ҳокимлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан грант ажратади.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди.
– Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби – кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, туну кун ишлайдиган “колл-марказ”лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан узлуксиз таъминлаш вазифаси қўйилди.
– Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак, – деди Президент.
Апрель-июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ҳозирда 660 минг доза вакцина олиб келинган. Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича кўрсатма берилди.
Фуқароларни яшаш манзили бўйича эмлаш куни ва жойи ҳақида хабардор қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича вазирлар, ҳокимлар ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари ахборот берди.



ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди”.
Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.
Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: “Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида “яхши” деган маънони англатади)” дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.
Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади.
Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни тинч қўй!” дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: “Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин”, деб дуо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар.
Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар
Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшли Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: “Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?” деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз.
Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди”.
Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари
Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.
Рофиъ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ва бир дўстим ансорларнинг хурмоларига тош отардик”. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилишди.
Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб боришди. У зот алайҳиссалом менга: “Эй йигит, нега хурмоларга тош отяпсиз?” дедилар.
“Ейиш учун”, деб жавоб бердим.
“Тош отманг, ерга тушганини олиб еяверинг”, дедилар ва бошимни силаб: “Аллоҳим, унинг қорнини тўйдиргин” деб дуо қилдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло сизни яхши кўради
Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади”» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД