Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг жорий йилнинг 31 март кунида берган расмий маълумот ва хабарларида қайд этилганидай, Ўзбекистон ташаббуси билан «Ёшларнинг ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи» ташкил этилди.
БМТ Бош котибининг ёшлар билан ишлаш бўйича вакили Джаятма Викраманаяке Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган «Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи»нинг тақдимотида иштирок этди. Ушбу халқаро лойиҳа доирасида сайёрамиздаги ёшларнинг ҳуқуқларини илгари суриш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.
Бугунги кунда дунёда деярли 2 миллиард ёшлар яшамоқда – бу инсоният тарихидаги энг катта авлод. Дунёнинг айрим мамлакатларида ёшлар аҳолининг 70 фоизини ташкил қилади.
Шу билан бирга ҳозирги инқироздан олдин нашр этилган БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар бешта ёшлардан бири ўқимайди, касбий тайёргарликдан ўтмайди ва ишсиз. Тўрт кишидан бири тўқнашувда яшайди.
Пандемия вазиятни янада оғирлаштирди: мактаб ўқувчиларининг камида учдан бир қисми таълим олиш имкониятидан маҳрум қилинди, ярим миллиардга яқин ўқувчи мактабга бормади. “Бир қатлам авлод офатга дуч келмоқда”, – дея огоҳлантирди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда қилган чиқишида. Шу билан бирга экстремистик гуруҳлар ижтимоий тармоқларда фаоллашиб, нафратни ёйиб, ёшларни ўз сафларига қўшилишга ундашмоқда.
«Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи»нинг асосий мақсади – ёшлар сиёсати ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришдир.
Хабаримиз бор, БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни қабул қилишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди. Бугунги кунга қадар ўнлаб мамлакатлар гуруҳга қўшилишди, жумладан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатлари.
«Ёш авлоднинг жамоат ҳаётидаги роли ўсиб бораётганига қарамай, уларнинг иштироки кўпинча ўзларининг келажаги учун муҳим бўлган қарорлар ва жараёнларга бевосита таъсир ўтказиш билан эмас, балки фақат маслаҳатлашувлар билан чекланади», – дея таъкидлади Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов.
Элчи жаноблари «Дўстлар гуруҳи» ёшлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришда, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти тўғрисида мунозараларни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнашлигини таъкидлаб, бошқа мамлакатларни ҳам гуруҳга қўшилишга даъват этди.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бу йилги ҳаж сафари юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳожиларимиз учун барча ташкилий масалалар пухта йўлга қўйилган. Сафардан тортиб жойлашиш, овқатланиш, транспорт ва тиббий хизматгача бўлган барча жараёнлар тизимли ташкил этилгани сабабли зиёратчиларимиз хотиржам ҳолда ибодатларини адо этишяпти.
Айниқса, кексалар ва эҳтиёжманд ҳожиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик алоҳида таҳсинга лойиқ. Ҳар бир ҳожининг кайфияти кўтаринки, руҳияти тетик. Уларнинг чеҳраларида мамнуният ва шукроналикни кўриш мумкин.
Шу билан бирга, сафар давомида ҳожиларимиз учун мунтазам маърифий суҳбатлар, диний-маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу суҳбатларда ҳаж ибодатининг мазмун-моҳияти, одоб-ахлоқ масалалари, юрт тинчлиги ва қадриятларимиз ҳақида фикр алмашилмоқда. Бу эса зиёратчиларимизнинг маънавий оламини янада бойитишга хизмат қилмоқда.
Ҳожиларимиз юртимизда яратилаётган имкониятлар ва муқаддас сафар учун кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнун ҳолда, халқимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва юртбошимиз ҳақларига самимий дуолар қилишмоқда.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби