Қадимда Помпей деган шаҳар бўлган. Бу ҳозирги Италиянинг Неапол шаҳри яқинида жойлашган. Бу шаҳар аҳолиси фаҳшга, ҳатто ҳайвонлар қилмайдиган иш: лўттибозликка ўта берилган, ҳатто уларнинг фаҳш билан шуғулланиши ҳозирги бузуқчилик авж олган давлатларда бўладиган фаҳшлардан-да ўтиб кетган эди. Бу шаҳарда зино, жирканчликлар одамлар кўз ўнгида, кўчаларда, дўконларда, уйларда, майдонларда, омманинг кўз ўнгида, фарзандлар олдида содир этиларди. Энг ачинарлиси, улар қилаётган ифлосликларидан фаҳрланишарди.
Келинг, Аллоҳ таоло Помпей аҳолисини қандай ҳалок қилгани ва Қуръони Каримда ўн тўрт аср олдин бунга қандай ишора этилгани борасида сўз юритсак.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таоло ушбу шаҳар аҳолисини милодий 79 йил 24 августда ҳалок қилган. Ўшанда шаҳар яқинидаги Везувий вулқони отилиб, ундан чиққан лава (ўта юқори даражадаги суюқ олов) шаҳар аҳолиси устига ёғилган. Вулқон лаваси ва куллари шаҳар устига шу қадар тезлик билан катта миқдорда ёғилганки, бунинг оқибатида аҳолининг ҳаммаси турган жойида тош бўлиб қотиб қолган. Эътиборлиси Аллоҳ таоло уларни кул қилиб юбордмади тошга айлантирди. Қотиб қолган жасадлар устида лава тошлари излари, уларнинг юзида эса азоб, оғриқ аломатлари яққол сезилиб турганини кўриш мумкин.
Ўша воқеанинг гувоҳи бўлган сиёсатчи ва ёзувчи кичик Плиний ўз эсдаликларида шундай ёзиб қолдирган: “Улкан қора булут тезлик билан яқинлашиб кела бошлади. Ичида эса жуда катта ҳажмда чақмоқ чақишига ўхшаган олов кўриниб турарди”.
Ҳа, мазкур ҳодисадан анча йиллар ўтгач, ўлик шаҳарларни қазиш жараёнида ўша ҳудуддаги ҳамма нарса асл ҳолатида сақланиб қолганлиги маълум бўлди. Қалин кул остидан кўчалар, тўлиқ жиҳозланган уйлар, одамлар ва ҳайвонлар қолдиқлари топилди. Помпей аҳолисининг аксарияти ҳодисада ҳалок бўлган.
Помпейшунос тарихчи олим Пиер Паоло шундай дейди: “Аввалига ер силкинишлари бўлган, кейин қаттиқ портлаш юз берган. Ундан кейин Везувий устида улкан қора тутун пайдо бўлиб, кратердан катта босимдаги қайноқ газ ажралиб чиқа бошлаган. Вулқондан чиқаётган иссиқлик энергиясининг миқдори Хиросимага ташланган атом бомбаси чиқарган иссиқлик энергиясидан бир неча баробар кўп бўлган. Вулқон отилиши натижасида шаҳар тарафга майда қаттиқ жинслар, вулқон куллари ва ғовакли тошлардан иборат тутун жуда катта тезлик, чамамда – соатига 500-700 км тезликда кела бошлаган. Тутуннинг баландлиги 30-50 метрдан юқори бўлган. Осмонни қоплаб олган улкан массали тутун шаҳар устига тушиб, қисқа муддат ичида Помпейни қоплаб олган”.
Помпей аҳолиси кўчаларни тарк этиб, уйларига яширинишади. Улар уйнинг томи ишончли, бизни сақлаб қолади деб ўйлашади. Шаҳар эса тутун сабабли зулмат ичида қолган эди. Оғир массали кул ва қайноқ тошлар уйларнинг томларини ҳам бузиб, ичкарига кира бошлаган. Камига заҳарли газ одамларни карахт қилган ва натижада ҳеч ким қочишга улгурмаган.
Газнинг ўзи заҳарли бўлиши билан бирга ҳарорати 500-700 даражада иссиқ эди. Бундай кулли ва иссиқ ҳароратли газ йўлида учраган барча нарсани ёндириб юборарди. Кўчада, йўлларда, уйларида бўлган барча кимсалар иссиқдан, заҳарли газ ва тошларнинг баландликдан тушишидан ҳалок бўлдилар. Археологлар кўп миқдорда отлар ва бошқа ҳайвонларнинг қотиб қолган жасадларини ҳам топдилар.
Шу ўринда бир савол туғилади? Ўта юқори ҳароратдаги тутун ва кул инсонни эритиб юбориши керак эди. Аммо Помпей аҳолиси мазкур ҳалокатдан пайтида эриб кетмай, қотиб қолган. Нима учун? Бунинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло фаҳш ва зинога берилган кимсаларни қандай аҳволга солганини, қандай ҳалокатга дучор қилганини кейинги инсониятга билдириш, ибрат қилиш учун уларни қотириб қўйди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَلَوْ نَشَاء لَمَسَخْنَاهُمْ عَلَى مَكَانَتِهِمْ فَمَا اسْتَطَاعُوا مُضِيّاً وَلَا يَرْجِعُونَ
“Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар” (Ёсин сураси, 67-оят).
Ушбу оят муфассирларни лол қолдирган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу оят маъносининг таржимаси “Агар хоҳласак, уларни уйларида турганларида ҳалок қилурмиз” бўлади” деганлар.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида бундай деганлар:
“Оятдаги “масх” сўзининг маъноси ташқи кўринишни ўзгартириб, уни тош ё жонсиз нарса ёки ҳайвонга айлантириб қўйишдир”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва Қатода раҳимаҳуллоҳ “Бу оят уларни оёқлари турган жойда қотириб қўямиз” деган маънодадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар” деган. Ҳа, улар бир ҳолда қотиб қоладилар. Олдинга ҳам, орқага ҳам силжий олмайдилар” дея тафсир қилишган.
Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида бу оятни “Агар хоҳласак, уларни ўз уйларида ўтирганларида тошларга айлантириб қўямиз. Уларнинг руҳлари бўлмайди” дея тафсир қилганлар.
Эътибор берсак, ушбу тафсирда Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ оятда зикр қилинаётган кимсаларнинг руҳлари бўлмаслигини, фақатгина шакллари бўлишини, ўзлари эса уйларида тошга айлантирилган ҳолда ўтиришларини айтяптилар.
Бу эса биз сўз юритаётган Помпей аҳолисининг ҳалок этилиши ва ундан кейинги қотиб қолган қолдиқларига айнан мос келади.
Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин мазкур ҳодиса ҳақида айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳақ каломи эканлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг ҳақ Пайғамбари эканликларига яққол далилдир!
Азизлар, барчамиз зино, фаҳш ва лўттибозлик каби ифлосликларнинг барча кўринишларидан узоқ бўлиб, иффатли, ҳаёли бўлайлик! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.) (Исро сураси, 32-оят).
Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло пайғамбари Лут алайҳиссаломнинг қавми билан мунозара қилгани ҳақида хабар бериб, шундай дейди: “Сизлар бутун оламлардан (ажраб – ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисизлар?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошгувчи қавмдирсизлар” (Шуаро сураси, 165–166).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан ва унга олиб борувчи барча фаҳш ишлардан йироқ қилиб, иффатли, ҳаёли бандалардан бўлишимизни насиб этсин!
Манбалар асосида Саййид Аброр Умар тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
2. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
3. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
4. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
5. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
6. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
7. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
8. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
9. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
10. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
11. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
12. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
13. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (“Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
16. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
17. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
18. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
19. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зурриййаатинаа қуррота аъюн”, (Роббимиз, бизга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувончлари бер).
20. Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
21. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
22. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
23. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
24. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
25. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
26. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
27. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.
Муҳаммад Яҳё Низомиддин