Савол: Жаноза намози ўқиб бўлингандан кейин тобут билан бирга қирқ қадам юриш ҳақида ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, бор, лекин у тобут билан бирга қирқ қадам юриш ҳақида эмас, балки тобутни кўтариб қирқ қадам юриш ҳақида келган.
Фуқаҳоларимиз таъкидлашларича, тобутни кўтаришда дастлаб унинг бош томонидаги тутқичини ўнг елкасига олади, сўнгра оёқ томонидаги ўнг тутқичидан кўтаради. Кейин чап томонига ўтиб, аввал бош, сўнгра оёқ томонидан чап елкада кўтарилади. Ҳар томондан ўн қадамдан, жами қирқ қадам кўтариб юриш мустаҳабдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким тобутни қирқ қадам кўтарса, қирқта катта гуноҳлари ўчирилади”, деганлар.
Айтиб ўтилганидек, бу йўсинда кўтариш мустаҳаб саналади. Қилса, савоб, қилмаса, гуноҳ бўлмайди. Одатда жанозада ва тобут кўтаришда кўпинча, тиқилинч рўй беради. Шу боис инсон тобут кўтаришда ўзига қулай ва бошқаларга озор бермайдиган тарзда кўтариши мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази