Ҳозирги кунда инсонларни туғилиб-ўсган Ватанига хиёнат қилишга чақираётган, мусулмонлар ўртасида их-
тилоф ва бўлиниш келтириб чиқараётган бузғунчи оқимлар жуда кўп. Ана шундай оқимлардан бири сохта салафийлардир.
Сохта салафийлар Ислом дини аҳком ва фатволарини ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилади. Бу оқим аъзолари ўн тўрт асрдан буён Исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга кўр-кўрона қарши чиқади.
Аслида, “салафи солиҳ” деганда, Пайғамбаримиз замонларида ҳамда кейинги икки асрда яшаган улуғ диндошларимиз тушунилади. Шунга кўра, Ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табаа тобеин, яъни илк мусулмонларни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафийлар” тушунчаларини ишлатиш тўғри эмас.
Сохта салафийлик шаклланишининг тарихий илдизлари илк Ислом давридаги ижтимоий-маънавий муҳит билан боғлиқ. Хусусан, милодий VIII аср охири ва IX аср бошларида “Қуръоннинг яратилгани” ҳақидаги ғояни байроқ қилиб олган мўътазила оқими вужудга келган эди. Бундай адашганларга қарши кескин кураш, ўз навбатида, сала-
фи солиҳлар анъанасига қайтиш ҳақидаги ғояларнинг кун тартибига қўйилишига олиб келди.
Сохта салафийликнинг кучайиб, кенг ёйилиши суриялик Ибн Таймия (1263–1328) фаолияти билан боғлиқ. У умри давомида ўзининг агрессив қарашлари сабабли тўрт марта (1307, 1309, 1322 ва 1326-йилларда) озодликдан маҳрум қилинган ва 1328 йили қамоқхонада
вафот этган. Мазкур шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этади.
Ибн Таймия гўёки, асрлар давомида Исломга турли бидъатлар кириб қолганини иддао қилиб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи унинг талқинидаги Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди.
Сохта салафийларнинг динимиз асосларини бузишда изчил ҳаракатларини алоҳида қайд этиш лозим. Ибн Таймия томонидан ўйлаб топилган тавҳиднинг иккига бўлиниши ҳақидаги қарашлар Ислом асосларини бузиш йўлида илк қадам бўлган эди.
Сохта салафийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобалар ҳамда азиз-авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш каби Ислом шариати жоиз деб билган амалларни бажарадиган мусулмонларни куфр ва ширкда айблашади.
Ўзларини асл Ислом тарафдорлари деб биладиган сохта салафийлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини бузиш билан кифояланмай, ҳатто Пайғамбаримизнинг муборак зиёратгоҳларини вайрон қилишга ҳам уриниб кўришган. Сохта салафийлар кейинчалик ушбу масалада янада чуқурлашиб, “Қабистонга бориш куфр. Бу куфр эса бутпарастларнинг куфридан ҳам хатарлироқ”, деган асоссиз қарашларни илгари суришди.
Сохта салафийларнинг Пайғамбаримизга ҳурматсизлик қилиши у зотнинг ота-оналари мусулмон ҳолда вафот этмаган дейишларида ҳам яққол кўрина-
ди. Уларнинг бундай ғайриисломий ёндашуви гўёки “нубувват”, яъни пайғамбарлик Набий алайҳиссаломнинг фақат сўзи ва амалида намоён бўлган, деган хулосага олиб келади. У зотнинг таналари, яъни жисмларидан фойда йўқ. Чунки бу тана у зотнинг мушрик ота-онасининг бир бўлагидир. Пайғамбар ўлди, унинг жасадидан фойда йўқ. Шу боис сохта
салафийлар у зотнинг қабрлари зиёратидан маъни йўқ, деган сохта, асоссиз, бемаъни, мантиқсиз, тутуруқсиз гапларни тарқатишади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериш ва у зотнинг қабрларини зиёрат қилиш бахт ва саодатдир. Шу боис бу муборак равзадан йил бўйи Ер юзининг турли бурчакларидан келган мўмин-мусулмонларнинг қадами узилмайди. Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин қабрларини зиёрат қилувчи умматларга бундай дея марҳамат қилганлар: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан” (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривояти). Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошқа ҳадисда: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, дедилар (Қози Иёз ривояти).
Ваҳоланки, барча диний манбаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аждодлари ҳурматга сазовор ва юксак фазилатларга эга инсонлар бўлгани қайд этилган. Ҳадисларда ҳам у зотнинг насл-насаби Исмоил алайҳиссаломга боғланиши хусусида маълумотлар бор.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида таъкидланганидек, Расулуллоҳнинг отаоналари Ислом фитрати, яъни исломий табиатда вафот этганлар.
Сохта салафийлар милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, костюм, пальто, шим ва кўйлаклар кийишни, галстук тақишни ҳам имонсизлик деб ҳисоблашади.
Секуляризм (дунёвийлик) ва давлатнинг демократик тамойилларини қоралаш, инкор қилиш ҳамда давлат тўнтаришини амалга ошириш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш
сохта салафийларнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Ҳозирги кунда ҳам сохта салафийларнинг эътироф этилган фиқҳий мазҳабларни тан олмаётгани уларнинг асл қора ниятини яққол намоён этади. Зеро, бундай иддаолари билан улар диний бирлик ва ақидавий якдилликка ҳам рахна солмоқда.
Бугунги кунда ушбу бузғунчи оқим-лар халқаро террорчи ташкилотлар билан узвий алоқада экани ва уларнинг фаолияти томонидан молиялаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, сўнгги йилларда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бир қатор террорчиликларнинг амалга оширилгани ҳар бир фуқарода ҳушёрликни, огоҳликни оширишни талаб этмоқда.
“Hidoyat” журналидан олинди
Уламолар айтишича, Қуръоннинг мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар:
Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак Қуръон ўқишни. Агар ҳафтада маълум кунларни Қуръон ўқиш ва ўрганишга сарфлаганимизда, орамизда Қуръон ўқишни билмайдиган инсон қолмасди.
Аллоҳнинг Китоби Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаганини тушунар-тушунмас такрорлаш эмас. Қуръонни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда ўқилади. Буни тадаббур дейилади.
Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.
Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:
– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман!, деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:
– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:
– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.
Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.
Одамлар орасида обрўъ-эътиборга эга шахс гапираётганда унинг гапини бўлиш ёки маърузасига халақит бериш қандай одобсизлик-а. Тўғрими? Энди бутун оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Каломи ўқилаётганда гаплашиш, тиловатга бепарво бўлиш қандай ҳурматсизлик эканини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилган. Агар инсон Қуръонни яхши тушунганида, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўймасди. Демак, Қуръонга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлиши учун уни тўғри ўқиш ва ўқиганларимизни уқиш талаб этилади.
Энди ўзимизга савол берайлик: ичимизда неча фоизимиз Қуръон ўқишни билади? Қанча одам Қуръонни бошидан охиригача бехато ўқий олади? Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда? Нима учун Қуръон ўқимаймиз? Нима учун устимизга хотиржамлик, хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик тушишини истамаймиз? Ахир Қуръон касалликларимизга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилинган-ку! Мусулмонман, деган ҳар бир инсон, кунда-кунора Қуръон ўқийди, уни ўрганади, ўқиганини тушунишга ҳаракат қилади.
Одилхон қори Юнусхон ўғли