Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Май, 2026   |   30 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:26
Қуёш
05:02
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:42
Хуфтон
21:11
Bismillah
18 Май, 2026, 30 Зулқаъда, 1447

Сохта салафийлар кимлар?

02.03.2021   2655   5 min.
Сохта салафийлар кимлар?

Ҳозирги кунда инсонларни туғилиб-ўсган Ватанига хиёнат қилишга чақираётган, мусулмонлар ўртасида их-
тилоф ва бўлиниш келтириб чиқараётган бузғунчи оқимлар жуда кўп. Ана шундай оқимлардан бири сохта салафийлардир.

Сохта салафийлар Ислом дини аҳком ва фатволарини ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилади. Бу оқим аъзолари ўн тўрт асрдан буён Исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга кўр-кўрона қарши чиқади.

Аслида, “салафи солиҳ” деганда, Пайғамбаримиз замонларида ҳамда ке­йин­ги икки асрда яшаган улуғ диндошларимиз тушунилади. Шунга кўра, Ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табаа тобеин, яъни илк мусулмонларни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Ке­йинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафийлар” тушунчаларини ишла­тиш тўғри эмас.

Сохта салафийлик шаклланишининг тарихий илдизлари илк Ислом давридаги ижтимоий-маънавий муҳит билан боғлиқ. Хусусан, милодий VIII аср охири ва IX аср бошларида “Қуръоннинг яратилгани” ҳақидаги ғояни байроқ қилиб олган мўътазила оқими вужудга келган эди. Бундай адашганларга қарши кескин кураш, ўз навбатида, сала-
фи солиҳлар анъанасига қайтиш ҳа­қидаги ғояларнинг кун тартибига қў­йилишига олиб келди.

Сохта салафийликнинг кучайиб, кенг ёйилиши суриялик Ибн Таймия (1263–1328) фаолияти билан боғлиқ. У умри давомида ўзининг агрессив қарашлари сабабли тўрт марта (1307, 1309, 1322 ва 1326-йилларда) озодликдан маҳрум қилинган ва 1328 йили қамоқхонада
вафот этган. Мазкур шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этади.

Ибн Таймия гўёки, асрлар давомида Исломга турли бидъатлар кириб қол­ганини иддао қилиб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи унинг талқинидаги Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди.

Сохта салафийларнинг динимиз асос­ларини бузишда изчил ҳаракатларини алоҳида қайд этиш лозим. Ибн Таймия томонидан ўйлаб топилган тавҳиднинг иккига бўлиниши ҳақидаги қарашлар Ислом асосларини бузиш йўлида илк қадам бўлган эди.

Сохта салафийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобалар ҳамда азиз-авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш каби Ислом шариати жоиз деб билган амалларни бажарадиган мусулмонларни куфр ва ширкда айб­лашади.

Ўзларини асл Ислом тарафдорлари деб биладиган сохта салафийлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабр­­ларини бузиш билан кифояланмай, ҳат­то Пайғамбаримизнинг муборак зиёрат­гоҳларини вайрон қилишга ҳам уриниб кўришган. Сохта салафийлар ке­йинчалик ушбу масалада янада чуқурлашиб, “Қаб­истонга бориш куфр. Бу куфр эса бутпарастларнинг куфридан ҳам хатарлироқ”, деган асоссиз қарашларни илгари суришди.

Сохта салафийларнинг Пайғамбаримизга ҳурматсизлик қилиши у зотнинг ота-оналари мусулмон ҳолда вафот этмаган дейишларида ҳам яққол кўрина-
ди. Уларнинг бундай ғайриисломий ёндашуви гўёки “нубувват”, яъни пайғамбарлик Набий алайҳиссаломнинг фақат сўзи ва амалида намоён бўлган, деган хулосага олиб келади. У зотнинг таналари, яъни жисмларидан фойда йўқ. Чунки бу тана у зотнинг мушрик ота-онасининг бир бўлагидир. Пайғамбар ўлди, унинг жасадидан фойда йўқ. Шу боис сохта
салафийлар у зотнинг қабрлари зиёратидан маъни йўқ, деган сохта, асоссиз, бемаъни, мантиқсиз, тутуруқсиз гапларни тарқатишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериш ва у зотнинг қабрларини зиёрат қилиш бахт ва саодатдир. Шу боис бу муборак равзадан йил бўйи Ер юзининг турли бурчакларидан келган мўмин-мусулмонларнинг қадами узилмайди. Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин қабрларини зиёрат қилувчи умматларга бундай дея марҳамат қилганлар: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан” (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривояти). Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошқа ҳадисда: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, дедилар (Қози Иёз ривояти).

Ваҳоланки, барча диний манбаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аждодлари ҳурматга сазовор ва юксак фазилатларга эга инсонлар бўлгани қайд этилган. Ҳадисларда ҳам у зотнинг насл-насаби Исмоил алайҳиссаломга боғланиши хусусида маълумотлар бор.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ­нинг “Фиқҳул акбар” китобида таъ­кидланганидек, Расулуллоҳнинг отаонала­ри Ислом фитрати, яъни ис­ломий табиат­да вафот этганлар.

Сохта салафийлар милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, костюм, пальто, шим ва кўйлаклар кийишни, галстук тақишни ҳам имонсизлик деб ҳи­соб­лашади.

Секуляризм (дунёвийлик) ва давлат­нинг демократик тамойилларини қора­лаш, инкор қилиш ҳамда давлат тўнтаришини амалга ошириш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш
сохта салафийларнинг асосий мақсади ҳи­собланади.

Ҳозирги кунда ҳам сохта салафийларнинг эътироф этилган фиқҳий мазҳаб­ларни тан олмаётгани уларнинг асл қора ниятини яққол намоён этади. Зеро, бундай иддаолари билан улар диний бирлик ва ақидавий якдилликка ҳам рахна солмоқда.

Бугунги кунда ушбу бузғунчи оқим-лар хал­қаро террорчи ташкилотлар билан узвий алоқада экани ва уларнинг фаолияти томонидан молиялаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, сўнгги йилларда Қозоғистон, Қирғизис­тон ва Тожикистонда бир қатор террорчиликларнинг амалга оширилгани ҳар бир фуқарода ҳушёрликни, огоҳликни оширишни талаб этмоқда.

“Hidoyat” журналидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳаж – нафақат сафар, балки инсонни ўзгартирувчи мактаб

15.05.2026   17599   5 min.
Ҳаж – нафақат сафар, балки инсонни ўзгартирувчи мактаб

Инсоният тарихида айрим маконлар борки, улар фақат географик нуқта эмас, балки руҳий тарбия ва маънавий уйғониш маркази ҳисобланади. Ана шундай муқаддас масканларнинг энг улуғи – Масжидул ҳаром ва увинг қалби бўлган Каъбаи муаззамадир. Миллионлаб мусулмонлар ҳар йили турли миллат, тил ва маданиятдан қатъи назар, бир мақсад – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ушбу муборак жойга йўл оладилар. Ҳаж – Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, у оддий саёҳат ёки расмий маросим эмас. Ҳаж инсоннинг қалбини поклайдиган, нафсини тарбиялайдиган, уни янада масъулиятли ва тақводор шахсга айлантирадиган буюк ибодатдир. Аслида, ҳақиқий ҳаж – инсоннинг ички дунёсини ўзгартирувчи ҳаждир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи уй Баккада (Маккада) муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу муборак оят Каъбатуллоҳнинг инсоният тарихидаги юксак ўрнини кўрсатади. У нафақат мусулмонларнинг қибласи, балки тавҳид рамзи ҳамдир. Ер юзида турли цивилизациялар пайдо бўлиб, йўқолиб кетган бўлса-да, Каъба асрлар давомида инсониятни ягона Роббга ибодат қилишга чақириб келмоқда.

Тарихий манбаларда Каъбанинг бир неча бор қайта таъмирлангани зикр қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларгача, ҳатто Қурайш қабиласи ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар давригача унинг қайта қурилгани ҳақида ривоятлар келтирилган. Бу ҳолат Каъбанинг инсоният онгида нечоғли муқаддас ўрин тутишини англатади.

Кўпчилик ҳажни фақатгина фарз амалини адо қилиб қўйиш деб тушунади. Аслида эса ҳаж – инсоннинг ахлоқий ва маънавий камолотини синовдан ўтказадиган улкан мактабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Муттафақун алайҳ). Лекин ҳар қандай ҳаж ҳам «мабрур» (қабул бўлган) бўлавермайди. Уламолар мабрур ҳажни — холис ният билан, ҳалол молдан, гуноҳ, риё ва хўжакўрсинликдан узоқ ҳолда адо этилган ибодат деб таърифлайдилар. Демак, ҳаждан мақсад фақат Каъбани кўриш ёки эл қатори «ҳожи» деган ном олиш эмас. Балки инсоннинг ички дунёси ўзгариши, гуноҳлардан чин дилдан тавба қилиши ва ҳаётини янги, пок босқичдан бошлаши муҳимдир.

Билишимиз керак бўлган энг муҳим масалалардан бири — ҳажга кетишдан аввал чин дунёдан тавба қилиш ва одамлар ҳақини адо этишдир. Зеро, зиммасида қарзи ёки ўзганинг ҳақи бўлган инсон ҳаж қилишдан аввал уларни эгаларига қайтариши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар: «Бой (қодир) кишининг қарзини бермай пайсалга солиши зулмдир» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, бугунги кунда айримлар ҳажни обрў, тижорат ёки ижтимоий мақом воситасига айлантириб юбормоқда. Ислом шариатида пора, таниш-билишчилик ёки ноҳақ йўллар билан ҳажга бориш қаттиқ қораланади. Бундай йўллар ибодатнинг руҳий моҳиятини бутунлай йўққа чиқаради. Исломда ибодатнинг қабул бўлиши учун унинг ташқи дабдабаси эмас, балки ихлос, тақво ва ҳалоллик асос қилиб олинади.

Ҳақиқий ҳожи ҳаждан қайтгач, унинг хулқида, оилавий ва ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилиши керак. Улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мабрур ҳаж — инсоннинг ҳаждан дунёга бефарқ (зоҳид), охиратга эса рағбатли ҳолда қайтишидир». Агар инсон табаррук сафардан қайтганидан кейин ҳам ғийбат, такаббурлик, манманлик, тарозидан уриш ва ноҳақликни тарк этмаса, у ҳажнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англаб етмаган бўлади. Ҳаж мусулмон кишига сабрни, тартиб-интизомни, камтарлик ва биродарликни ўргатади. Эҳромга кирган пайтда бой билан камбағал, раҳбар билан оддий ишчи бир хил кийимда, ёнма-ён туради. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча сунъий фарқларни йўқотиб, Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий тенглик ғоясини намоён этади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадни ўпаётиб, тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтган эдилар: «Сен фақат бир тошсан, на фойда ва на зарар етказа оласан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, сени асло ўпмас эдим». Бу теран фикр Исломда ибодатлар фақатгина соф ақида ва суннатга асосланишини кўрсатади. Мусулмон киши Ҳажарул асвадни қандайдир сеҳрли куч деб эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром рамзи сифатида зиёрат қилади.

Ҳаж — мусулмон умматининг энг буюк маънавий қурултойидир. У инсонни ташқи жиҳатдан эмас, балки ички оламини тубдан ўзгартириш учун фарз қилинган. Ҳақиқий ҳаж инсонни камтар, ҳалол, масъулиятли ва тақводор қилади. Бугун мусулмон жамиятимизда ҳажнинг фақат ташқи расмиятчилигига эмас, балки унинг маънавий-руҳий моҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Чунки Каъбани шунчаки кўз билан кўришдан ҳам муҳимроғи — қалб кўзини очиш ва уни поклашдир. Ҳақиқий мабрур ҳаж эса инсонни гуноҳлардан узоқлаштириб, Яратувчисига яқинлаштиради. 
 

Жамол Мавлонов,

Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар