Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июл, 2026   |   13 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:37
Қуёш
05:08
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:50
Хуфтон
21:18
Bismillah
27 Июл, 2026, 13 Сафар, 1448

Охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир...

26.02.2021   3659   1 min.
Охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир...

Энг гўзал ғазал шарҳи:

  1. Масканинг охир чу туфроғдур,

не ўткармакдурур
Мадфанинг айвониға

кўк гунбазидин иртифоъ.

“Масканинг, охир-оқибат борар манзилинг тупроқдир. Шундоқ экан, дафнгоҳинг, яъни қабринг айвонига кўк гумбаздан баланд бино кўтарганинг – юксак мақбара қурганинг нимаси? Бунинг нима нафи бор?”

Нуҳ сураси 17–18-оятларида айтилади (маъноси): “Аллоҳ, наботот каби, сизларни ердан ундириб чиқарди. Сўнгра сизларни яна унга қайтарур ва яна (маҳшар куни қабрлардан тирилтириб) чиқарур”.

 ИЗОҲ. “Аллоҳ, наботот каби, сизларни ердан ундириб чиқарди”, яъни: «Отангиз Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратди» (Жалолайн тафсири).  Оятларда келганидек, қабрдан тирилиб чиқишлар охиратдаги тирилишдир. 

         *   *   *

“Тазкиратул-авлиё” китобидан: “Нақлдирки, Ҳасан Басрий ҳазратлари бир гал бир жанозага борди. Маййитни дафн қилганларидан кейин Ҳасан мозор бошида ўтириб, шу қадар йиғладики,  тупроқ лой бўлди. Сўнгра деди: «Эй инсонлар! Ишнинг авали ҳам, охири ҳам лаҳаддир! Қарангиз, дунё манзилининг охири қабрдир, охират манзилининг боши ҳам қабрдир. Зеро (айтилгандир)ки: «Қабр – охират манзилларидан бир манзилдир». Охири шу лаҳад бўлган дунёда қандай шод бўлиб кезарсизлар?! Нечун авали шу лаҳад бўлган оламдан қўрқмассизлар?! Модомики, сизларнинг аввалу охирларингиз шу мозор экан, эй ғафлат аҳли, аввалги ва охирги манзил учун ҳозирлик кўрингиз!»

Мирзо Кенжабек,

“Навоий муҳаббати”

китобидан.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Илк магистрлар иш билан таъминланиб, илмий тадқиқотни давом эттириш имкониятига эга бўлди

27.07.2026   2633   1 min.
Илк магистрлар иш билан таъминланиб, илмий тадқиқотни давом эттириш имкониятига эга бўлди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари битирувчиларининг барчаси иш билан таъминланади ҳамда илмий тадқиқотларини давом эттиришни истаганларга ҳам муносиб имкониятлар берилади.

Шу анаънага мувофиқ, Тошкент ислом институтининг илк магистратура босқичини тамомлаган 10 нафар битирувчининг барчаси юз фоиз иш билан таъминланди ва илмий ишларини давом эттиришлари учун турли таклифлар билдирилди.

Хусусан, битирувчилар Фатво маркази, Диний идоранинг ҳудудлардаги марказий вакилликлари ва илмий-тадқиқот марказларида мутахассис, шунингдек, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида фаолият бошлайди.

Ушбу иқтидорли магистрлар келгусида илмий фаолиятларини ҳам давом эттиради. Хусусан, умумий ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган 3 нафар магистр Тошкент ислом институтида очилиши режа қилинган докторантура босқичига имтиёзли қабул қилиниши айтилди. Шунингдек, илк магистрларни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг докторантура таълим босқичига мақсадли қабул қилиш таклифи ҳам билдирилди.  

Таъкидлаш жоизки, рақамли технологиялар, хорижий тиллар ва чуқур диний-илмий билимга эга ушбу юқори малакали кадрлар соҳа ривожи ва аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшади, иншо Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари