Имом Мотуридий фиқҳда Имом Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганидек, эътиқодий қарашлари ҳам у зотнинг ақидага оид асарлари асосида шаклланган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталган. Масалан, Ҳасан ибн Абдул Муҳсин Абу Азба “Равзатул баҳия фийма байнал Ашаироти вал Мотуридия” (Ашъарийлар ва Мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор” асарида мотуридийларни ҳанафийлар деб атаган.
Шу ўринда модомики Абу Мансур Мотуридий ақидада Имом Абу Ҳанифага эргашган бўлса, нега ақидада ҳам ҳанафия мазҳабидамиз дейилмасдан, мотуридия мазҳабидамиз дейилади? деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга Доктор Али Абдулфаттоҳ Мағрибий “Имому Аҳлис сунна вал жамоа Абу Мансур Мотуридий ва арооуҳул каламия” (Аҳли сунна вал жамоа имоми Абу Мансур Мотуридий ва унинг калом илмидаги қарашлари) асарида батафсил жавоб берган бўлиб, жавобнинг хулосаси қуйидагилардир: “Абу Ҳанифадан кейин у зотнинг даврларида бўлмаган карромия ва ботиния сингари янги фирқалар пайдо бўлган. Бундан ташқари Абу Мансур Мотуридийдан илгари маърифатуллоҳ сингари айрим масалалар эҳтиёж бўлмагани сабабли ҳали таҳқиқ қилинмаган эди.
Шунингдек, Абу Ҳанифа даврида Аллоҳ таолонинг сифатлари тўғрисидаги ҳамда тавҳидни исбот қилиш ва унда ақлнинг тутган ўрни қай даражада экани ҳақидаги масалалар батафсил баён қилинмаган эди. Бир сўз билан айтганда калом илми тўлиқ шаклланиб улгурмаган эди. Қолаверса калом илми Абу Мансур Мотуридийдан илгари Аҳли сунна вал жамоа уламолари наздларида мақбул илм саналмас, балки ман қилинган илм ҳисобланар эди. Абу Мансур Мотуридийнинг таҳқиқлари туфайли бу илм мақбул илмга айланди. Демак, Абу Мансур Мотуридий ақидада Имом Абу Ҳанифанинг тутган йўлларини фақатгина шарҳлаб бериш билан кифояланган эмас, балки алоҳида ўзига хос янги йўлга асос солган олимдир. Шунга кўра ҳанафия мазҳабида фиқҳда Абу Ҳанифага, ақидада Мотуридийга мурожаат қилинади”.
Абдулқодир Абдур Раҳим
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар бўлими томонидан отинойилар иштирокида “ZООМ” платформаси орқали ўқув семинарлари ўтказиш йўлга қўйилди. Бунда ақида, фикҳ, сийрат, ҳадис, мавлид ва жаноза масалалари тўғрисида тушунчалар бериб борилади.
Бугун, 29 январ куни тизимда фаолият олиб бораётган отинойилар учун Ақида ва фикҳ фанлари доирасида ўқувлар бошланди. Икки мингдан зиёд тингловчи қатнашган, “Ислом шариатида поклик масалалари” деб номланган илк машғулотни "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси Одинахон Муҳаммад Юсуф ўтказди.
Ўқув машғулотларини Фатво маркази мутахассислари, “Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти ва "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчилари олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати