«Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана менинг китобимни ўқинглар”» (Ал-Ҳоққа сураси, 19-оят).
Ушбу ояти карима дастлаб Ҳабашистонга, сўнг Ясрибга ҳижрат қилган биринчи муҳожир Абу Салама ҳақида нозил бўлган.
Ибн Абу Осим Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай келади: “(Қиёмат куни) номаи аъмолини ўнг томонидан оладиган биринчи киши Абу Салама ибн Абдул Асад розийаллоҳу анҳудир. Номаи аъмолини чап томонидан оладиган биринчи киши унинг акаси Суфён ибн Абдул Асаддир”.
Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Абдул Асад Махзумий. Куняси: Абу Салама. Исломни илк қабул қилган ўн саҳобадан кейин, Набий алайҳиссалом Дорул Арқамга киришларидан олдин имон келтирганлардан. Отаси: Абдул Асад ибн Ҳилол. Онаси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари Барра бинти Абдулмутталиб. Турмуш ўртоғи: Умму Салама розийаллоҳу анҳо. Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳам аммаларининг ўғли, ҳам эмикдошларидир. Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба розийаллоҳу анҳо иккалаларини эмизган.
Ҳидоят қуёши порлади
Абу Салама атрофида содир бўлаётган, соғлом қалб эгаси кўтара олмайдиган жоҳилият ишларини кўриб, юраги эзилар, оғриқ чекарди. Қанийди, бир тонг отсаки, жоҳилиятнинг бу зулматлари парчаланса... Қуёш нуридан бутун олам ёришса...
Ниҳоят кутилган тонг келди. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилишлари билан ҳидоят қуёши жоҳилият зулматларини ёриб, ўз нурини ёя бошлади. Аввалида бу ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганлар камчиликни ташкил этди. Абу Салама улар орасида эди.
Жоҳилият ҳаётидан яхшигина насиба олаётган баъзи мушриклар кўп йиллик обрў-эътибор ва мартабаларидан айрилишни исташмади. Шу боис мусулмонларни Исломдан узоқлаштиришни исташди. Мўминларни бу йўлдан қайтариш учун зулмнинг турли кўринишларини ишга солишди.
Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг азобланишларини истамадилар. Мушрикларнинг жабр-зулмидан сақланиш учуш Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрдилар. Абу Салама ва унинг оиласи ҳам биринчи муҳожирга айланди...
Интилганга толе ёр
Аллоҳнинг Ҳабибидан узоқда яшаш, соғинч ҳисси бошқа муҳожирлар қатори Абу Саламанинг ҳам қалбини ўртарди. Маккадан келган ҳар бир хабарни интиқлик билан кутди. Кейин эса Маккада вазият юмшагани, мусулмонлар сони кўпаяётгани ҳақидаги гап-сўзларга ишониб, Ҳабашистонда кўп вақт қололмади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суҳбатларидан баҳра олиш учун оиласи билан яна Маккага қайтди.
Бироқ вазият у кутганидек эмас эди. Мушриклар, айниқса, ўз қабиласи Бани махзумликлар Абу Салама ва унинг оиласига тинчлик бермади. Сабаби, Абу Жаҳл ушбу қабиланинг раиси эди. Бунинг устига Абу Саламанинг ҳимоячиси – тоғаси Абу Толиб ҳам вафот этганди.
Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганларидек, Ясрибга ҳижрат бошланди. Абу Салама яна йўлга отланди. Унинг Ясрибга кўчиш ихтиёри Ҳабашистонга қайтиб кетишдан кўра кучлироқ эди. Чунки Ясриб билан Макка ораси Ҳабашистонгача бўлган масофадан кўра яқинроқ, у ернинг аҳолиси араблар бўлиб, тили бир, табиати бир-бирига мос эди. Ясриб аҳолисининг мусулмон бўлаётгани, айниқса, у ерга Мусъаб розийаллоҳу анҳунинг динни ўргатиш учун юборилгани, ибодатларини хавотирсиз бажаришига, Ислом динини янаям кўпроқ ўрганишига имкон яратарди.
Ушбу омиллар сабаб Абу Салама оиласи билан Мадина сари отланди. Бироқ ҳижрат чоғида катта қийинчиликларга дучор бўлди. Йўл-йўлакай аёлининг қариндошлари Умму Салама розийаллоҳу анҳони ҳибсга олишди. Қабиладошлари эса ўғли Саламани олиб қолишди. Абу Салама Мадинага ёлғиз ўзи сафар қилишга мажбур бўлди. Фақат бир йилдан сўнггина бутун оила Ясрибда жамланди.
Абу Салама аввалига Қубода мадиналик ансорий Мубашшир ибн Абдул Мунзир розийаллоҳу анҳунинг уйига келиб тушди. Кейинчалик Расулуллоҳ алайҳиссалом унга Бани Зуҳра қавмидан маскан ажратиб бердилар. Яна Саъд ибн Хайсама ансорий билан биродар тутинтирдилар.
Мадинада Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир ишлари, хулқларини ўрганиб, ўрнак олди, соя каби доимо эргашиб юрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббати кундан-кун зиёдалашиб борди. Натижада у зот учун жонини, мол-дунёсини фидо қиладиган ҳолга етди.
Ҳижратнинг иккинчи йили мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Жангда оз сонли мусулмонлар орасида Абу Салама ҳам иштирок этди. Мусулмонлар зафар қозонишди. Худди шу йили Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ушайра ғазотига кетаётиб, Абу Саламани Мадинада ўринбосар этиб қолдирдилар. Кейинги йили Уҳуд жангида Абу Салама қўлидан жароҳатланди...
Уҳуддан икки ой ўтар-ўтмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Хувайлиднинг Тулайҳа ва Салама исмли икки ўғли мусулмонларга қарши уруш учун қавмидан одам тўплагани хабари келди. Набий алайҳиссалом 150 кишилик жангчи гуруҳ тузиб, Абу Саламани бошлиқ этиб юбордилар. Аскарлар билан душманни енгиб ортга қайтишди. Бу юришда Абу Саламанинг қўлидаги эски жароҳати яна очилиб, қон кета бошлади. Аҳволи оғирлашди.
Ўлим тўшагида ётаркан, бир вақтлар Набий алайҳиссаломнинг: «Сизлардан қай бирингизга мусибат етса: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз. Ё Аллоҳ, ушбу мусибатимга Сендан ажр умид қилдим. Бас, менга мусибатим эвазига ажр бер. Унинг ўрнига яхшилик бер”, деб айтган таълимларини эслади ва: “Ё Раббим, мендан сўнг аҳлимга мендан кўра яхшироқ ўринбосар ато этгин», деб дуо қилди.
Оламлар сарвари зиёратга келганларида Абу Салама эндигина жон таслим қилган, кўзлари очиқ қолган эди. Набий алайҳиссалом муборак қўллари билан кўзларини юмдирдилар ва: “Руҳ қабз этилса, кўз унга эргашади”, дедилар. Шу вақт унинг оиласидаги кишилар уввос солиб фарёд қила бошлашди. Буни кўрган Набий алайҳиссалом: “Ўзингизга фақат яхшилик тиланг. Албатта, фаришталар омин деб туришади”, деб огоҳлантирдилар. Сўнг: “Ё Аллоҳ, Абу Саламани мағфират эт, Наъим жаннатларида унинг даражасини юқори қил. Бизни ҳам, уни ҳам мағфират айла, эй оламлар Рабби”, дея дуо қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Салама вафот этганда Умму Салама розийаллоҳу анҳо истиржо айтди. Ушбу дуо ижобатидан кейинчалик Набий алайҳиссаломга турмушга чиқиб, мўминлар онаси шарафига эришди.
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Ҳафиза БАХТИЁР қизи тайёрлади.
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ