Машҳур тилшунос Ибн Манзур: «“Таассуб” сўзи “асабият”дан олинган. “Асабият” бошқаларни ўзининг ота томонидан қариндошларига ёрдам беришга чақириш маъносини англатади. Бир гуруҳга нисбатан таассуб қилиш дегани ўша гуруҳ ёрдами учун жамланиш маъносини англатади», деб ёзади.
Луғат китобларида эса “мутаассиблик” қаттиққўллик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига ҳам далолат қилиши айтиб ўтилган. Истилоҳда эса, доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фикрида қаттиқ туриб олиш, бошқаларни эса ноҳақ деб қараш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг табиатига сингади.
Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, уларнинг акси бағрикенгликдир.
Мутаассибликнинг бир қанча турлари бор:
– диний мутаассиблик;
– ирқий мутаассиблик;
– қабилавий мутаассиблик;
– табақавий ёки ижтимоий мутаассиблик;
– фикрий мутаассиблик ва ҳоказо.
Яна спорт мутаассиблиги деган тушунча ҳам мавжуд. Футбол фанатизми бунга мисол бўлади.
Тарихда содир бўлган кўплаб уруш-жанжал ва хунрезликларнинг моҳияти ҳақида гап кетса, уларнинг асл сабаби мутаассибликка бориб тақалишига гувоҳ бўламиз.
Ҳозир кўплаб давлатлар бошидан кечираётган маънавий бўҳрон билан бирга мутаассиблик кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда мутаассибликнинг турли кўринишда жамият ҳаётига хавф солаётганини инкор этиб бўлмайди. Файласуфлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, жамиятшунос ва диншунос олимлар мутаассибликнинг келиб чиқиши ва унинг салбий оқибатларини ўрганишмоқда.
Бугунги кунда кўпгина минтақаларда ижтимоий-сиёсий вазиятни кескинлаштиришга уринаётган, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган мутаассибларнинг экстремистик хатти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиш бориши, кишиларнинг маданий даражаси-
ни юксалтириш, шахсга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.
Мутаассибликнинг шахс ва жамиятга етказадиган зарарлари жуда каттадир. Мутаассиб кимса бу – дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ салбий ҳис-ҳаяжонга тушувчи шахс. У бузғунчи ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради.
Мутаассиб воқеликни ўзининг асл ҳолатида кўра олмайди. Чунки у фа-
қат ўзи мойил бўлган нарсанигина кўради. Инкор этиб бўлмас даражада ошкор бўлса ҳам, ўзгалар кўраётган ҳақиқатни кўрмайди. Мутаассиб фақат ўзини ҳақ, ўзгаларни ноҳақ деб билгани учун доим сезмаган ҳолда ижтимоий ришталарни узади, ихтилоф жарлигини кенгайтиради. Унинг тор онгига кўра ҳамма фақат унинг қолипи бўйича яшаши керак. Акс ҳолда “адашган” одам ҳисобланади.
Мутаассиб учун илмий омонатдорлик тушунчаси умуман йўқ нарса. У ҳақиқатдан бўйин товлаб, воқеликни фақат ўзининг фойдасига буришга, ҳақиқатни сохталаштиришга ҳаракат қилади. Шу боис барча масалада одамларни тўғри ечимни топишдан маҳрум қилади, шахслар ва жамоаларга тўғри баҳо бериш масаласида ҳаммани адаштиради. Мутаассиб мўътадил илмий баҳс орқали ҳақиқатга эришиш йўлларини ўзининг низо қўзғайдиган, ихтилофни кучайтирадиган баҳслари билан барбод қилади. Натижада жамиятлар, халқлар ва маданиятлар ўртасида кескинлик янадакучаяди.
Мутаассиб кенг фикрлашга қодир эмас. Уни фақат ички эмоционал туйғу бошқаради. Ўзгаларнинг янглиш фикри билан ҳаракат қилади. Айнан шунинг учун муқобил томон фикрини тарозуга солиш ва ҳурмат қилиш имконидан маҳрумдир. Тоқатсизлик анча вақтлардан буён фанатизмнинг синоними сифатида тадқиқотчилар томонидан тан олинган. Бирон-бир қарашни фақат ўзининг севимли қоидаларига мос келмагани, қарши экани учунгина қатъиян рад этадиган ҳар қандай одам тоқатсиз бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мутаассиб учун бағрикенглик ҳеч қандай маъно касб этмайди. У бағрикенгликни киши руҳиятининг пастлиги, иродасининг бўшлиги деб билади. Фанатик кимса кимни ўзидан йироқ деб билса, унга рақиб деб қараса, уларга асло тоқат қила олмайди.
Пўлатхон КАТТАЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати