إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا تَتَنَزَّلُ عَلَيْهِمُ الْمَلَائِكَةُ أَلَّا تَخَافُوا
وَلَا تَحْزَنُوا وَأَبْشِرُوا بِالْجَنَّةِ الَّتِي كُنْتُمْ تُوعَدُونَ
«Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, – деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!”» (Фуссилат сураси, 30-оят).
“Тўғри бўлган зотлар” қандай кишилар экани тўғрисида турли фикрлар бор. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи билан иши бир бўлган одам” деса, Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ буюрган ишни қилиб, қайтарганидан қайтган ва Аллоҳга итоат қилишда тулкидек айёрлик (мунофиқлик) қилмаган зотлардир”, деган. Усмон розияллоҳу анҳу: “Амални ихлос билан адо этувчилар” деса, Али розияллоҳу анҳу: “Ширк келтирмасдан, фарз амалларни бажариб юрувчилар”, деган.
Ушбу оятда мўминларнинг қанчалик саодатли экани баён этилган. Мўминлар, аввало: «Раббимиз Аллоҳ», деб Аллоҳ таолонинг ўзларига Раб эканини, Холиқ, Розиқ, Мудаббир ва Тарбиячи эканини тан олган зотлардир. Аллоҳга имон келтирганларидан кейин «Раббимиз Аллоҳ» деган сўзларида мустақим турган зотлардир. Уларнинг қалблари «Раббимиз Аллоҳ»да мустақимдир.
Мўминларга кофирлар сингари инсу жиндан иборат ёмон дўстлар эмас, балки фаришталар яқин бўлади. Сўнгра уларга икки дунёда ҳам хотиржам қилувчи қуйидаги хабарлар айтилади: «Албатта, “Раббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақим (тўғри) бўлганларнинг устиларидан (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар...”»
Келажакда, охиратда ҳолимиз не кечади, деб қўрқманглар, кўнглингизга ҳеч қандай хавф келмасин. Қилиб ўтган ишларимиз натижаси қандай бўлар экан, деб ҳам маҳзун бўлманглар. Сизлар учун келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Қилган ишларингизнинг натижаси ҳам яхши. Чунки сиз: «Раббимиз Аллоҳ», дедингиз ва ўша сўз тақозосига кўра мустақим, яъни тўғри туриб умр кечирдингиз.
Имом Қуртубий: “Аллоҳга имон келтириб, сўнгра Унга итоат қилишда тўғри бўлган зотлар”, деган. Имом Калбийнинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай деган: “Аллоҳ зиммаларига фарз (бажариши зарур) қилган ишларда тўғри туриб (бажарган) зотлардир”.
Абу Олиядан қилинган ривоятда: “Улар динда туриш ва унга амал қилишда (ҳеч қандай моддий нарсани умид қилмай, балки) Аллоҳ учун холис қиладиганлардир”, дейилган. Бошқа ривоятда: “Алар шундай зотларки, Аллоҳнинг чегарасидан чиқмай, У Зотга итоат қилишда тўғри турган ва Пайғамбарининг суннатини маҳкам тутганлардир”, дейилган.
Мужоҳид ва Икрима раҳимаҳумаллоҳ бундай деган: “Улар шаҳодат калимасида то Аллоҳнинг ҳузурига боргунча тўғри турганлардир”. Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳасан Басрий ҳар гал шу оятни ўқиганида “Аллоҳим, бизни мустақимлик (тўғрилик) ила ризқлантир”, деб дуо қилар эдилар».
“..устиларидан (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар)...” Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай дедилар: «Ўлаётган (одамга) фаришталар келади. Агар у одам солиҳ (тўғри) киши бўлса, (фаришталар): “Эй покиза жасаддаги покиза жон, чиқ, мақтовга лойиқ ҳолатда чиқ ва (сенга) равҳи райҳон хушхабари ҳамда Раббинг розилиги суюнчиси бўлсин!” дерлар.
Калбий айтади: «Фаришталар мўминларнинг жонлари чиқаётган вақтда тушиб, уларга хушхабар бериб: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар...” дерлар. Яъни, олдингиздаги азобдан қўрқманг, дунёда қилган ишларингиздан маҳзун ҳам бўлманглар, дерлар».
Муқотил айтади: «Қиёмат куни осмондан ҳафаза (сақловчи) фаришта уларнинг устига тушиб, (бандага қараб): “Мени танийсанми?” дейди. Банда: “Йўқ” дегач: “Мен сенинг амалларингни ёзиб турувчи фариштаман” деб, унга жаннат хушхабарини беради».
Зайд ибн Аслам: “Хушхабар уч ўринда бўлади: ўлим пайти, қабрда ва қайта тирилганда”, деган.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сафафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Аллоҳнинг расули, менга Ислом ҳақида бир нарса айтингки, сиздан кейин у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай”, дедим. Шунда у зот: “Аллоҳга имон келтирдим де ва бунда (шу имонингда) тўғри тур” дедилар».
Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло барчамизга фаришталарнинг хушхабарини эшитишни насиб айласин!
Тафсир китоблари асосида
“Раҳимбой ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммадзариф ЭРГАШ ўғли тайёрлади.
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ