Илм ва аёл
Бир куни ҳузуримизга она ва қиз кириб келди. Она қизининг икки нафар фарзанди борлиги ва оиласи бузилганини айтиб, мендан маслаҳат сўради.
25 ёшларда бўлган бу аёл билан суҳбатлашдим. Айтишича, ота-онаси ўз пайтида мактабга юбормаган. Шу сабабли кейинчалик коллеж ёки лицейда ҳам ўқимаган. 20 ёшда эса турмушга беришган. Икки боланинг онаси бўлганда турмуш ўртоғи билан келишолмагани сабабли оиласи бузилган. Эндиликда бу аёл фарзандлари билан қизлик уйида яшамоқда. У фарзандларини боқишни, кийинтиришни, ота-онасига оғирлигини ташламасликни хоҳлайди. Лекин бирор ўқув даргоҳини тамомламагани ва ҳунари йўқлиги сабабли тушкунликка тушиб қолган. Унга илм олиш ва ҳунар ўрганиш учун ҳали кеч эмаслигини тушунтирдим.
Яна кунларнинг бирида бир аёл қўнғироқ қилиб, битта хонадонга совчиликка боргани ва у оилада ота қизларининг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши учун рухсат бермаслиги ҳақида гапирди. “Келажакда бу қизларнинг тақдири нима бўлади? Ислом динида аёл-қизларнинг илм олиши ва ҳунар ўрганиши учун рухсат берилмайдими?” деб сўради у аёл. Мен: “Аксинча, Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар”, деб тушунтирдим.
Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар. У даврларда аёллар шариатнинг баъзи ҳукмларини, хусусан, эр-хотинлик, жунублик, нифос, ҳайз ва бошқа шунга ўхшаш масалаларни тўғридан-тўғри сўрашдан уялганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу каби масалаларни очиқ-равшан сўзлашдан ҳаё қилар эдилар. Шундай ўринларда оналаримиз жавоб берар эдилар.
Ойша розийаллоҳу анҳо айтадилар: “Ансорийларнинг аёлларини Аллоҳ раҳмат қилсин, уларни шариат аҳкомларини билишдан ҳаё ман қилмади”. Бу аёллар кечалари Ойша онамиз олдиларига келиб, жунублик, ҳайзу нифос каби масалаларда шариат ҳукмини сўраб ўрганар эдилар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммо-ю юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.
Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124); “Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”(Аҳзоб, 35).
Аёлларнинг таълим олиши фарзи айнлигига қуйидаги саҳиҳ ҳадислар ҳам далил бўлади. Имом Термизий ва Абу Довуд (лафзи Абу Довудники) ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимнинг уч қизи ёки учта ё олтита ёхуд иккита опа-синглиси бўлса ва уларга одоб бериб, уларга яхшилик қилса ҳамда уларни турмушга берса, унга жаннат бордир”. Бошқа бир ривоятда: “Қайси эркакнинг чўриси бўлса, у унга таълим бериб, таълимини чиройли қилса ва унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, сўнгра уни озод қилиб, ўша аёлга уйланса, у кишига икки ажр бордир”, дейилади.
Бу ҳақда Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни битта аёл: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳузурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрганамиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уларга таълим бердилар.
Балозирийнинг “Футуҳул булдон” китобида бундай келади: мўминлар онаси Ҳафса бинти Умар розийаллоҳу анҳо жоҳилиятда Шифо исмли бир аёлдан ёзишни ўрганган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларидан кейин Шифони топиб, Ҳафса онамизга қандай ўргатган бўлса, бошқаларга ҳам худди шундай чиройли ёзишни ўргатишини талаб қиладилар.
Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳнамолигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тофжолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Саййида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.
Юқори илмий даражага эришган бу хонимлар қаторида Имом Шофеъий, Имом Бухорий, Ибн Халдун ва Ибн Ҳиббон каби машҳур муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар ҳамда адибларнинг муаллималари ҳам бўлишган.
Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.
Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик (вафоти тахминан 1186 йил). У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.
Олиманинг бир қанча асарлар муаллифи экани манбаларда қайд этилган, аммо фиқҳ ва ҳадисга тегишли “Мажмаъул фавоид ли жаммил авоид шарҳ туҳфатил мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси шарҳида расм-русумларни тўлдиришда қоидалар жамланмаси”) асаригина маълум.
Алоуддин Самарқандийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний (вафоти 1191 йил) устозининг “Туҳфатул фуқаҳо” асарига шарҳ ёзиб, унга тақдим этган. Алоуддин Самарқандий шарҳдан мамнун бўлганидан қизини шогирдига никоҳлаб берган.
Мана, азизлар, аёл-қизларимизнинг илм олишда ва ўргатишда ҳақ-ҳуқуқлари борлигини юқоридаги бир қанча далиллар орқали билиб олдик. Ўйлаймизки, ана шу илмни озгина ўрганиш билан юртдошларимиз қизларининг ҳам билимли бўлиши нақадар муҳимлигини англардилар. Шундай эмасми?!
Марямхон АБДУЛЛАЕВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда намоз арконларини ўрнига қўйиб, чиройли ўқиган қулларини озод этиш одати бор эди. Хожаларининг бундай феълини билган қуллари хўжакўрсинга чиройли намоз ўқирдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эсалар уларни озод этардилар. Бу ҳақда кимдир у зот розияллоҳу анҳуга буни эслатганида: “Модомики, кимдир Аллоҳнинг динига алоқадор нарсада мени алдамоқчи экан, марҳамат, мен алданишга тайёрман!” – деб жавоб берибдилар.
2. Ахнаф ибн Қайс[1] қуддиса сирруҳудан:
– Хушхулқликни кимдан ўргандингиз? – дея сўрашганда у зот қуддиса сирруҳу:
– Қайс ибн Осим ан-Нақрий қуддиса сирруҳудан, – деб жавоб бердилар.
Шунда ундан:
– Қайснинг қай бир хулқидан ибратландингиз, – дея сўрашганида ҳазрати Ахнаф айтдилар:
– Бир гал Қайснинг жорияси унга кабоб қовурадиган чўғли идишда кабоб келтираётиб қўлидан тушириб юборди. Иттифоқо, бу унинг чақалоғининг устига тушиб, гўдак нобуд бўлди. Бундан бояги чўри аёл даҳшатга тушиб, ақлдан озаёзди. Бу ҳолни кўрган Қайс унга шундай дедилар:
– Қўрқма, сенга ҳеч қандай зиён етмайди, мен сени Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун озод этдим!
3. Болалар Увайс Қараний қуддиса сирруҳуни кўришганида тош отишарди. Шунда у зот қуддиса сирруҳу айтардилар:
– Агар менга тош отмасдан туролмасангиз, майли, отинг, фақат майдароғидан, токи оёқларимни қаттиқ жароҳатламасин. Йўқса, туриб ибодат қилишга ярамай қоламан.
4. Бир гал қандайдир киши Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳуга дашном бергани ҳолда кетидан эргашиб келарди. У зот ўз маҳаллаларига яқин етиб келганларида тўхтаб шундай дедилар:
– Эй йигит, менга тағин айтадиган гапинг бўлса, ҳаммасини шу ерда айтақол, йўқса, бу маҳалланинг баъзи телбасифат кишилари сўкинишингни эшитиб сенга зарар етказиб қўйишлари мумкинлигидан хавотирдаман.
5. Нақл қилишадики, бир куни амирул мўминийн Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хизматкорни чақирган эдилар, жавоб бермади. Қайта-қайта чақирган эдилар, яна жавоб бермади... Ночор, ўзлари туриб бориб сўрадилар:
– Чақирганимни эшитмадингми?..
Хизматкор эшитганига иқрор бўлди. Шунда Мўминлар амири каррамаллоҳу важҳаҳу:
– Чақирганимни эшитган бўлсанг, нимага ахир жавоб бермайсан, – деб сўрадилар. Шунда хизматкор:
– Жазоламаслигингизни билиб, шунчаки эринганимдан бормагандим...– дея жавоб берди.
Шунда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга:
– Сени Аллоҳ учун озод этдим! – дедилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ахнаф ибн Қайс (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) бениҳоя камтар ва кўплаб яхши хулқ соҳиби бўлганлар. Араблар у кишини мақталган хулқ ва одоблари туфайли мисол қилиб келтирадилар - Муҳаррир.