Кейинги вақтларда “Мотуридийлар, Ашъарийлар адашган” қабилидаги ижтимоий тармоқларда турли хил маърузалар кўпайиб қолган. Жумладан, яқинда Абдуллоҳ Зуфар номли шахснинг “Аллоҳ қаерда? Мотуридий ва Ашъарийлар” мвзусидаги суҳбатини тингладим. Бу каби маърузаларни эшитган сари, айтаётган гаплари ҳеч бир илмий асосга эга эмаслигини тушуниб борарканман, кўплаб саволлар қийнай бошлайди. Нима учун етарлича диний илмга эга бўлмаган, саводсиз бир кимсалар мужтаҳид имомларнинг йўлларини хато деб айтмоқдалар? Уларнинг мақсадлари нима? Нима учун ўн асрдан зиёд вақтдан буён бир жамоа бўлиб, “Ҳидоят имоми” дея ўзлари ном берган имомга эргашиб келаётган мусулмонларни ва алломаларни энди улар адашган демоқда? Улар наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ таоло умматимни ҳеч қачон залолат устида жамламайди” (Имом Ҳоким ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), деган ҳадисларидан кўр-кўрона кўз юмадилар? Ваҳоланки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг 92,5 фоизи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидадир. Яъни, Мотуридий, Ашъарий йўналишида амал қилиб келмоқда. Агар бу мазҳаб хато йўналишда бўлса эди, Аллоҳ таоло унинг умрини узоқ ва унга эргашувчилар сафини бунчалик кўп қилиб қўймаган бўлар эди-ку?
Шунингдек, бизнинг диёрларимизда сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш Мотуридийлик ақидавий йўналиши кенг ёйилган. Бу йўналиш асосчиси бизнинг юртдошимиз Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик йўналиши асосчиси “Имом ал-ҳудо” (“Ҳидоят йўли имоми”), “Имом ал-мутакаллимин”, (“Мутакаллимлар имоми”) номлари билан улуғланган Абу Мансур Мотуридийдир.
Имом Мотуридийга Ислом уламолари турли хил илмий унвонларни берганлар. Масалан, “Имомул ҳудаа” (ҳидоятга бошловчи имом), “Аламул ҳудаа” (ҳидоят маёғи), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн” (мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчи киши), “Раису Аҳлис суннаҳ” (Аҳли сунна вал жамоа раиси) ва бошқалар.
Бу сифатлар ва унвонлар у кишининг ўз издошлари қалбидан чуқур жой олганини, суннатга ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш йўлида салмоқли натижаларга эришганини кўрсатади.
Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш ва ёритиб беришда муҳим рол ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ақида ва фиқҳ фанларига оид бир қанча китоблар ёзиб, улкан илмий мерос қолдирганлар. Масалан, Қуръони карим тафсирига доир “Таъвилоту аҳлис-сунна” китобини ёзганлар. Ҳижрий етти юз етмиш бешинчи йилда вафот этган имом Абдул Қодир Қураший бу китобга: “У тафсир бобида ҳеч қандай асар унга тенг келолмайдиган бир китобдир. Ҳатто бу фан соҳасида ундан олдингилар ёзиб кетган асарлар ҳам унга яқин келолмайди”, деб таъриф берган.
Имом Кафавий Имом Мотуридийнинг таржимаи ҳоли ҳақида шундай дейди: “Мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчиси бўлган бу кишига Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўйиш билан мадад берган эди. Шунинг учун ҳам у тўғри динни ҳимоя қилишга бел боғлаб улкан асарлар битди. Ботил ақидалар соҳибларининг сўзларига раддиялар берди”.
Имом Маҳмуд Зоҳид Кавсарий айтадилар:
“Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар машриқу ва мағрибда Аҳли суннат ва жамоат имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда у киши саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари: таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилдилар.
Баъзи жоҳил тоифалар даъво қилгани каби У зот янги дин ёки янги ақида олиб келмаганлар. Балки, турли фирқалар томонидан Аҳли сунна вал жамоа ақидасини бузиб талқин қилиш бошланганда, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромлар тутган йўл қайси экани шарҳлаб билдирилган. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қолдирган илмлари ва ижтиҳодларидан кўп фойдаланганлар. Сабаби, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ устозларининг устози орқали Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга етиб борадилар. Яъни, икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад силсиласига боғланади.
Демак, Ислом уммати эътироф қилган ва бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ қанчалик яқин бўлганликлари ва ўша даврдаги соф ислом билим булоқларидан сув ичганликлари маълум бўлмоқда.
Ўзгаларни адашган дейишдан айниқса мужтаҳид, ислом уммати эътироф этган имомларни хатокор деб айтишдан сақланиш, балки ҳар бир киши ўзини адашиб кетмаслигини Аллоҳ таолодан сўраши зарур. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳт васаллам ҳам адашиб кетишдан қаттиқ хавотирда бўлганлари ҳадисларда ривоят қилинган:
Имом Байҳақий ўзининг “Шуъаб ал-имон” номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим”, деди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа шундай”, деб жавоб бердилар.
“Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳоли-ми сизнинг сочингизни оқартирди”.
“Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!” ояти сочимни оқартирди”, дедилар.
Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб кўп дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар.
Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон” деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олган. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзларининг “Китоб ат- тавҳид” асарларининг таснифига киришар экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ушбу рисола орқали ўзларини адашиш, залолатга дучор келиш, хатога йўл қўйишидан асрашини илтижо қилиб сўраганларига гувоҳ бўламиз. Иншаллоҳ, бу китобнинг ҳали сиз азиз ўқувчилар билан бўлишадан ўринлари кўп, Аллоҳ насиб қилганича уларни сизга етказишда давом этамиз.
Минг йиллардан бери мусулмонлар маҳкам тутган мана шундай йўналишларда барчамиз собит туриб, фарзандларимиз ва ёш авлодга ушбу тушунчаларни сингдиришимиз айни муддаодир. Ёшларимиз ўз эътиқоди ва мазҳабини яхши билса, ҳар хил оқим аъзолари уларни чалғита олмайди ва тўғри йўлда бардавом бўладилар, иншаллоҳ.
Обиджон Хурсандов - Самарқанд Ақида мактаби устози
Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳнинг Индонезияга ташрифи ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон нашрлари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Жумладан, Индонезиянинг "CNN Indonesia" ахборот агентлиги "Ўзбекистон делегацияси Индонезияга ташриф буюрди" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани ва мазкур анжуманда Ўзбекистондан етакчи олимлар иштирок этгани маълум қилинган.
"Тадбир илмий мулоқот шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида Имом Бухорий меросини ўрганиш, Мавароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда тутган ўрни, ҳадисшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди", – деб ёзган ахборот агентлиги.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор тадбирлар икки мамлакат ўртасида исломий маърифат, таълим, диний бағрикенглик ва тарихий меросни асраб-авайлаш соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлаши таъкидланган.
Мақолада хабар қилинишича Ўзбекистон илмий-маърифий доиралари вакиллари Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Мухаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендраприоно, Уламолар Кенгаши ва "Наҳдатул уламо" ташкилоти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
"Businessreview" веб-сайти "Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлиги диний мўътадиллик ва ислом таълими тизимини мустаҳкамлайди" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Нашрда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлигида Индонезия пойтахтида илмий-амалий конференция ташкил этилгани қайд этилган.
Материалда ёзилишича, анжуманда Мавороуннаҳр тарихи, Имом Бухорий мероси, Марказий Осиё уламоларининг Индонезияда ислом таълимотини тарқатишда тутган ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ушбу мамлакатдаги "Aspirasi Nusantara" электрон нашри Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари "Наҳдлатул уламо" ташкилоти фаолияти билан танишгани ҳақида ёзди. Маълум қилинишича, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов Индонезиядаги энг йирик ташкилот "Наҳдлатул уламо" раҳбарияти билан учрашди.
"Наҳдлатул уламо" ташкилоти қошидаги Илмий марказ раҳбари Абшор Абдулло Имом Мотуридий таълимоти сунний калом илмида мўътадил, ақл ва мантиққа таянадиган йўналиш эканини қайд этди" – деб ёзган электрон нашр.
Томонлар таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар алмашувини амалга ошириш ва зиёрат туризми йўналишида дастурлар ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашдилар.
Индонезиянинг "Jakarta Merdeka" онлайн портали эса "Богор Ботаника боғида дўстлик дарахти экилди" сарлавҳали мақолани эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Богор шаҳридаги Индонезия Миллий Ботаника боғида дарахт экиш маросимида иштирок этгани ва Индонезия экология вазири ўринбосари билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.
"Вазир ўринбосари Диас Хендраприоно Имом Бухорий тўплаган ҳадислар орасида табиатни асрашга оид насиҳат ва тавсиялар кўп эканини таъкидлади. Бу эса ислом таълимотида экологик билим ва онг асосий ўрин тутишининг яққол далилидир", – деб ёзилган "Jakarta Merdeka" мақоласида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати