Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Май, 2026   |   13 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:53
Пешин
12:26
Аср
17:33
Шом
19:53
Хуфтон
21:27
Bismillah
31 Май, 2026, 13 Зулҳижжа, 1447

Вақф мулкларига эга масжидлар – тарих силсиласида синалган тажриба. Бугун уни амалиётга жорий этиш мумкинми?

01.02.2021   6451   14 min.
Вақф мулкларига эга масжидлар – тарих силсиласида синалган тажриба. Бугун уни амалиётга жорий этиш мумкинми?

Мусулмон диёрлари, жумладан юртимизда ҳам қадимдан масжидлар фаолиятида уларга белгиланган вақф мулклари катта аҳамият касб этган.

(“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларини англатади. Шаръий таърифда эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.)

Вақф Ислом шариатида кенг тарғиб этилган, манфаати давомли, савоби узлуксиз бўлган иқтисодий хайрия ишидир. Қадимдан мўмин-мусулмонлар вақфнинг манфаати ва савобидан умидвор бўлиб, бунга катта эътибор қаратиб келганлар. 

Вақфга оид муносабатлар қандай тартибга солинган?

Вақф мадраса, масжид, мозор, қорихона каби муассасалар фойдасиги белгиланган турли кўринишдаги мол-мулк бўлиб, унинг расмий-ҳуқуқий ҳужжати вақфнома деб аталган. Вақфномалар қозихоналарда вақф қилувчи — воқиф, қози, аълам, муфтий ва холис гувоҳлар иштирокида тузилиб, муҳрланган. Вақфномалар, маълум вақт ўтгач, шароит тақозосига кура, (вакфноманинг йўқолиши, яроқсиз холга келиши ва бошқа сабаблар билан) янгиланиб турилган. Бир масжидга турли вақтларда турли кишилар тарафидан ҳам мулклар ажратилган ва улар учун алоҳида вақфномалар тузилган. Вақфнинг бир кўринишида вақф қилинган мол-мулк вақф қилувчи, яъни воқифнинг кўлидан бутунлай чиқиб кетган, иккинчи кўриниши эса воқифга вақф қилинаётган мулкдан келаётган даромаднинг бир қисмини ўзига олиш имконини берган. Вақф хўжалиги ишларини юритувчи шахс - мутаваллини белгилаш ва вақф даромадини тақсимлаш воқифнинг ихтиёрида бўлган[1].

Ўртаҳол кишилар ҳам вақф қила олган...

 Архив ҳужжатларида қайд қилинишича, 1884 йилги қайдномаларда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган вақфли масжидлар 125 тани ташкил этган. Масжидларда имом, муаззин, мутавалли, йирик масжидларда эса фаррош, сартарош ва қоровул хизмат қилган. Улар масжиднинг вақф мулкидан белгиланган тартибда маблағ билан таъминланган. Масжиднинг вақфлари аввало масжид қурувчиси, қолаверса, ҳокимлар ва ўзига тўқ кишилар томонидан ажратилган. Катта мол-мулкка эга бўлмаган ўртаҳол кишилар ҳам кичикроқ маблағ эвазига дўконга эга бўлиб, бирор бир масжидга вақф қила олган.

Масжид вақфларини, асосан, шаҳардаги савдо ва ҳунармандчилик дўконлари ҳамда ерлар ташкил қилган. Бозорлардан таш­қари, масжидга туташ ерда ва масжид ҳовлиларида ҳам вақф сифатида дўконлар ишга туширилган ва уларда сўфи (муаззин) ёки мутавалли савдо қилган. Бундан ташқари, карвонсаройлар, тегирмонлар, обжувозлар, экинзорлар, боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар ва пул маблағлари ҳам эгалари томонидан белгиланган шартлар асосида вақф қилинган[2].

Ўктамбек Султонов “Тошкент масжидлари тарихи” рисоласидаги тадқиқотларида масжидларнинг ўз вақф мулклари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади. Унда келтирилишича, Говкуш (Говкушон) маҳалласидаги масжидга Мирҳоди Мирболта ўғли Раста бозорида бир дўкон вақф қилган.

Қуйи Дегрез маҳалласидаги Саидазимбой Муҳаммадибой ўғли ўзи қурдирган масжидига бошқа бир саройи даромадидан масжидга йилда 25 тилла вақф қилган. Шундан кундалик имом 10 тилла, жума намози имоми 5 тилла, муаззин 5 тилла, қолган 5 тилла масжид эҳтиёжига сарфланган.

Шаҳарнинг марказий масжидларидан ҳисобланган “Ҳожа Аҳрор” жоме масжиди эса 1884 йилда масжид атрофи ва бозор ичида 102 та дўкондан йилига 120 сўм, масжид яқинидаги Солиҳбек додхоҳ авлодларига қарашли бир саройдан йилига 120 сўм, жами 240 сўм вақф даромади ҳисобига фаолият кўрсатган.  

Бу албатта масжидларнинг барқарор ишлаб туриши, улар қошида фаолият юритган мадраса, қироатхоналар мударрис ва талабаларининг таъминоти, қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиб туриш учун шариатнинг мукаммал ва савоби улуғ тизимидир. Бошқа жиҳатдан эса, илм аҳлига, Қуръон аҳлига ҳомийликдир. Токи илм талаб қилгувчи, Аллоҳнинг байтини хизматини қилувчи кишилар турмушида муҳтожлик сезиб, бошқа ишларга чалғимасин. Минг йиллардан бери қўлланилиб келинган мазкур тажрибанинг қанчалик самарали натижа бергани тарихдан маълум. Дунё илм-фани тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ сиймолар, мўътабар алломаларимиз бошланғич (асосан ҳал қилувчи) билимларини ана шундай вақф мулклари эвазига фаолият кўрсатган масжид ва мадрасаларда олганлар.

“Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидур”

Маълумки бугунги кунда юртимиздаги масжидларнинг молиявий таъминотини асосан иона (эҳсон) қутилари ва диний маросимлардан келиб тушадиган ихтиёрий хайрия маблағлари ташкил этади. Ана шу манбадан диний ташкилот ўз хўжалигини юритади: ходимларга маош, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни амалга оширади. Шаҳарлар маркази ёки катта йўл бўйларида жойлашган масжидлар ўз-ўзиини таъминлай олар, бироқ, чекка ҳудудлардаги масжидларга нисбатан бу фикрни айта олмаймиз. “Ўз аравасини торта олмайди”. Ҳомийлик маблағларига қараб қолинган... Бизда масжидларни расмий ҳомийлик ёки оталиққа олган давлат ёки хусусий тартибдаги ташкилот йўқ. Чунки бизда қонунчиликка кўра дин давлатдан ажратилган ва давлат диний ташкилотларни молиялаштирмайди. Яқинда депутатлардан бирининг аҳолисининг 90% фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилувчи давлатимизда ислом дини анъаналарига боғлиқ баъзи меъёрларни қонунчиликка киритиш жамиятдаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда фойда бўлишини айтган гаплари эътиборга молик.  Бугун сўз эркинлиги устувор ҳимоя остига олиниб, мамлакат ривожи, халқ фаровонлиги, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари юзасидан таклиф ва шикоятлар тингланаётган экан, нима учун диний ташкилотларни янгича (тарих ва бугунги жаҳон тажрибаси) тизим асосида ишлаши учун қонунчиликка тегишли ўзгартириш лойиҳасини тақдим этиш мумкин эмас?

Бизда масжид ходимлари жуда кам ойликка ишлашади. Баъзилари иш ҳаққи олишмайди. Тўғри, Аллоҳ учун холис хизмат қилишни ихтиёр этишар, лекин масжид хизмати учун ҳақ олиш шариатда бор ва бу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларидан буён давом этиб келади. 

 Бундан уч йил аввал масжидлар қошида қўшимча хўжалик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳужжати қабул қилинган. Бироқ, бу етарли бўлмади. Агар биз ўтмиш тажрибасига таянган ҳолда масжидларга нисбатан вақф мулкчилигини жорий этсак-чи, нималарга эришамиз? Яъни тадбиркорлар, мулкдорлар, қўйингки, ҳиммати етган исталган киши хўжалик юритувчи субъеткларининг бир қисмини, ёки даромадининг маълум қисми, ер майдони, томорқа ва шунга ўхшаш бошқа шаклдаги мулкларини вақф қилиш механизмини тикласак, бундан вақф қилувчи ҳам масжидлар катта фойда топади. Бу қандай фойда?

Вақф қилувчининг фойдалари:

1 Аввало молини шариат кўрсатмасига биноан тўғри инфоқ қилган бўлади ва бу амали учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида чексиз савобга эга бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда кўплаб хушхабарлар келган. Улардан бирида шундай дейилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

(سورة البقرة الاية-261)

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

  1. Молига барака келади

Инфоқ қилиш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис далил ҳисобланади:

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

«مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ»

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Вақф эгасига вафотидан кейин ҳам қилган вақфидан савоб амали етиб бораверади.

Уламолар қуйидаги ҳадисни айнан вақф ишига далил деб айтганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ اِنْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ،

صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ

(رواه الامام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амалидан савоб келиб туради: садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан” (Имом Муслим ривояти).

Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

قَالَ زَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ رضي الله عنه: لَمْ نَرَ خَيْراً لِلْمَيِّتِ وَلَا لِلْحَيِّ مِنْ هَذِهِ الْحُبُسِ الْمَوْقُوفَةِ أَمَّا الْمَيِّتُ فَيَجْرِي أَجْرُهَا عَلَيْهِ وَأَمَّا الْحَيُّ فَتُحْتَبَسُ عَلَيْهِ وَلَا تُوْهَبُ وَلَا تُوْرَثُ وَلَا يَقْدِرُ عَلَى اسْتِهْلَاكِهَا

яъни: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”. 

  1. Дин ривожи, илм аҳлининг камолот касб этишига сабабчи бўлади.

Яъни масжидлар таъмири, ободлиги масалаларида қийнчилик туғилмайди. Имомлар ўз устиларида ишлашга, бор эътиборини мўмин-мусулмонларга ислом маърифатини етказишга қаратадилар. 

  1. Жамиятда меҳр-мурувват, дўстлик ва биродарлик ришталарининг мустаҳкамланишига сабабчи бўлади.

Масжид учун фойдалари:

  1. Масжид ўзининг эҳсон қутиларидан тушган пул миқдорига қараб қолмайди, барқарор молиявий фаолиятига эга бўлади.
  2. Мавжуд шароитларни ҳисобга олган ҳолда масжид биноларини кенгайтириш, замон талаблари даражасида таъмирлаш ва қайта қуришда масаласида ҳомийлар излаб, ижтимоий тармоқларда эълон қилишга ҳожат қолмайди.
  3. Имомлар, масжид ходимлари асосан маросимлардан келадиган “хизмат ҳаққи”га қараб қолмайди, балки, реал турмуш даражасига мос иш ҳаққига эга бўлади. Зеро бугун динимиз софлигини асраш, ижтимой-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда имом-хатиблар зиммасига кўплаб муҳим вазифалар юклатилаётган экан, талабга яраша моддий таъминот, шарт-шароит ҳам бўлиши керак. Бу омил кўзланган натижага эришишда асосий фактор ҳисобланади.
  4. Масжидларнинг молиявий фаолияти аниқ тизим ва шаффоф услубда назорат қилинади.

“Вақф” ХЖФни ташкил этишдан мақсад нима эди?

Бугун янгича ривожланиш йўлидан одимлаётган давлатимиз барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилмоқда. Замонавий услуб ва воситалар билан бирга ўтмишнинг бой тажрибасига суянмоқда. 2018 йилда муҳтарам  Президентимиз Фармони асосида ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фонди диний маърифий соҳани ривожлантириш йўлидаги муҳим ва оқилона қадамлардан бири бўлди. Бироқ, юз йил аввалги буюк исломий қадрият тикланди, дея атрофга жар солганимиз – Вақф ХЖФ деярли хайр-саҳоват ишларини амалга оширувчи ташкилотга айланиб қолди (баъзи ишлаб чиқариш корхонаси ва хизмат кўрсатиш обьектлари ташкил этганини истисно этмаган ҳолда). Ҳозирда фонд айланма капиталининг асосини хайрия бўлими (бир марталик эҳсон) тушумлари ташкил этади. Жамғарма раҳбарининг ўтган йилги маълумотига кўра, «Вақф» фондига кишиларнинг ўз мулкини топшириш ҳолати учрамаган. Демак, биз вақфнинг моҳиятини, уни тиклашдан асл мақсад нима эканини одамларга етказа олмадик. Ваҳоланки, Президент Фармонида «Вақф» хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилаб қўйилган:

  • фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш;
  • масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
  • диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш (ва бошқ.).

 

Ушбу вазифаларни амалга оширишда фонд ўз номининг шаръий ва тарихий моҳиятига кўра масжид, мадраса, шунингдек, шифохона, мактабларнинг вақф мулки тизимини ташкил этиш, кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, бу борада тегишли ҳуқуқий база яратиш, тўсиқ бўлаётган муаммолар юзасидан қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар билан чиқиши лозим. Халқимиз эса бу ишларга ҳарис, қўли очиқ халқ. Фақат шароит яратиб бериш, тўғри йўналиш кўрсатишимиз лозим. Шундагина бир вақтлар катта хурсандчилик билан таъсис этилган фонд ўзининг тарихий-функсионал вазифасига муносиб бўлар эди. Ва энг муҳими, кетиб қолган ишонч яна қайтади “ВАҚФ”га. 

 

Зоиржон Содиқов

Масжидлар бўлими мутахассиси

 

 

 

 

[1] Ў.Султонов. Тошкент масжидлари тарихи. Тошкент. 2010 й.

[2] «Тошкент» энциклопедияси. 2009 й.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

25 май: Сўнгги қўнғироқ сўнгги ҳаётга айланиб қолмасин!

22.05.2026   20916   4 min.
25 май: Сўнгги қўнғироқ сўнгги ҳаётга айланиб қолмасин!

Ҳар йили баҳорнинг сўнгги кунларида юртимиздаги минглаб мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади. Бу кун — йиллар давомида олинган билимларнинг сарҳисоби, катта ҳаёт бўсағасидаги илк қадамдир. Аммо, минг афсуски, кейинги йилларда бу қувончли кун баъзи оилалар учун битмас-туганмас куйиниш, айрилиқ ва фалокат кунига айланиб бормоқда. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш ва масъулиятсизлик оқибатида ёш умрлар завол топмоқда.

Омонатга хиёнат ва нафсга қуллик.

Ислом дини инсон ҳаётини энг олий қадрият деб билади. Аллоҳ таоло бандаларига ўз жонини хатарга қўйишни, беҳуда ҳалок қилишни тақиқлаб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради» (Бақара сураси, 195-оят).

Битирув куни ёшларга қимматбаҳо машиналарни ишониб топшириш, уларнинг тезликни ошириб, кўчаларда тартибсизлик (автокалонналар) уюштиришига кўз юмиш — мана шу оятга зид иш тутишдир. Бу ота-оналар томонидан фарзанд ҳаётини ўз қўли билан ҳалокатга топшириш билан баробардир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қиладилар: "Ҳеч бир банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, ёшлигини қандай ўтказгани, мол-давлатини қаердан топиб, нимага сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида" (Имом Термизий ривояти).

Битирувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари «биз ёшлигимизни ва топган молимизни шу бир кунлик дабдабага қандай сарфладик?» деган саволга жавоб беришни унутмасликлари лозим.

Исроф ва сохта обрў илинжи «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида ресторанлардаги дабдабали базмлар, қимматбаҳо совғалар ва кийим-бошлар учун қилинадиган харажатлар исрофнинг олий намунасидир. Ваҳоланки, ўша маблағларни боланинг олий таълим олишига, китобларига ёки касб-ҳунар ўрганишига йўналтириш мумкин эди.

Ислом дини исрофни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло айтади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мўл-кўл йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир...» (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Шайтоннинг дўстига айланиб, Аллоҳ берган неъматни кўкка совуриш ҳеч бир мўминга тўғри келмайди. Бир кунлик «орзу-ҳавас» деб қилинган исроф ортидан қанча оилалар қарз ботқоғига ботаётгани ҳам сир эмас.

Аччиқ, аммо ҳаётий мисоллар: Ҳар йили 25 май куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бир хил мазмундаги мудҳиш хабарлар тарқалади: «Битирувчилар иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди: 3 нафар йигит воқеа жойида ҳалок бўлди...» ёки «Дарахтга бориб урилган Каптива ичидаги мактаб битирувчилари шифохонага ётқизилди...». Бу шунчаки статистика эмас, бу — бузилган оилалар, фарзанд доғида куяётган оналар, сочлари бир кечада оқарган оталар фожиасидир. Куни кеча мактаб фоясида аттестат олаётган ўғил ёки қизнинг эртасига қабр ичида ётганини кўришдан кўра даҳшатлироқ мусибат борми?!

Ҳали ҳаёт нималигини тушуниб етмаган, оила қуриб, жамиятга нафи тегмаган ёш ниҳолларнинг ўз хатоси ёки ота-онанинг «болам бошқалардан кам бўлмасин» деган сохта ғурури туфайли тупроққа қорилиши — энг катта трагедиядир.

Нима қилмоқ керак? Мавзуни шунчаки муҳокама қилиш кифоя эмас, амалий чоралар кўриш вақти келди: Ота-оналар масъулияти: Фарзандингизга қиммат машина калитини эмас, келажакка бўлган масъулият ҳиссини беринг. Сўнгги қўнғироқ куни уларнинг қаерда ва ким билан эканини қаттиқ назорат қилинг.

Ёшлар фаросати: Сиз — ота-онангизнинг умидисиз. Бир лаҳзалик мақтаниш ва тезлик ишқи сизни тириклик неъматидан, ота-онангизни эса сиздан жудо қилмасин.

Тадбирларни илмга йўналтириш: Ресторандаги базмлар ўрнига, мактаб кутубхонасига китоб совға қилиш, эҳтиёжманд синфдошларга ёрдам бериш каби хайрли амалларни анъанага айлантириш лозим.

Хулоса шуки «Сўнгги қўнғироқ» ҳаётнинг тугаганини эмас, балки гўзал ва масъулиятли янги бир босқич бошланганини билдирувчи рамз бўлиши керак. Шошқалоқлик, манманлик ва исроф билан бу кунни мотамга айлантирмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло бизга берган ҳаёт ва фарзанд неъмати — эртага Қиёматда ҳар бир сонияси учун жавоб бериладиган улуғ омонатдир!

Исломхон Ҳамидов,
Наманган шахар Боқимирзо жоме масжиди имом ноиби