Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ер юзида ҳеч қандай дин, ҳеч қандай тузум тозаликка Ислом дини каби аҳамият бермаган. Ҳатто Қуръони Каримда ҳам инсонлар пок бўлишга чақирилган кўплаб оятлар мавжуд. Масалан, бир кунда фарз намозларини ўқиш учун камида 3–4 маротаба таҳорат олинади, Қурон тиловат қилиш учун ҳам албатта таҳоратлик бўлиш шарт. Шунинг учун ҳам Ислом дини поклик дини демакдир. Оғизларнинг тозалиги, уларни тоза сақлаш ҳам Исломда ибодат даражасига кўтарилган.
Тиш саломатлиги, уни парваришлаш ҳақида кўпчилигимиз эшитганмиз, аммо бу борада бериладиган тавсияларга ҳар доим ҳам амал қилавермаймиз ва натижада тишларнинг емирилиши, милк қонаши ва шунга ўхшаш бошқа ёндош касалликларга дуч келамиз. Хўш, инсон тишларини соғлом сақлаш учун нима қилиши керак?
Сўнгги бор тиш шифокори ҳузурига қачон борганингизни эслай оласизми? Жавобингиз «йўқ» бўлса, унда, албатта, бунга бефарқ бўлманг. Чунки касал тишлар жуда кўп хасталикларга сабабчи бўлиши мумкин. Тиш инсоннинг ташқи кўринишида кўзга ташланиб турадиган кичик бир қисм бўлса-да, жуда катта вазифани бажаради.
Организм учун энг катта хавф
Оғиз бўшлиғида уч юздан зиёд микроорганизм мавжуд. Организмимиз учун керакли бактерияларни ишлаб чиқаришга масъул бу микроорганизмлар инсон ҳаёти учун хавфли эмас. Лекин тишлар кариес натижасида емирилса ёки милк билан боғлиқ бирор муаммо юзага келса, ҳаммаси ўзгаради. Шунда патоген бактериялар сони кескин ошиб кетади ва бу зараркунандалар оғиздаги ўзи макон қилган жойни ташлаб, организм бўйлаб сафарга чиқади. Жуда хавфли бу «саёҳат»дан кўзланган биринчи манзил ошқозон бўлади.
Оғиз бўшлиғидан ошқозонга бориб қолган касаллик чақирувчи микроорганизмлар гастрит, ошқозон яраси, холецистит каби ошқозон-ичак муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам тажрибали гастроэнтеролог сизни, албатта, стоматолог ҳузурига юборади. Баъзан узоқ вақт ошқозонда азият берган оғриқнинг сабаби ўтказиб юборилган кариес бўлиши мумкин. Тиш ва милклар муолажа қилинмагунча ошқозондаги муаммолар ҳам бартараф бўлмайди.
Масаланинг яна бир жиҳати овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар ҳам тишлар саломатлигида ўз аксини топади. Масалан, гастритда пастки «тўртлик» ва ақл тиши зарарланса, ичак касалликларида пастки бешлик, холецистит ва жигар билан муаммоларда олд тишлар зарарланади. Шунинг учун кариес узоқ йиллардан бери айнан шу тишларга «меҳр» қўйган кишиларга гастроэнтеролог кўригидан ўтиш ортиқчалик қилмайди. Шу билан бирга, тишда тез тош ҳосил бўладиган ҳамда тишларини нотўғри босадиган кишилар ҳам ошқозонларини текширтирганлари маъқул. Уларнинг овқатни керакли даражада чайнамасликлари овқат ҳазм бўлиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади.
Касал тишлар нафақат ошқозон, балки томоқ, юрак, қон-томир ва бошқа соҳалар фаолиятини ҳам ишдан чиқариши мумкин.
Биринчи навбатда тозалик!
Тишларингиз доимо соғлом бўлишини истасангиз, уларнинг тозалигига беэътибор қараманг. Бу борада тиш пастасини тўғри танлаш ҳам жуда муҳим. Тўғри танланган тиш пастаси нафақат тишлар саломатлигини таъминлаш, балки милклар яллиғланишининг олдини олишга ҳам катта ёрдам беради.
Тишни тозалаётганда милкка зарар етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг. Чўтканинг ҳаракати тишни тамоман тозалаш имконини бериши лозим. Тишнинг лаб, лунж, тил ва танглай юзалари вертикал йўналишда, чайнов юзалари эса айланма ҳаракатда билан тозаланади. Шундан сўнг оғиз чайилади. Болаларни 2–3 яшарлигидан тишларни парваришлашга ўргатиб бориш керак. Шунда улар 7 ёшда ўзлари мустақил бу ишни амалга оширадиган бўлишади. Шунингдек, тишни ўткир нарсалар билан тозалаш мумкин эмас. Бу буюмлар тиш эмалига зарар етказиши мумкин.
Мисвок ҳақида биласизми?
Тиш ва оғиз бўшлиғи саломатлиги ҳақида айтилганда бу борада мисвокнинг аҳамиятининг нечоғлик экани ҳеч биримизга сир эмас. Аммо ундан мунтазам фойдаланишда кўпчилик сусткашлик қилади. Мисвокнинг мўъжизакор нарсаки, ҳатто замонавий олимлар ҳам буни тан олишмоқда. Мисвокнинг таркиби, унинг фойдали хусусиятлари борасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Хулосаларга кўра, мисвок одатий тиш чўткасидан кўра самаралироқ экан. У бир вақтнинг ўзида ҳам тиш чўтка, ҳам пастанинг вазифасини бажара олади. Арок дарахти шохчаларидан олинадиган мисвок, ҳақиқатан ҳам, шифобахш, фойдали восита. Мисвок ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан юздан ортиқ ҳадис ворид бўлган. У зот Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Агар умматимга машаққат қилиб қўйишим бўлмаганида, уларни ҳар намоз олдидан мисвокланишга буюрган бўлар эдим», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Саҳоба Ҳофиз ибн Ҳожар ҳамда Ибн Қайюм мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойдали хусусиятларини санаб ўтишган. Булар қуйидагилар: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам асло тарк этмаган суннатлари – мисвок Аллоҳнинг розилигига эриштиради, оғиздаги бадбўй ҳидларни кетказади, тишларнинг чириши ва дарз кетишининг олдини олади, милкларни мустаҳкамлаб, уларнинг қонаши ва йиринглашини йўқотади, балғамни кўчириб, овозни, талаффузни яхшилайди, юрак, меъда, кўз асабларини мустаҳкамлаб, кўзни равшан қилади, уйқуни қочириб, юзни гўзаллаштиради, фаришталарни мамнун, шайтонни маҳзун қилади, хотирани кучайтириб, зеҳнни очади, ҳасанотларни кўпайтиради ва ҳоказо.
ФОЙДАЛИ ТАВСИЯЛАР
Кислота ва қанддан сақланинг
Газли ичимлик, сўрма қандлар ва ҳатто янги сиқилган шарбатлар ҳам тиш учун зарарли. Бундай шарбатларда эмални емирувчи мева кислотаси концентрацияланган кўринишда бўлади. Карамел, ирис ва обаки оғизда узоқ вақт турганида эса патоген макрофлоралар кўпайиши учун қулай шароит юзага келади. Шоколаднинг таркибидаги какао бактериялар кўпайишининг олдини олгани сабабли тишга хавфи камроқ.
Тишлар учун хавфли деб ҳисобланадиган чой ва қаҳва эса аслида фойдали ҳисобланади: қора чой тиш эмалини мустаҳкамласа, қовурилган донлардан тайёрланган табиий қаҳва антибактериал таъсирга эга.
Тўғри овқатланинг
Тишлар мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фтор зарур. Кальций D витамини ёрдамида ўзлаштирилади. Овқатланиш тартибингизга D витаминига бой бузоқ, парранда гўшти, тухум, сариёғ, денгиз балиғи, кальций манбаи бўлмиш қатиқ, пишлоқ, исмалоқ, брокколи, таркибида фтор моддаси кўп қора чой, қора нон, балиқни киритинг.
Тишларга тушадиган босимни камайтиринг
Тиш билан ёнғоқ чақиш, турли тиқин ва қопқоқларни очиш, ип узиш кабиларни унутинг. Бундан ташқари тишларни қаттиқ сиқиш, айниқса, ғичирлатиш одати ҳам унга зарар етказиб қўяди. Баъзиларнинг уйқуда тишини қаттиқ ғичирлатиш одати бор. Тишларини зарарлаб қўймаслик учун уларга уйқудан олдин тишга кийиладиган махсус воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.
Озуқага бой маҳсулотлар истеъмол қилинг
Тиш учун фойдали ва озуқага бой маҳсулотлар қуйидагилар:
Суяк шўрва. Суяклар 8–72 соат паст оловда қайнатилади. Қайнаш асносида суякдаги кўпгина фойдали минерал моддалар ажралиб чиқади. Тайёр шўрва совуқ жойда сақланади ва кунига тахминан 1 стакандан (200–250 мл) ичилади. Бу миқдор ошириб юборилса ҳам зарар қилмайди.
Ферментланган балиқ жигари ёғи. Бу модда балиқ ёғидан ўзининг фойдали хусусиятлари билан ажралиб туради. Ферментланган балиқ жигари ёғи табиий А ва D витаминлари, Омега-3 ва бошқа фойдали моддаларга бой. 1 чой қошиқ ферментланган балиқ жигари ёғида табиий D витамини бошқа маҳсулотларга нисбатан бир неча баробар кўп учрайди.
Яйловда боқилган ҳайвон сути ва сут маҳсулотлари. Бундай сут хом ҳолатда ичилади. Сут иситилса, ундаги жуда кўп фойдали моддалар нобуд бўлади ва унинг тишни мустаҳкамловчи хусусиятлари кескин камаяди. Хом сутни танлашнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Яйловда боқилмайдиган қорамолларнинг сутини хом ҳолда ичиш касаллик пайдо қилиши мумкинлигини унутмаслик керак. Табиий ҳолда, яъни доим яйловда ўт-ўлан билан озиқланадиган ҳайвоннинг сути шифобахш хусусиятга эга.
Доктор В. Прайснинг хулосасига кўра, «таомланиш тарзи тишларнинг бузилишида ҳам, тузалишида ҳам асосий омил ҳисобланади. Ҳар бир ейилган таом тишлардан минераллар «ўғирлаши» ёки тиш-суякларини керакли витамин ва минераллар билан таъминлаши мумкин».
Шунинг учун имкон қадар витаминга бой маҳсулотлар истеъмол қилинг ва ҳар куни тишларни тозалаб юришни унутманг. Ана шунда сиз тишларингизни катта хавфдан сақлаб қоласиз.
Нозима Умарали қизи
«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Айтинг-чи, севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда кимнинг ҳузурига шошилиб югуриб бордилар? Бирор қариндошлари ёки биродарларининг олдига бордиларми?
Йўқ, дарҳол завжаи мутоҳҳаралари, мўминлар онаси Хадича розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё ҳаётидаги сўнгги кунларида эса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг бағрида бўлишни танлаганлар.
Қаранг, пайғамбарлик рисолати аёл киши билан бошланиб, бу мўътабар зот ила якун топди. Албатта, бу – беҳикмат эмас.
Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бу ҳаётда аёлларнинг тутган ўрнига чексиз ҳикматларни яширган. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни эъзозлардилар, ҳурмат қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар билан қандай муносабатда бўлганлар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол сўраб келган эркак ва аёлларни меҳмон қилиш одатлари бор эди. Кунларнинг бирида бир гуруҳ аёллар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келишди. Аёллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларида гапира туриб овозларини у зот алайҳиссаломнинг овозларидан баланд кўтардилар. Шу пайт, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун рухсат сўрадилар.
Расулуллоҳ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга киришга изн бердилар. Аёллар Умар розияллоҳу анҳунинг овозини эшитиб жим бўлиб қолдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ сизни суюнтирсин, ё Расулуллоҳ, нима сабабдан куляпсиз?” дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана уларнинг қилган ишлари мени ажаблантирди. Сенинг овозингни эшитишлари биланоқ яшириниб олиб, жим бўлиб қолишди”, дедилар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан қўрқасизлар-у, Аллоҳнинг Расулидан қўрқмайсизми?” деб сўрадилар.
Аёллардан бири: “Ё Расулуллоҳ мен унга жавоб берайми?” деб рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, жавоб бер”, дедилар. Унга жавобан: “Ахир сен қаттиқ қўлсан-да. Расулуллоҳ юмшоқ, меҳрибон, хушмуомалардирлар”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна табассум қилдилар.
Бундай маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша аёлларнинг саволларига жавоб бериш учун алоҳида эътибор берганлар, вақт ажратганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг илм олишига алоҳида аҳамият берганлар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида энг машҳур табиб ва жарроҳ ким бўлган?
Аёл киши бўлган. Унинг исми Умму Атийя эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жанг майдонларига ҳам борарди. Ярадор саҳобаларнинг жароҳатини даволар, аскарларга ёрдам берарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг илм-маърифат эгаллашига қаттиқ эътибор берардилар. Масалан, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз тафсир, фиқҳ, ҳадис илмларида пешқадам бўлганлар. Шаръий ҳукмларнинг 4/1 Оиша онамизнинг ривоятлари асосида ишлаб чиқилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 2 мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса розияллоҳу анҳо онамизга уйланмоқчи бўлганларида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ислом умматига юксак бир фазилатни кўрсатдилар. У ҳам бўлса, оталик масъулятини ҳис қилган ҳолда қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳони турмушга бериш олдидан унга ўқиш, ёзиш ва динга доир илмларни бердилар. Ҳаттоки қизларига ўқиш ва ёзишни таълим бериш учун Бани Адий қабиласидан бир аёлни ёлладилар. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳалиги аёлдан етарлича илм олганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар.
Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан ҳалиги Бани Адийлик аёлни келиб Ҳафсага қолган илмлардан ҳам дарс беришни давом эттиришлигини айтдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Ҳафсани илмни мукаммалроқ эгаллашини хоҳлайман”, дедилар. Шундан сўнг ҳалиги аёл келиб дарсни давом эттирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларнинг эҳтиёжлари учун ташвиш чекишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларининг эшикларини аёллар ибодатларини адо этишлари учун очиб қўйганлар. Аёлларни масжидларга боришдан қайтарманглар дердилар. Масжиди Набийда намозхон аёлларнинг сони кўпайгач, фақат аёллар учун мўлжалланган алоҳида эшик очилган. Бу “Бобун нисо” (Аёллар эшиги) деб номланган эшик ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
Аёллар масжиднинг охирги қисмида тўпланишарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъз-насиҳатларини тинглашарди.
Умму Варақа исмли кекса бир аёл бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти-вақти билан уни зиёрат қилиб турардилар. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Уйда намоз ўқисам ҳамда аёллар ҳам тўпланиб менинг уйимда намоз ўқисалар мумкинми?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муаззинни намоз вақти кирганда унинг уйининг тагида азон айтиш учун тайинладилар.
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни қанчалик ҳурмат қилганлар, уларнинг эҳтиёжларини ўз ўрнида ҳал этганлар.
Қийин аҳволда қолган аёлларга ёрдам беришга шошилиш
Албатта, аёл киши ўз табиатига кўра эркак кишига қараганда ҳиссиётга берилувчан, меҳрибон ва юмшоқ феълли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада мусулмонлар қийин аҳволда қолишганда ҳамда Табук жангига тайёргарлик бўлаётганда аёлларни ёрдам беришга чақирганлар.
Ҳайит намозидан кейин эркакларга эҳсон қилиш ҳақида хутба қилганларида, эркаклар уйларига бориб, аёлларига бўлган хитобни сўзлаб беришлари билан аёллар олтин сирға ва билагузукларини ечиб берганлар. Бугунги кунимизда ҳам бир қанча хайрия, саховат ишларида кўнгиллик кўплаб аёлларнинг пешқадам эканларига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан аёллар барча ишларда фаол бўлишган. Ҳатто улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат беришарди. Бу ҳақда Қуръони каримда оят нозил бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар учун жаннатга бориш йўлини жуда осон қилганлар. Аллоҳ таоло Ўз фазли ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли жаннатга эришиш кўплаб йўлларни очиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади», деганлар.
Қаранг, аёлларга қандай шараф берилган!
Ҳар бир аёл киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга шунчалик ғамхўрлик қилганларини биладими?
Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, жон бериш вақтларида ҳам бутун умматларига қилган сўнгги насиҳатларида ҳам: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинг (уларга яхши муомала қилинг!)” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга меҳрибон, ғамхўр бўлганларини яхши тушуниб етган ҳар бир аёл кишида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган муҳаббат ва у зот алайҳиссаломга эргашиш ишқи янада ортиши лозим!
Худди шунингдек, бу муҳаббат ҳар бир эркак кишини ўз аҳли-аёли олдидаги бурчларини бажаришга, аёлига яхши муносабатда бўлишга ундаши керак! Ҳар бир эркак киши аёлига гўзал муносабатда бўлишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна, ибрат олсин! Шунда Расулуллоҳнинг суннатларига эргашилган бўлинади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД