Имом-хатиб - дин тарғиботчиси, шариат пешвоси, шу билан бирга жамиятда олиб борилаётган хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Кишиларни ҳалоллик, поклик, диёнатга бошлашда, ҳақ билан ботилни фарқлашда дин ходимининг ўрни катта.
Айниқса, бугун дақиқа сайин оммалашиб бораётган виртуал оламда имомнинг ўз мақоми, минбари бор. Воизнинг сўзи ҳар қандай саҳифаларни безайди. Ҳар қандай қалбларни эритади. Кузатувчини ҳидоят ва яхшилик томон юзланишига, эзгу ишларга рағбат ҳосил қилишга катта таъсир ўтказади. Шу билан бирга медиа маконда ва жамиятда имом шахсига нисбатан шаклланган ўзига хос қарашлар мавжуд. Улар нималардан иборат? Яқинда Тошкент шаҳридаги “Доруломон” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид Жуманов интернет телеканалларидан бирига берган интервьюсида ана шу масалалар атрофида сўз юритиб, бугунги кун имомининг умумий тавсифи, унга билдирилаётган ишонч ва ишончсизлик, ютуқ ва муаммолар сабабини таҳлил қилишга интилган:
Имомлик - лавозим эмас
- Имом аслида ким? Имом – ҳар бир (ортидан) эргашилувчи, тақлид қилинувчи инсондир. Аслида имом тушунчаси кенг бўлиб, унинг тарихий, илмий жиҳатлари бор. Бугунги кунда эса имом дейилганда асосан намоз имомлари тушуниладиган бўлиб қолган. Ибодатда ортларидан туриб иқтидо қиладиган имомларимиз. Ўз-ўзидан бу атамаларнинг ҳолатидан, ҳақиқатидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, имомлик лавозим эмас. Шаръий нуқтаи назарга кўра, имомлик бу – вазифа, масъулиятли вазифа. Истаймизми-йўқми, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан аввалги ўтган пайғамбарлардан силсила бўлиб келаётган муқаддас вазифанинг давоми. Имом инсонлар учун, уларнинг қиёматда ҳамма нарсадан биринчи сўраладиган амали - намози учун масъул. Имомнинг мақоми, унга бериладиган ажрдан кўра, аввало, унинг масъулиятини ҳис қилиш керак. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ҳақда огоҳлантириб, қуйидагича марҳамат қилганлар: «Имом - зомин, муаззин - муътамандир. Ё Аллоҳим! Имомларни иршод айлагин ва муаззинларни мағфират қилгин!».
Яъни имом зомин, масъул. Имом эртага Аллоҳниг ҳузурида сўралади. Ортидан битта одам эргашса битта, ўнта эргашса ўнта одам ҳақида. Бугун имомларимизни ортида эргашиб турган минглаб одамлар бор. Мана шуларнинг ҳар бирининг намози ҳақида сўраладиган инсон. Шу билан биргаликда имом динни етказишда, диннинг омонати ҳақида ҳам масъул. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг давомида “имомларимизни иршод айлагин”, тўғри йўлга бошлагин, дея омонат эгалари ҳаққларига дуо қилдилар.
Жамиятдаги ҳар бир муаммога имом жавобгарми?
Аллоҳга шукурки, замонамизда имомнинг ўз ҳурмати, эҳтироми бор. Бу давлат даражасидаги эътибордир. Сўзсиз тан оламиз буни. Ва бундай эътирофдан келиб чиқиб, ўз вазифаларимизни юқори шашт билан адо этамиз.
Бироқ, жамиятда имом шахсига нисбатан шаклланган ўзига хос қарашлар ҳам борки, гўё имом ҳар бир муаммога жавобгардек. Фалон мавзу очилса, “Нима учун имом гапирмаяпти?” Фалон ҳодиса...“Нима учун имом муносабат билдирмаяпти?” Фалон мавзу....“Нима учун имом жим?” дея таъна қилувчи, гапирувчилар бор. Бу борада икки тоифа фикр эгаларини ажратиш мумкин:
Биринчи тоифа: тарқалаётган ёки тарқатилаётган масалаларнинг моҳиятига етиб бормайди, унинг ҳақиқатини тушунмасдан туриб, ҳар бир жараёнга имомнинг масъуллиги, муносабат билдиришини даъво қилади. Гўёки Ўзбекистондаги имом дунёдаги жами ижтимоий-сиёсий жараёнларга масъулдек қарайдиганлар бор.
Иккинчи тоифа: Ўзлари эшитишни хоҳлаган нарсаларини имомдан талаб қилишади. Яъни, шахснинг ўзи ниманидир эшитгиси ёки билгиси келади ва имом ана шундай бўлиши керак, бундай гапларни айтиши керак, деган талабни қўяди.
Жамиятнинг баъзи аъзоларининг эътиборсизлиги, сусткашлиги сабабидан бугун истаймиз-йўқми баъзи муаммолар, камчиликлар бор. Ана шу камчиликларни биргаликда тўлдириш ўрнига, яъники, имомларни ёнида туриб, уларнинг ҳимоячиси, кўмакчиси бўлиб, юкини оз бўлсада кўтармасдан туриб ҳамма нарсани имомнинг елкасига қўйиб қўйиш бу – меҳроб эгаларини кўп соҳаларда мағлуб бўлишларига сабабчи бўлади. Биргина имом нима қилсин....? Бир оила ажралиб кетса ҳам....имом, иккита одам жанжаллашса ҳам....имом, фалон ҳодиса юз берса ҳам....имом айбдорми? Тўғри, ҳар бир нарсада имомнинг ўз ўрни бор, деган тамойилда эътироз йўқ. Чунки, юқорида айтдик, имом - олдинги сафда турувчи, халққа намуна, пешво ва энг асосий маърифатчи. Бироқ шу билан бирга маърифатчи ўзининг вазифасини бажариши учун унга кўмак керак, ёрдам зарур. Кимнинг ёрдами? Оддий халқнинг, инсонларнинг ёрдами. Моддий, маънавий, фикрий ёрдами. Ёки бир маънода ўхшатиш қилсак: “Сиз видеога гапиринг, биз камерани тутиб турамиз”, дейиш керак. Имом-хатиб ўзи тасвир воситасини ушлаб, ўзи гапириши халқ учун, жамият учун ор саналади. Демак, “Сиз шу нарсани қилинг, биз ёнингиздамиз, сиз билан биргамиз, мана бу жиҳатларда ёрдам берамиз”, деган таклифларни беришлари муаммоларни уларнинг елкаларига юклаб қўйишдан кўра тўғрироқ бўлар эди.
Бугун имомларга бўлаётган муносабатни маъжозий маънода айтсак, худдики, Мусо алайҳиссаломнинг қавмлари у зотга: “Роббинг билан баҳс юритиб кел, биз шу ерда кутиб турамиз”, деб айтган гапларига ўхшаш муносабат бор имомларга. Улар маълум маънода ёлғизлатиб қўйилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисолат юкини етказишда саҳобаларнинг ўрни катта бўлган. Буни тарихдан яхши биламиз. Бирлик - исломнинг асосий негизи, қувватидир. Бугун халқимизнинг ихлоси ҳақида эътироз йўқ, халқимининг талаблари эҳтимол тўғридир. Лекин шу талабга яраша кўмакчи халқ, ёрдамчи инсон йўқ. “Биз ёрдам берамиз, сизнинг кўмакчингиз, ансорингизмиз”, дейдиган инсонларни тополмаймиз бугун. Бўлса ҳам жуда озчиликни ташкил этади. Шунинг учун хизматлар кўринмаяпти, вазифалар мукаммал жой-жойида бўлолмай қоляпти. Халқимизда ҳам доно гап бор: “Ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса ҳам донғи чиқмайди”. Худди шу сингари кишининг ёнида кўмакчиси бўлсагина ишлар натижа беради. Шунинг учун биз имомни эҳтиромини қилар эканмиз, шу билан биргаликда уни ёлғизлатиб қўйишимиз керак эмас.
Ижтимой тармоқларда имом домлаларга муносабат
Тан олиш ллозим, фаолиятимизда бугун баъзи муаммоларимиз мавжуд. Улардан бири ижтимой тармоқларда айрим имомларга нисбатан норозилик кайфиятидир. Бунинг бир неча сабабларини кўрсатишимиз мумкин:
Биринчи навбатда, имомлар ёки бошқа уламоларнинг ваъзлари, мавъизаларида учраган хатоликлар. Хато ҳаммада бўлади. Хато қилишдан маъсум бўлган зот бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. У зотдан бошқа ҳамма киши хатокор. Ҳар бир инсонда нуқсон бор. Бир неча йиллар олдин ижтимоий тармоқлар оммалашаётган бир вақтда мавъизаларнинг ҳар қанақасининг чиқиб кетиши ҳолатлари кузатилди. Улар орасида хатиблар томонидан ортида ҳужжати бўлмаган, асосли далили бўлмаган маълумотлар ёки заиф ҳадислар ишлатилган ваъзлар ҳам бўлган. Шунинг учун сўзлаётганда хатосиз гапиришга ҳаракат қилиш керак. Ижтимоий тармоқда бир нарсани эълон қилиб юборсангиз, уни ҳеч қачон тўғирлай олмайсиз. Чунки, бир жойдан ўчирсангиз, бошқа жойда кимнидир, ё қайсидир саҳифаларда сақланиб қолади ва вақтлар ўтгач яна айланиб чиқиб келаверади.
Иккинчи сабаб: имом-хатибларни қасддан обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар бор. Буни тан олмасдан илож йўқ. Қандай қилиб? Дейлик бир имом-хатиб мавъизасининг қаеридадир хато қилди ёки янглишди. Агар янглишганини сезиб, аҳамият қилинмаса, ўтиб кетаверар эди. Бироқ, айнан ўша қисм қирқиб олиниб, оммага эълон қилинади, ёки тўғри гапни нотўғри йўналишга эгри талқин қилинади ёхуд мавъизадаги баъзи сўзларни мутлақо алоқаси бўлмаган қандайдир бошқа кадрлар, воқееликка нисбатан қўллаб, нотўғри талқин этилади. Шунга ўхшаш ҳолатларнинг бари имомни қасддан обрўсизлантиришдир.
Ким учундир бунинг ортида манфаат бор, ва шу сабабдан ўзларининг фойдалари йўлида шу ишларни намоён этиб туришибди.
Учиничи сабаб: Охирги йилларда баъзи кимсаларнинг тушунчасига шу нарса кириб қолганки, бизнинг диёрда туриб гапираётган одам тўғри гапни гапирмайди. “Ўзбекистондан туриб гапирса, бу одам ҳақни гапира олмайди. Четга чиқиб гапирсагина ҳақни гапиради”, дейди. Сиз энг олий ҳақиқатни айтсангиз ҳам, ҳар қандай йўналиш берсангиз ҳам тан олмайди. Бу баъзи инсонларнинг ақл доиралари, дунёқарашларидаги нуқсон. Бундан бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Улар юқоридаги учтанинг атрофидаги иллатлардир.
Хўш, бу муаммоларни қандай енгиб ўтиш керак? Аввало ўз устимизда тинимисиз ишлашимиз, амалларимизда холис бўлишимиз, иложи борича хато қилмаслигимиз даркор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Узр сўрайдиган ишни қилманг, узрга сабаб бўладиган амални қилманг”, деб марҳамат қилганлар.
Таъкидлаш керак, тажрибали имом домлаларимиз, аҳли илмлар жам бўлиб, нуқсонга йўл қўйган ходимларни чақириб, тўғри йўналиш бериб келишмоқда.
Ва энг асосийси, бугунги кун кишиси, айниқса, ёшлар билимни китобдан кўра интернетдан кўпроқ олаётган экан, демак, биз бу оламни янада кенгроқ қамровда забт этишимиз керак, токи, бошқа биров тарбияламасин фарзандларимизни. Тўғри, биз бу оламга кирдик, лекин кечикиб кирдик. Муҳими, бугун имомларимиз бу йўналишда тизимли иш олиб бормоқдалар. Кўникмалар, малакалар шаклланяпти. Баъзилари медиа сохасида анча илагарилаб ҳам кетишди. Ижтимой тармоқда кўринмаганлари ишламаяпти деганлари эмас, чекка ҳудудларда ҳатто маошсиз хизмат қилаётган, масжидини, маҳалласини обод этиб, қавмига дин омонатини, тарбия, маърифатни қаҳрамонларимиз қанча. Аллоҳ барчаларидан Ўзи рози бўлсин! Доимо тўғри йўлда қадамларин мустаҳкам қислсин!
А.Жуманов интервьюси асосида Зоиржон Содиқов тайёрлади
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.
Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.
Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.
Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.
«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.
Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.
Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!
Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.
Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".
Кейинги мавзу:
Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.