Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Март, 2026   |   28 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:14
Қуёш
06:32
Пешин
12:36
Аср
16:44
Шом
18:35
Хуфтон
19:47
Bismillah
17 Март, 2026, 28 Рамазон, 1447

Пора берган ҳам, пора олган ҳам дўзахийдир

21.01.2021   2985   5 min.
Пора берган ҳам, пора олган ҳам дўзахийдир

Дунё қийматсиз, охират аҳамиятли бўлгани учун обид ва зоҳидлар ибодатларини ҳар доим сидқу садоқат, вафою ихлос билан адо этганлар. Тунги ибодатларнинг фазилати кўп бўлгани учун туради, ишқ ва шавқ билан уларни бажаради.

Зоҳид – ошиқдир; кунда ҳам, тунда ҳам холисона қилган ибодатлари қалбини нурлантиради, ишқуллоҳни, муҳаббатуллоҳни ҳосил қилади. Юнус Эмро каби кеча-кундуз ёниб-ўртанадиган бир ошиқи содиқ, обиди зоҳид бўлади. Қилган амалининг натижаси шундай бўлади...

Дунёни севгач, инсон бу ҳаётни севади. Агар ҳаётдаги имонсизлар каби елиб-югуришни, ҳаром мол тўплашни, тўс-тўполон, талон-тарож қилишни истаса, хуш кўрса нима бўлади?... Унда кўзни ҳирс пардаси қоплайди, ҳирсга берилиб, ҳаром ишлар қилади, ҳаром молга қўл узатади, бировни шилади, ўғрилик қилади ва ҳоказо.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қатъий тарзда:

الراشی و لمرتشی في النار

“Пора берган ҳам, пора олган ҳам дўзахийдир”, – дедилар. “Роши” ва “мурташи” “ришват” сўзидан ясалган икки калимадир. Биз “рушват” деймиз. Араблар янада ортиқроқ “ришват” деб атайдилар. Роши-ришват – пора берувчи. Мурташи-ришва – пора оладиган киши. Поранинг тури кўп. Масалан: пора – ҳақи бўлмаган ишни бажариш учун, ишнинг бошида турган раҳбарларни ҳаром йўлга, ғайри қонуний йўлга бошлаш, тўғри йўлдан кўз юмиши, ноҳақлик қилиши учун бериладиган пул ёки бошқа бирор нарса. Натижада ҳар икки томон ҳаром ишга қўл урган бўладилар.

Хоҳ суд, хоҳ солиқ, хоҳ ҳокимият маъмурияти бўлсин, у ерда давлат томонидан ҳар бир фуқаронинг ҳақини ҳисоб-китоб қиладиган, ишчиларига маош берадиган раҳбар ходими бўлади. Бу ходим, албатта, адолатли қонунга кўра ишлаши, ҳар бир фуқаро ҳақини кўз қорачиғидек асраши керак. Лекин пора бериб ўз ишини бажарадиган киши: – “Сен халқ Хақи билан ишинг бўлмасин, лавозимингни ҳам ўйлама. Мен сенга шунча пора бераман. Мени ишимни бажар. Ноҳақ бўлсам ҳам, ишим битсин. Мен сени кўрмадим, сен мени кўрмадинг, тамом, вассалом”, – деб ишини бажариб кетса нима қилган бўлади?

Қонунни, низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган бўлади.

Пора олган раҳбар виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.

Мана шундай йўллар билан жамиятдаги қонунлар оёқ ости бўлади, ривожланиш оқсайди, ҳақлар топталади, мазлум ва бегуноҳ халқнинг ҳақи ҳимояланмайди. Золимлар халқ пулини, молини, давлат хазинасини, бюджетдаги бойликни талон-тарож қиладилар, халқ манфаатларини асло ўйламайдилар. Қалъа деворидан бирор жойга дарз кетса, бир тешик очилса, қалъа қулагани, ҳовузнинг остки қисми тешилиб, ҳовуз сувлари оқиб кетгани каби, натижада оламнинг таъсис этган низом – қонунлари бузилади, даҳшатли зарарлар юзага келади...

Яъни бундай зарарлар пул-молга ўчлик, хизматчининг ўз вазифасини тўғри бажармаганидан юзага келади, албатта. Аллоҳ бундай адолатсизликни севмайди. Шунинг учун “пора берган ҳам, олган ҳам жаҳаннамга маҳкумдир дейилган...”

Демак, иккиси ҳам  дўзахда куяди. Ундай бўлгандан кейин мўъмин бу ишни қилмайди. Чунки мўъминнинг мақсади Аллоҳнинг розилигини топиш, жаннатга кириш, дўзахга кирмасликдир.

Албатта, дўзахга кирмоқ, дўзахда ёнмоқ инсонларнинг жаҳаннамни яхши тасаввур ва тафаккур қилмаганликлари, теран идрок айламаганликларининг жазосидир... Дўзахга киришни гўё бир поезд бекатидан ўтмоқ, бир ерга бориб келмоқ каби енгил деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, инсон бир гугурт донасини қўлида узоқроқ ушлаб турсаю бармоғининг учгинаси куйса, бир неча кунлар оғрийди, чиммиллайди, сув тўплайди, пўсти шилиниб кетади.

Бир гугурт донасининг оловига чидамаган инсонни, куйик дардидан азоб тортиб йиғлаган болани кўз олдимизга келтирайлик! Ана шундан инсоннинг жаҳаннам оловида қандай ёнишини бир тасаввур қилиб кўринг...

Албатта, баъзилар ишонмагандан кейин бефарқ бўладилар ёки дунё ҳирсига берилиб, кўзини ғафлат пардаси қопласа, диний туйғулари заифлашиб дўзахни назар-писанд қилмайдилар... Бундайларни “азизун зунтиқом” – интиқом оладиган, азизу жалил бўлган Аллоҳ жазосини бериши шубҳасиз.

Мана, дунёга муҳаббат қўйиш – ўғрилик, зулм, ҳақсизлик, адолатсизликларнинг қилинишига, жамиятнинг қонун ва низомлари бузилиши сабаб бўлади. Қонун ҳимоячилари ўзини кўрмаганга олади... Ҳақли, мазлум бир чеккада кўз ёши тўкиб қолса, ноҳақ – золим, адабсиз, виждонсиз ишини бажариб юраверади. Жамият учун бундай аҳвол яхши эмас. Жамиятнинг пойдевори адолатдир, золимнинг зулм қилишига имкон бермасликдир. Қонунларни тўғри қўллашдир. Бўлмаса, жамиятга зарар етади. Шунинг учун инсоннинг кўзи тўқ, дунёга ҳирс қўймаслиги лозим...

Мана шу туйғу инсонни ҳаромлардан, ҳақсизликлардан, ўғирликлардан, зулмлардан сақлайди ва уни Аллоҳга йўналтиради, кўз ёшларини тўкдириб ибодат қилдиради. Ошиқи содиқ, фаол бир инсонга айлантиради.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунё етакчилари нигоҳида

17.03.2026   3707   7 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунё етакчилари нигоҳида

Марказий Осиё замини асрлар давомида илм-фан, маърифат ва маънавиятнинг бебаҳо хазинаси сифатида жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшиб келган. Ана шу бой меросни теран ўрганиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – бу нафақат йирик меъморий мажмуа, балки илмий-тадқиқот инфратузилмаси, илғор музей технологиялари, замонавий кутубхона, миллий ва халқаро архив тизими ҳамда рақамли гуманитар платформаларни ўзида мужассам этган ноёб цивилизацион макондир.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 2025 йил сентябрь ойида БМТнинг юксак минбаридан туриб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилгани ва тез орада очилишини маълум қилган эди. Ўтган давр мобайнида экспозицияларнинг ички мазмуни янада бойитилди. Марказ жаҳон жамоатчилиги диққат марказида бўлган ўзига хос масканга айланди. Ҳозирги кунда Марказга дунёнинг турли нуқталаридан олий мартабали меҳмонлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюриб, цивилизациялар, тарихий шахслар ва илмий кашфиётларга бағишланган ноёб илмий лойиҳалар билан яқиндан танишмоқда. Жаҳоннинг таниқли сиёсатчилари ва жамоат арбоблари ушбу ҳақиқатни очиқ эътироф этмоқда.

Сантяго Пеня, Парагвай Президенти:

– Ўзбекистон тарихи ҳақиқатан ҳам беқиёс. У беш минг йиллик тараққиётни ўз ичига олган улкан цивилизациядир. Бир миллатни англаш учун унинг тарихини билиш керак, бу ерда эса тарих жуда бой. Инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшган кўплаб илмий ва маданий ютуқлар айнан шу заминдан келиб чиққан. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — унинг тарихий мероси, илмий ютуқлари ва маданий цивилизациясидир. Масалан, алгебра ёки тиббиёт соҳасидаги илк мукаммал илмий асослар шу юртдан келиб чиққанини кўпчилик билмайди. Парагвай Ўзбекистон билан келгусидаги истиқболли ҳамкорликка тайёр.

 

Қасим-Жомарт Тоқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Picture background

– Айни пайтда халқларимизнинг ўзига хос тарихий-маданий меросига асосланган минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.  Биз Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдик. Бу улкан ва ноёб иншоотдир. Дарҳақиқат, бу илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир. Ўзбекистон Президентининг фикрига қўшиламан: Ислом цивилизацияси маркази бу ерда, Тошкентда, жуда муҳим соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун умумий майдончага айланиши мумкин.

Александр Вучич, Сербия Президенти:

https://cdn-storage-media.tass.ru/resize/1312x868/tass_media/2022/10/25/b/1666698204810271_brXS2c5o.jpg

– Бу йирик илмий-маърифий марказ нафақат хориждан келган меҳмонлар учун, балки ёш авлод вакиллари учун  ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Чунки улар бу марказ орқали ўзбек халқи маданияти ва  тарихи билан таниша оладилар. Ислом цивилизацияси маркази ниҳоятда замонавий ва ажойиб усулда бунёд этилган. Мен бунга ўхшаш марказни аввал ҳеч қаерда кўрмаганман. Мен  сербиялик барча ватандошларимга шундай деган бўлардим: Азизларим, мен жуда катта хато қилганман, чунки Ўзбекистонга  илгари ҳеч қачон келмаганман. Илтимос, имкон қадар тезроқ бу юртни кўриш учун келинглар.

Александр Стубб, Финляндия Президенти:

Picture background

– Ростини айтсам, бу ерда мен беқиёс таассуротлар гирдобига тушиб қолдим. Ҳар бир экспозиция, ҳар бир зал, ҳар бир детал чуқур ўйланган. Уч минг йиллик тарихни бугунги авлодга шу даражада замонавий шаклда етказиб бериш — бу юксак санъат ва буюк маҳорат талаб этади. Бу Марказ нафақат ўтган асрлар меросини қайта жонлантирган, балки келажак авлод учун ҳам илҳом манбаига айланган. Айниқса, интерактив намойишлар ва инновацион технологиялар ёшларни ўзига жалб этади. Улар бу ерда тарихни ўқимайди — уни ҳис қилади.

Илҳом Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти:

Picture background

– Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган ушбу марказ мамлакат раҳбари Ўзбекистоннинг бой маданий қадриятларига содиқлигининг яна бир ёрқин исботидир. Айрим мамлакатларда динимизга нисбатан хуружлар кучайиб, исломофобия тизимли тус олаётган бир пайтда, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун дунёга ислом — бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини намоён этади. Ислом оламининг буюк намояндалари жаҳон илми ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, Ислом цивилизацияси маркази буни яққол кўрсатиб турибди. Ишончим комилки, Тошкентдаги салобати ва экспозицияси жиҳатидан ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом оламининг фахр-ифтихорига айланади.

Радий Хабиров, Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари:

https://www.bashinform.ru/attachments/a1ce450a57c97346f71826f7d6be81fb7e60d4f2/store/crop/0/67/1280/720/1600/0/0/8d2a27696c553a42f0e0821807c77b7fe8655a2016edb6a9cd4ca4b56a46/2190779.jpeg

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказ ҳақидаги фикрларини ўқиб қолдим: “Марказнинг асосий вазифаси — Исломнинг ҳақиқий гуманистик ва маърифий моҳиятини кўрсатишдир.” Бу жуда чуқур ва долзарб ёндашув. Бугун бу фикрнинг нечоғли тўғри экани ўз тасдиғини топди.

Бу ерда замонавий технологиялар билан классик музей санъати жуда уйғунлашган. Айниқса, болалар учун яратилган интерактив воситалар алоҳида эътиборга лойиқ — бу бугунги авлод тарбияси учун ниҳоятда муҳим. Мени айниқса “Исломдан аввалги давр” бўлими қизиқтирди. Чунки ўша даврларга оид топилмаларни сақлаш ва намойиш қилиш жуда мураккаб иш. Бироқ бу ерда милоддан аввалги минг йилликларга оид экспонатлар бор. Инсоният тараққиётининг илк босқичлари жуда пухта ёритилган. 

Очиғи, мен бугун кўрганларимдан хулоса қилдим: Тошкентда ҳақиқий туристик дурдона пайдо бўлган. Ўзбекистонга келган ҳар бир инсон айнан шу Марказни кўриши шарт. Ҳатто 2–3 кунлик сафар бўлса ҳам, камида бир кунни шу ерга бағишлаш керак. Чунки бундай масканлар одамнинг тафаккурини ўзгартиради, ёшлар учун эса улкан мактабдир.

Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний, Осиё Олимпия кенгаши президенти:

Picture background

– Бу марказда бирор бир жиҳатни алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин — ҳаммаси ниҳоятда гўзал ва пухта ўйланган. Милоддан аввалги уч минг йиллик тарихдан бошлаб бугунги Янги Ўзбекистонгача бўлган давр изчил ва мантиқий тарзда ёритилган. Бу эса мамлакатда вақт ўтиши билан қандай улкан ўзгаришлар юз берганини аниқ ва равшан кўрсатиб беради. 

Бу марказ Президентингиз ташаббуси билан барпо этилгани бежиз эмас. У жуда улкан ва масъулиятли ишни амалга оширди. Ислом тарихи ва бой меросини асраб-авайлаш, уни замонавий, содда ва тушунарли визуал воситалар орқали кенг жамоатчиликка етказиш катта саъй-ҳаракат ва юксак ёндашувни талаб қилади. Бу ҳақиқий ўрганиш ва англаш маскани. Бу ерга келган ҳар бир инсон — у мусулмон бўладими ёки йўқми — тарих ва маданиятни осон англай олади. Бу ишларнинг барчаси ортида ниҳоятда катта меҳнат ва фидойилик мужассам.

P/s: Умуман олганда, ушбу Марказ нафақат юртимизнинг бой маънавий меросини намоён этувчи маскан, балки жаҳон ҳамжамиятига унинг бебаҳо илмий ва маданий бойликларини кенг тарғиб этувчи, цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим маънавий-илмий кўприк вазифасини ҳам бажармоқда.

Ўткир Алимов, ЎзА

манба: https://uza.uz/uz/posts/ozbekistondagi-islom-civilizaciyasi-markazi-dunyo-etakchilari-nigohida_832854

Ўзбекистон янгиликлари