Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Феврал, 2026   |   5 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:50
Қуёш
07:09
Пешин
12:42
Аср
16:22
Шом
18:09
Хуфтон
19:21
Bismillah
22 Феврал, 2026, 5 Рамазон, 1447

Липосакция: Инсон танасидаги ортиқча ёғларни олиб ташлашнинг шаръий ҳукми

20.01.2021   2288   7 min.
Липосакция: Инсон танасидаги ортиқча ёғларни олиб ташлашнинг шаръий ҳукми

 

Савол: Ассалому алайкум, охирги йилларда "липосакция" жарроҳлик амалиётининг ўтказилиши кўп кузатилмоқда. Динимизда инсон танасидаги ортиқча ёғларни жарроҳлик амалиёти орқали олиб ташланиши ҳақида нима дейилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Ислом динининг асосий тамойилларидан бири бири бу бандалар ҳаётида вужудга келадиган танглик ва қийинчилик каби машаққатларни кўтарилганлигидир. Аллоҳ таоло буни бандаларига бўлган меҳр-шафқатининг чексизлиги сабаб жорий қилган. Шариат қоидаларидан бирида

 “المشقة تجلب التيسير” (“Машаққат енгиллик келтиради”) дейилса, бошқасида "الضرر يزال" (“Зарар кетказилади”) дейилади. Шунинг учун ҳам фақиҳлар ўзлари томонидан баён қилинган ҳукм ва фатволарнинг аксарида ана шу тамойил ва қоидаларни асос қилиб олишган.

Бугунги кундаги инсонлар турмуш тарзи катта ўзгаришларга дуч келди. Меҳнат жараёни, овқатланиш одатлари, дори ва озуқа моддалариинг ранг-баранглиги шулар жумласидандир. Кун бўйи компьютер қаршисида ўтириб ишлаш ҳамда озиқ-овқат ва дори-дармонлар таркибидаги айрим гормонларга ўхшаш моддаларнинг мавжудлиги натижасида инсонлар тана вазнининг ортиб кетиши каби турли-туман муаммолар келиб чиқмоқда. Маълумки, семизлик туфайли одамда юрак қон-томир ва бошқа касалликлар келиб чиқиши осонлашади.

Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшаш ортиқча вазн муаммосига олиб келмайди. Чунки Ислом инсонни меъёрида ва соғлом овқатланиш (рўза тутиш, парҳез) ҳамда жисмоний хатти-ҳаракатларни кўпайтиришга тарғиб қилади. Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар Миқдод ибн Маъдийкарибдан ривоят қилган ҳадисда

المقداد بن معدي كرب - رضي الله عنه - قال: سمعتُ رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقول: ما ملأ آدمي وعاء شرًّا من بطن، بحسب ابن آدم أكلات يقمن صلبه، فإن كان لا محالة فثلث لطعامه، وثلث لشرابه، وثلث لنفسه.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмон идиш йўқ. Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафаси учундир”.

Ушбу ҳадисда меъёрида таомланишга тарғиб бўлса, Имом Муслим ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жисмоний фаолликка чақириб бундай дедилар:

عن أبي هريرة  قال: قال رسول الله ﷺ: المؤمن القوي خير وأحب إلى الله من المؤمن الضعيف وفي كل خير، احرص على ما ينفعك، واستعن بالله ولا تعجز... رواه مسلم

"Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!".

Бироқ ортиқча вазнга мойиллик ёки танага эътиборсизлик туфайли инсонда семириш юзага келса ва у саломатликка хавф сола бошлаган пайтда бугунги кунда тиббиётда вужудга келган янги турдаги липосакция деб номланган жарроҳлик амалиёти орқали гавдани коррекция қилишга рухсат берилади. Бу амалиётда оздириш ва диета билан ҳаракат қилганда кетмаган жойлардан ортиқча ёғлар олиб ташланади ва зарар кетказилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قال النبي صلى الله عليه وآله: تداووا فإن الله عز وجل لم ينزل داءً إلا وأنزل له شفاءً

"Даволанинглар, Аллоҳ таоло бирон дард берган бўлса, албатта унинг давосини ҳам берган", деганлар.

Лекин шуни яхши билишимиз керакки, динимиз кўрсатмаларига амал қилмай яшаб, пала-партиш овқатланиш ёки камҳаракатлик билан инсон ўзига-ўзи ортиқча вазнни йиғиб олиб, бундай муолажаларга мурожаат қилишгача етиб бориши Аллоҳ таоло инсонларга омонат сифатида берган тана аъзоларининг шукрини адо қилиш бўлмайди.

Аъзолардан ташқари жон ҳам инсонга бир омонатдир. Жонни берувчи Аллоҳдир, вақти келганда бу омонатни қайтариб олади. Ўз-ўзини ўлдирган кишилар ва ўлимга олиб борувчи касалликка дучор қилувчилар Аллоҳнинг бу омонатига хиёнат қилганлари учун катта гуноҳкор бўладилар. Шунинг учун жисмимизни турли касалликлардан эҳтиёт қилиш, уни саломат сақлашга ҳаракат қилишимиз ҳам омонатни сақлаш ҳисобланади.

Шу ўринда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги замон умматлари тўғрисидаги башоратларини ўз ичига олган ҳадисни эслатиб ўтиш ўринли.

عن عِمْرَانَ بْن حُصَيْنٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : إِنَّ خَيْرَكُمْ قَرْنِي ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ . قَالَ عِمْرَانُ : فَلَا أَدْرِي أَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعْدَ قَرْنِهِ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثَةً . ثُمَّ يَكُونُ بَعْدَهُمْ قَوْمٌ يَشْهَدُونَ وَلَا يُسْتَشْهَدُونَ ، وَيَخُونُونَ وَلَا يُؤْتَمَنُونَ ، وَيَنْذِرُونَ وَلَا يُوفُونَ ، وَيَظْهَرُ فِيهِمْ السِّمَنُ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшингиз менинг асримда яшаганларингиз. Сўнг улардан кейин келганлар. Сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнг улардан кейин келадиганлар. (Шу ерда Имрон айтади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз асрларидан кейин икки асрни санадиларми, учта асрни тилга олдиларми, аниқ билмиман). Сўнг улардан кейин гувоҳликка чақирилмаса ҳам гувоҳлик берадиган, омонатдорлиги йўқ бўлиб, хоинлик қиладиган, назр қилиб унга вафо қилмайдиган одамлар келади. Уларда семизлик пайдо бўлади”.

Албатта, бу ҳадисда хилқат жиҳатидан эмас, балки пала-партиш овқатланиш, еб-ичиш ва маишатларга керагидан ортиқча берилиб кетиш оқибатида келиб чиқадиган тана оғирлиги ҳақида гап кетади. Исломда ҳеч қачон хилқатдаги айб туфайли инсон камситилмайди. Лекин семизлик яхши хислат эмаслигидан огоҳлантириш бор.

Демак, инсон эҳтиётсизлик туфайли ушбу турдаги амалиётга киришадиган бўлса, дастлаб у Аллоҳга тавба қилиб, амалиётдан кейин суннатга мувофиқ тартибли ҳаёт кечириши талаб этилади.

Айни вақтда шуни эслатиб ўтмоқчимизки, танадаги ортиқча вазн хавфсиз бўлишига қарамай шунчаки гавданинг ташқи кўринишини янада мукаммал кўринишга келтириш учун бундай амалиётга қадам қўйиш Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан ҳаром қилинган амалиётлар сирасига кириб қолади:

وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا

"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят).

Шунингдек, мазкур турдаги амалиётларнинг зарари семизликдан етадиган зарарга тенг ёки ундан кўп бўлган ҳолатларда ҳам қилиш мумкин эмас.

Кўпроқ аёлларда учраб турадиган яна бир муаммо ҳомиладорликдан кейинги асоратлар ёки бошқа сабабларга кўра қоринни “фартук”ка ўхшаб осилиб қолишини йўқотиш учун қилинадиган абдоминопластика деб аталувчи жарроҳлик амалиётининг ҳукми ҳам ҳудди мана шу шартлар билан жоиз бўлади, яъни шартларнинг ҳаммаси ёки улардан бири топилмаганда ҳаром бўлади. Бунда осилиб қолиб, инсонга машаққат етказаётан қоринни кесиб олиб ташланади. Валлоҳу аълам.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мудири ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТДА МЕҲР-МУРУВВАТ ЖЎШ УРАЁТИР

21.02.2026   2229   1 min.
ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТДА МЕҲР-МУРУВВАТ ЖЎШ УРАЁТИР

Юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва кўтаринки руҳда ўтказишга ҳар йили алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизни беҳад қувонтирмоқда. Бу йилги табрик ва мурожаатларда Рамазон ойининг асл моҳияти – инсон қадрини улуғлаш, меҳр-мурувват ва саховатни кенг ёйиш, жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш каби эзгу ғоялар устувор экани таъкидланди. 
Бугун Рамазон нафақат ибодат ойи, балки жамиятда эзгулик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари янада мустаҳкамланадиган муҳим маънавий палла сифатида намоён бўлмоқда.
Тажриба ва кузатишлар шуни кўрсатдики, дунё амалиётида Рамазон ойини муносиб ўтказишга доир давлат даражасида алоҳида қарор қабул қилиниши кам учрайди. Юртимизда эса бу масалада тизимли ёндашув йўлга қўйилгани муборак ойнинг моҳиятини чуқур англаб, унинг юксак инсоний қадриятлар асосида ўтказилишидан далолат беради. Айниқса, бу йилги Рамазон муносабати билан илгари сурилган ташаббусларда «Инсон қадри учун!» деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси яққол кўзга ташланмоқда.
«Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида қабул қилинаётган қарор ва ташаббусларда Рамазон ойини саховат, ҳамжиҳатлик ойига айлантириш, муҳтожлар, беморлар, ногиронлар ва фахрийларга меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу ғоялар мужассам. Бу эса Рамазонни ҳам ибодат, ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлаш ойи сифатида тараннум этишга хизмат қилмоқда. 

Абдуғофур домла Раззоқов, 
Бухоро вилояти Когон тумани “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари