Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Сентябр, 2025   |   7 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:59
Қуёш
06:18
Пешин
12:18
Аср
16:22
Шом
18:12
Хуфтон
19:24
Bismillah
29 Сентябр, 2025, 7 Рабиъус сони, 1447

Қозиликни тарк этган муҳаддис

19.01.2021   2282   3 min.
Қозиликни тарк этган муҳаддис

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм Зобий Найсобурий ҳижрий 359 йилда Найсобур (ҳозирда Эроннинг Машҳад шаҳри ғарбида жойлашган шаҳар)да таваллуд топди.

Илк диний сабоқларни отасидан, сўнгра амакисидан олди. Кейинчалик, Ироқ Ҳижоз, Хуросон ва Мавороуннаҳрга илм олиш мақсадида сафар қилди. У ерларда икки мингга яқин устозлардан илм олди, ҳадислар тўплади.

Абу Саҳл Саълукий, Абу Бакр Аҳмад ибн Сулаймон, Абулаббос, Даълажа ибн Аҳмад, Ибн Аҳзом, Абу Али Насобируй, Дорақутний каби йирик уламолардан ҳадис илмини эгаллади. Ўз навбатида Имом Байҳақий, Абулфаттоҳ ибн Абулфаворис, Абу Зарр Ҳиравий, Абу Солиҳ Ҳиравий каби забардаст шогирларга устозлик қилди.

Ўз юрти – Найсобурга қайтиб, у ерда қозилик билан шуғулланди. Шунинг учун уни Ҳоким деб аташган. Бошқа шаҳар қозилари агар бирор қийинчиликка дуч келишса, Имом Ҳокимга мактуб ёзиб, шу ишнинг ҳукмини сўрардилар. Кейин жавобга қараб ҳукм қилардилар. Аммо Имом Ҳоким бир муддат илм эгаллаш ва асарлар ёзиш мақсадида қозиликни тарк қилди.

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ умрининг асосий қисмини ҳадис илмини ўрганишга бағишлади. “Илал”, “Амолий”, “Фавоидул шуйух”, “Маърифат улум ал-ҳадис”, “Тариху уламои Найсобур”, “Мадхалу ила илми ас-саҳиҳ”, “Мустадрак ала саҳиҳайни”, “Мусталаҳ ал-ҳадис” ва бошқа кўплаб асарлар ёзди, 1500 жуздан ортиқ катта илмий-маънавий мерос қолдирди.

Ҳоким Найсобурий раҳматуллоҳи алайҳ “Маърифат улум ал-ҳадис” (“Ҳадис илмларини билиш”) асарида бир қатор ишончли ровийлар томонидан ривоят қилинган, аммо заиф ва нуқсонли деб билган ҳадисларни келтириб, “ҳадислардаги ёлғонни аниқлаш учун иснодни чуқур таҳлил этиш керак”, деб ёзади. Олимнинг ҳадис соҳасида ёзган асарлари мазкур йўналишда тадқиқотларнинг ривожланишига туртки бўлди.

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг юксак илмий салоҳиятини бир қанча олимлар эътироф, мадҳ этганлар. Жумладан, Ибн Халликон: “Имом Найсабурий ўз даврининг имоми, қатор китоблар муаллифи, ҳадис ва фиқҳ олимларидан эди”, деган.

Абу Ҳозим айтадилар: “Найсобурда Муслим ибн Ҳажжождан кейин ҳадис илмида энг машҳури Имом Ҳоким эди. Ҳижоз, Шом, Ироқ, Тобаристон ва Хуросонда унга тенг келадиган олим топилмаган”.

Ҳофиз ибн Касир: “Имом Ҳоким омонатдор, хотираси мустаҳкам ва тақводор муҳаддис эди”, деган.

Муҳаддис Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 405 йили вафот этди.

 

Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадислардан намуналар:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигида бўлади. Ота-она ғазаб қилганга Аллоҳ ҳам ғазаб қилади”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқдир”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – узоқ умр кўриб, кўпроқ яхши амаллар қиладиганларингиздир”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нафсингни қолдир-да, Менга кел...

26.09.2025   8484   4 min.
Нафсингни қолдир-да, Менга кел...

Ўз хоҳиш-истакларига қаттиқ берилиш ва Аллоҳга итоат этишдан бош тортиш – нафснинг эгизак сифатларидир ва барча муваффақиятлар йўлини тўсувчидир. Айнан шунинг учун ҳам бузғунчи нафс жазоланишликка лойиқдир. Яъни гуноҳга ундовчи нафсни синдириш учун унга қарши курашиш, бунинг учун нафсни барча манфурлиги, қабоҳати ва разолатини ўзига кўрсатган ҳолда камситиш йўли билан жазолаш лозим. Ғазаб оловида  алангаланаётган нафсга қарши туришнинг энг яхши йўли бу уни чиройли ахлоқ билан жиловлаб, юмшоқлик ва беозорлик билан сўндиришдан иборатдир.

Тақво соҳиби Зунуни Мисрий қуддиса сирруҳу марҳамат қиладилар:

“Инсондаги ахлоқий фасод ва тубанлашувнинг сабаби олтитадир:

Биринчиси – охирати учун бажарадиган амалларда ниятнинг заифлиги;
Иккинчиси – вужуднинг ҳирсу шаҳватлар тутқунига айланиши;
Учинчиси – ўлим яқинлигига қарамай, узундан узоқ орзу ҳаваслар гирдобида ғарқ бўлиш.
Тўртинчиси – одамлар ризолигини Аллоҳ ризолигидан афзал кўриши.
Бешинчиси – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тарк этиб, ҳавойи нафсига эргашиши.
Олтинчиси – ўзининг гуноҳларини оқлаш учун ўтган солиҳларнинг озгина камчиликларини дастак қилиши, уларнинг кўп яхши, ўрнакли амалларига эса эргашмаслиги[1]”.

Улуғ шайхларнинг ишончли, мўътабар китобларида нафсга қарши курашнинг кўплаб усул ва йўллари мавжудлиги айтилган. Аллоҳнинг розилигига эришмоқчи бўлганлар доимо ёдларида тутишлари учун улардан баъзларини келтириб ўтамиз.


Худони таниган азизлардан бирлари айтган эканлар:

“Биз тасаввуфни қандайдир сўз ва иборалардан эмас, балки очлик, дунё лаззатларидан воз кечиш, ёмон одатларни тарк этиш, Аллоҳнинг буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтиш билан топдик”.


Бошқа бир донишманддан сўрабдилар:

– Нафсни жиловламоқ учун унга қандай монеълик қилиш зарур?

У зот жавоб берибдилар:

– Очлик ва ташналик билан кишанла, шон-шуҳратга, улуғликка бўлган интилишларини ва хоҳишларини сўндириб камсит, бой кишиларга хос бўлган одату сифатлардан уни маҳрум эт.


Абу Язид қуддиса сирруҳудан нақл этадилар:

Тушимда Аллоҳни кўрдим ва Ундан сўрадим:

Эй яратган Эгам, менга Ўзингга элтадиган йўлини кўрсат!

Аллоҳ таоло марҳамат қилди:

– Нафсингни қолдир-да, Менга кел.


Шайхлардан бирлари шундай дебдилар:

“Бизнинг йўлимиз (тариқат) учта қоидага асосланган: фақат оч қолганда ейиш, беилож бўлгандагина ухлаш ва энг зарур пайтдагина сўзлаш!”.


Пирлардан яна бирлари муридига шундай насиҳат қилибди:

– Мусибат уч сабабга кўра келади: бадхулқлик, ёмон одатлардан қайтмаслик ва ёмон дўстликдан.

Талаба сўрабди:

– Бадхулқлик недир?

Пир жавоб берибди:

– Ҳаром емоқ.

Шогирд сўрабди:

– Одатлардан қайтмаслик деганда нимани тушунамиз?

Пир жавоб берибди:

– Бу кўз ва қулоқни тиймаслик — ҳаромга қараш, ғийбатга ўч бўлишлик.

Мурид яна сўрабди:

– Ёмон дўстлик дегани нимадир?

Бунга пирнинг жавоби шундай бўлибди:

– Кўнгилда пайдо бўлган нафсоний истакка дарҳол эргашишлик.


Таниқли илоҳиятчилардан бири бундай дейди:

“Бизнинг вазифамиз бизга ёмон муносабатда бўлганлардан қасос олиш эмас, аксинча, камтаринлик ва оддийлик билан улардан узр сўрашдир. Кимгадир туйилган нафрат туйғуларидан кўнгилни поклаш учун ўша одамга мурувват кўрсатиш керак эмасми?!”

Шундай қилиб, кимки нафсини улуғласа, дин унинг учун қадрсиздир. Ва аксинча, ким динини қадрласа, нафс унинг учун манфурдир (нафратлангандир).

Оддий одамлар ўз хатти-ҳаракатларини тузатишликка интиладилар, мумтоз зотлар эса ўзларининг руҳоний дунёлари ва ички аҳволарини яхшилашга эътибор қаратадилар.

Аллоҳга ибодат қилишда очликка чидаш ва тунги бедорликларга бардош беришлик у қадар қийин иш эмас. Аммо кишининг ўз феъл-хуйини бўлмағур одатлардан тозалашлиги хусусида гапирадиган бўлсак, бу ўта оғир ва мушкул ишдир.


Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.


[1] Масалан, ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳумнинг ўрталаридаги ихтилофларни нотўғри талқин қилишиб,  уларнинг мақтовга сазовор гўзал хислатларидан кўз юмадилар. Муҳаррир.