Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2025   |   23 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:03
Пешин
12:23
Аср
16:43
Шом
18:36
Хуфтон
19:49
Bismillah
15 Сентябр, 2025, 23 Рабиъул аввал, 1447

2. БАҚАРА СУРАСИ, 243–245 ОЯТЛАР

18.01.2021   6456   5 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 243–245 ОЯТЛАР

۞أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِينَ خَرَجُواْ مِن دِيَٰرِهِمۡ وَهُمۡ أُلُوفٌ حَذَرَ ٱلۡمَوۡتِ فَقَالَ لَهُمُ ٱللَّهُ مُوتُواْ ثُمَّ أَحۡيَٰهُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَذُو فَضۡلٍ عَلَى ٱلنَّاسِ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَشۡكُرُونَ٢٤٣

243. (Эй Муҳаммад), ўлимдан қўрқиб, диёрларидан қочиб чиққан минглаб одамларни кўрмадингизми? Аллоҳ уларга "Ўлинглар!" деди, сўнг уларни тирилтирди. Аллоҳ албатта одамларга фазлу карам қилувчидир, лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайди.

Қуръони каримнинг мазкур оятида ўтмишда яшаб ўтган бир қавм қиссасини баён этиш орқали ҳаёт ва ўлим, ўлгандан кейин тирилиш масалалари ўзига хос бир йўсинда зикр этилади. Қадимда бир қавм ўтган экан (унинг қайси қавмлиги ҳақида тарихчилар бир қарорга келишмаган). Ўша қавмга қайсидир бир кўринишда ялпи ўлим келади. Эҳтимол, у вабо ёки тузалмас бир касаллик бўлгандир ёхуд душман бостириб киргандир ё бошларига бирор табиий офат келгандир. Хулласи, ўша қавм ўлимдан қутилиб қолиш учун яшаб турган жойларини ташлаб, бир хавфсиз жой қидириб кетаётганида Аллоҳ таолонинг "Ўлинглар!" деган амри келиб, барчалари бир сония ичида ҳалок бўлишди. Кейин эса Аллоҳ уларни тирилтиришни истади ва барчалари қайта ҳаётга қайтишди. Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ қазои қадаридан қочишнинг асло иложи йўқ, У бир бандага ўлимни ирода қилса, энг бехатар жойда ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Шу ўринда ибратли бир ривоятни келтириб ўтсак: "Бир қўрқоқ киши бор эди, уруш пайтида доим лашкарнинг орқа тарафида беркиниб юрар, қилич-ўқдан қочишга ҳаракат қилар эди. Бир куни қарашса, ўша киши қўшиннинг энг олдинги сафида жанг қилаётган эмиш. Шунда бунинг сабабини сўрашибди. Бояги киши бундай жавоб қилибди: "Ўтган куни жанг пайти бир камон ўқи келиб олдимга тушди. Назаримда ўқ қимирлаётгандай туюлди. Эътибор бериб қарасам, ўқ тупроқ остида яшириниб ётган илонга келиб санчилган экан. Шундан хулоса қилдимки, қаёққа қочсам ҳам ажал етса, қутилиш йўқ, ўша жойда тутиб оларкан. Шунинг учун қўрқувни бир четга улоқтириб, жангда олдинги сафга ўтдим...".

وَقَٰتِلُواْ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٞ٢٤٤

244. Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва англангларки, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.

Аллоҳ йўлида жанг қилиш дегани, Унинг дини равнақ топиши ва ёйилиши, зулм ва золимлар йўлига тўсиқ қўйилиши, инсоний муносабатларда Ислом адолати ўрнатилиши йўлида олиб борилган жидду жаҳд, яъни интилиш ва ҳаракатлардир. Ислом ақидасига кўра, "жидду жаҳд" бирор ишга қатъий азму қарор қилиш маъносини англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мўминларга: "Энг улуғ жиҳод инсоннинг ўз нафсига қарши олиб борган жиҳодидир", дея таълим берганлар. Ояти карима огоҳлантиряптики, эй инсонлар, ҳаётга муҳаббат ёки ўлимдан қўрқиш туйғулари сизларни жидду жаҳд қилишдан тўсиб қўймасин. "Ислом террорни лаънатлайди" китобида бундай ёзилган: "Адолат, тинчлик ва ўзаро тенглик ўрнатиш учун, одамларга нисбатан адолатсизлик қилаётган, уларни хўрлаётган, зулм ва шафқатсизлик кўрсатаётган, инсоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётган кимсаларга қарши ғоявий кураш олиб бориш ҳам жиҳод ҳисобланади. Худди шу йўсинда динга қарши бўлган, даҳриёна ва худосизликка асосланган таълимотлар билан ҳар қандай кўринишда ғоявий кураш олиб бориш ҳам том маънода жиҳоддир" (Тошкент, "Мовароуннаҳр", 2003 йил, 31-бет).

مَّن ذَا ٱلَّذِي يُقۡرِضُ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗا فَيُضَٰعِفَهُۥ لَهُۥٓ أَضۡعَافٗا كَثِيرَةٗۚ وَٱللَّهُ يَقۡبِضُ وَيَبۡصُۜطُ وَإِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ٢٤٥

245. Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи бўлса, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтаради. Аллоҳгина ризқларни кам ва мўл қилади. Сизлар Унинг ҳузурига қайтасизлар.

"Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи" ҳақида Абу Яъло улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: "Ушбу ояти карима нозил бўлгач, Абу Даҳдоҳ: "Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ҳам биздан қарз сўрайдими?" деб сўради. "Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ", дедилар Набий алайҳиссалом. "Қўлингизни узатинг, эй Аллоҳнинг Расули", деган эди, Расулуллоҳ унга қўлларини узатдилар. "Олти юзта хурмоси бўлган мана шу боғимни Парвардигоримга қарзга бердим", деди Абу Даҳдоҳ. Кейин у боғини ўраб турган девор олдига келиб аҳли аёлини чақирди: "Эй Умму Даҳдоҳ!". Аёли "лаббай" дея жавоб қилганида "Чиқ боғдан, мен уни Парвардигоримга қарзга бердим", деди.

Бу воқеадан ибрат шуки, Аллоҳ таоло йўлида жанг қилиш ё мол сарфлашдан ҳеч ким ҳаргиз четланмасин. Чунки жон ҳам, мол ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулкидир. Истаса, ўликка жон ато қилади, хоҳласа, ғариб-мискин кишини подшоҳ этиб кўтаради. Олгиси келса, соғнинг ҳам жонини олади, подшоҳни гадога айлантиради. Ҳеч ким камбағаллашиб қоламан, дея Аллоҳ таоло йўлида қарзи ҳасана (чиройли қарз) беришдан хавфсирамасин. Ризқни камайтириб, тор қилувчи ҳам, уни кенгайтириб мўл қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

12.09.2025   5147   1 min.
ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

#xabar #fatvo 
 Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг VI йиғилиши доирасида мазкур тузилма қошидаги Фатво ҳайъатининг II мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон давлатларидан келган фатво мутахассислари томонидан бир қатор фиқҳий масалаларнинг якуний муҳокамаси бўлиб ўтди.

 Хусусан, оила, никоҳ, ажрим, инсон органларини кўчириш, ҳаж ва умра, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли  борасида юзага келган шаръий масалалар ҳақида замонавий фатволар лойиҳалари пухта кўриб чиқилди. 

 Ҳамжиҳатлик руҳида ўтган йиғилишда уламолар диний масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, умумий ечимга келиш анъанасини бошлаб бердилар. Бу эса мусулмон умматининг бирдамлигини мустаҳкамлайди, ихтилофларнинг олдини олади ва туркий халқлар орасидаги бирдамликни кучайтиришга хизмат қилади.

 Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилишда қўшма қарорлар юзасидан чиқарилган фатволар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва имзоланиш учун Туркий давлатлар муфтийлари кенгашига тақдим қилинди.

 Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг таклифи билан тузилган эди. 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати 

ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ФАТВО ҲАЙЪАТИ МАЖЛИСИДА ЗАМОНАВИЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ