Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Бешинчи муъман биҳнинг шарҳи
Яна охир кунининг иймони,
Будур, айтай, эшитингиз они.
Бурноғи манзил анда гўрдурур,
Гўр элидин Худой сўрдурур.
Ул сўриқчи икки фариштадур,
Ким, бурун бўлди отлари мазкур.
Дер, Худойинг, пайғамбаринг кимдур?
Динингу роҳу раҳбаринг кимдур?
Гар жавобини басавоб дегай,
На алам кўргайу на ғусса егай.
Қабрини кенг Худой қилғай анга,
Равзан учмоқ сари очилғай анга.
Кеча-кундуз анга аён бўлғай –
Ким, ери равзада қаён бўлғай.
Гар жавобини яхши айтмаса,
Тенгри анинг сариға қайтмаса,
Бошиға оҳанин чумоқ егай,
Роҳату айши ал-фироқ, дегай.
Унини топқонида гурз асари,
Эшитур ғайри одамий-парий.
Гар парию башар эшиткайлар,
Ғуссадин жонларин эриткайлар.
Қабр ул навъ зўр ила сиққай,
Бир-бирига сўнгакларин тиққай.
Равзан ўлғай анга сақар сариға,
Юз туман ранжу шарар сариға.
Ерини дўзах ичра кўргай ул,
Гаҳ ўту гаҳ ях ичра кўргай ул.
НАСРИЙ БАЁН
Иймон келтириш шарт бўлган бешинчи нарсанинг шарҳи
(Иймоннинг бешинчи шарти)
Яна охират кунига ишонмоқ шартдир, мен айтайин, сиз буни эшит(иб эслаб қол)инг.
Охиратнинг биринчи манзили қабрдир. Қабр аҳлини Аллоҳ таъоло (икки фаришта орқали) сўроқ қилдиради. Сўрайдиган у зотлар эса икки фариштадирки, олдинроқ номлари (Мункар ва Накир деб) зикр қилинди.
Улар: “Раббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг қайси? Йўлинг қайси ва раҳбаринг ким? (Қибланг қаер?)” деб сўрайдилар. Агар киши жавобини тўғри айта олса, у на алам-азоб кўради, на ғам-ғусса чекади.
Аллоҳ қабрини унга (кўзи етадиган жойгача) кенг қилиб қўяди ва жаннат сари (жаннатдаги манзилини кўриб туриши учун) унга қабрдан бир дарча очиб қўйилади. Ҳар кеча-кундуз унга жаннатдаги жойи қаерда эканлиги аён бўлиб туради.
Агар (қабрдаги одам икки фаришта сўроғига) жавобини яхши айта олмаса, Аллоҳ у томонга қайтмаса, яъни ундан юз ўгирса, у бошига темир гурзидан зарбалар ейди. Раҳмати ва яхши ҳаёти унга ал-фироқ (ал-видо) дейди. (Чумоқ – олти қиррали темир гурзи. – “Ғиёс ул-луғот”)
Гурзи асари етиб, у доду фарёд қилганида, унинг фиғону ноласини одамзод ва жин қавмидан бошқа барча мавжудоту махлуқот эшитади. Агар уни жин қавми ва одамзод қавми эшитса эди, ғуссадан (қайғудан) жонлари эриб кетар эди.
Қабр уни куч билан шу қадар қаттиқ қисадики, ҳар қисганида суякларини бир-бирига киритиб юборади. Унга дўзахдаги жойи томон, юз минг азоб ва олов-аланга томон бир дарча очиб қўйилади. У дўзах ичидаги ўз жойини гоҳ олов, гоҳ муз ичида кўриб туради.
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази