Мусулмонлар Қурайш карвонига эга чиқиш учун Мадинадан ташқарига чиқишди. Чунки Маккалик мушриклар уларнинг бор-будини тортиб олган эди. Қурайшнинг катталари уларнинг молини мусодара қилган эди. Аммо Абу Суфён мусулмонлардан карвонни олиб қочиб узоқроқ жойга тушди ва Маккадан ёрдам кучи сўраб киши жўнатди. Қўшин келди.
Мусулмонлар ўзлари ўйламаган жанг олдида туришар эди. Жанг бошланишидан олдин Саъд ибн Муоз розиёллоҳу анҳу кучлар нисбатига боқиб мушрикларнинг кўплигини аниқлади. Улар жуда қаттиқ тайёргарлик билан жангга келишган эди. Мусулмонлар эса оз бўлиб улар фақат карвонни мақсад қилишган эди. Саъд розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга бирор зарар етишидан қўрқиб деди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга бир чайла қуриб берамиз. У ерда уловингизни ҳозирлаб қўямиз. Агар душманга йўлиққанимизда Аллоҳ бизга нусрат берса бу биз севган иш бўлади. Агар бошқача иш бўлса уловга ўтириб ортимиздаги мусулмонларга етиб оласиз. Ортимизда сизни биздан ҳам кўпроқ севадиган кишилар туришибди. Улар сизнинг бу урушга киришишингизни билишганларида Мадинада қолишмас эдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Саъд розиёллоҳу анҳунинг ҳаққига дуойи хайрлар қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга чайла қуриб беришди. Жанг бошланди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тушиб мусулмонларга ёрдам бердилар. Аллоҳ мусулмонларга нусрат берди.
Саъд розиёллоҳу анҳунинг режаси Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни урушга қатнаштирмаслик эди. У зотни қўшин ортида чайлада туришларини истаган эди. Олдиларида югурик от ҳозир эди. Агар мусулмонлар мағлуб бўлишса Мадинага қайтишлари лозим эди. Чунки исломнинг тақдири у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламга боғлиқ эди.
Саъд розиёллоҳу анҳу Мадинада қолган мусулмонларни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламга: “Кўрдингизми, улар сиз билан чиқишмади. Сиз билан биз чиқдик. Биз сизни улардан кўра кўпроқ севамиз!”, демади. Балки, оппоқ қалб билан, чиройли гумон билан Мадинада қолганлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни бу ердагилардан кўпроқ яхши кўришларини, улар Расулуллоҳнинг фақатгина карвонни олиш учун келган деб ўйлаб ортда қолишганини, Қурайш билан уруш бўлишидан бехабар эканликларини айтди.
Биз ортда туриб бир-биримизни муҳофаза қилганмизми? Ҳузуримизда бўлмаганларнинг фазилатларини гапирганмизми? Ёки фурсатни ғанимат билиб ўзгаларни ёмонлаб, ўзимизни кўтарганмизми?
Ота-онангни шифокорга олиб борсанг қолган ака-укаларингни маломат қилма. Ажрингни зое қилма. Ота –онангга: “Сизларга фақат мен қараяпман. Бошқа ака-укаларим қарашмаяпти” , дема. Балки, “уларнинг ишлари бор экан, шароитлари хизмат қилишга йўл бермаяпти. Агар имконлари бўлганида улар ҳам хизмат қилган бўлишар эди. Улар сизни мендан ҳам кўпроқ яхши кўришади”, дегин.
Агар фақирларга ёрдам берсанг “фақат биз ёрдам берамиз. Бошқалар ёрдам беришмайди”, дема. Балки “фалончиларнинг ҳам садақа беришга имконлари бору, аммо шароитлари ҳозир шунақа бўлиб қолган. Йўқса улар биздан кўра сахийроқдирлар”, дегин.
Биз бир яхши иш қилсак ва сўнгра ўша ишимиз каби ишларни қилмаганларни гапирсак, ёмонласак ва ғийбат қилсак, танқид қилсак гўё уни қилмагандек бўламиз.
Яхшиликларимизни зое қиламиз.
Шерозий роҳимаҳуллоҳ айтади:
“Бир кеча отам билан таҳажжудга турдим. Атрофимизда кишилар ухлаб ётишар эди. Отам намоз ўқидилар. Мен ҳам ўқидим. Сўнгра отамга: “Булар ҳам туриб икки ракаат намоз ўқисалар бўлмайдими?!”, дедим. Шунда отам: “Эй ўғлим! Уларни гапирганингдан кўра ухлаганинг сен учун яхшироқ эди!”, дедилар.
Абдулқодир Полвонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?
Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:
Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.
Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.
Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.
Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:
تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ
«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар (Муттафақун алайҳ).
Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.
Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.
Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти).
Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.
Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.
Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ
«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.
Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир.
Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.
Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».
Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ