Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл болса ҳам яхши кўраверади. Ватанни севиш – юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганида хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилганида асрайдиган ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғудир. Қуръони каримда Ватан сўзи (ўрин, жой маъносида) бир ерда келган:
لقد نصركم الله في مواطن كثيرة
“Батаҳқиқ Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди.” (Тавба сураси, 25-оят).
Тўғри, бу сўз биз ўрганаётган ватан маъносини тўлиқ англатмайди. Бироқ, Қуръони каримда Ватан ҳақида бирор оғиз сўз айтилмаган экан дейиш нотўғри. Чунки Каломи шарифда инсоннинг турар манзили – Ватанини: ҳовли, қишлоқ, шаҳар, диёр ва ер кўринишида зикр қилган. Инсон дунёга келаркан мана шу жойларда бешак қўним топиб, уларни Ватан тутиб ҳаёт кечиради.
Ватан арабча бўлгани учун унинг асл маъносини билишда мўътабар араб луғатлари ҳамда замонавий қомусларга мурожаат қилдик. Ва барчасида бир хил маъно келганига гувоҳ бўлдик. Ватан сўзи: Инсоннинг ҳох у ерда туғилган ёки туғилмаган бўлсин истиқомат қиладиган ва маскан тутган ери сифатида ифодаланган. Ватан сўзининг истеълоҳдаги маъноси: Бир жамоа инсонлар унинг фуқаролигини олиб, ҳох у ерда туғилган ёки туғилмаган бўлсин, унга мансуб бўлиб, мустақил, жамоавий тарзда яшайдиган, ўз чегарасига эга Давлатга Ватан деб айтилади.
Шундай улуғ ва қадрли масканни севиш ҳамда, унинг тинчлигини асраб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Бу ишимиз ҳам бесамар қолмайди.
عن عبد الله بن عباس رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: (عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله) رواه الترمذي
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Икки кўзни ҳаргиз (дўзах) ўт тутмайди— Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ таолонинг йўлида мусулмонларни қўриқлаб, тонг оттирган кўз", деганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
عن ابن عمر رضي الله عنهما: أن النبي صلى الله عليه و سلم قال: (ألا أنبئكم بليلة أفضل من ليلة القدر حارس حرس في أرض خوف لعله أن لا يرجع إلى أهله).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга Лайлатул қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми? —У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавф ерида посбонлик қилган қўриқчидир", дедилар (Имом Ҳоким “Мустадрок”да ривоят қилган).
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: “موقف ساعة في سبيل الله خير من قيام ليلة القدر عند الحجر الأسود”. أخرجه ابن حبان وغيره،
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолонинг йўлида бироз туриш, Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатул қадрни қоим қилишдан афзалдир", дедилар (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилган).
Мусулмонларнинг қонлари, юртлари ва мол-жонларини сақлаш учун ухламай тонг оттирган кишига шундай юксак даража берилар экан. Лайлатул қадр кечасини қоим қилиб, ухламай бедор ўтказса бериладиган фойда ўша одамнинг ўзига бўлади. Агар у ҳажарул асваднинг ёнида бўлсачи.
Буни кўринг-да! Лайлатул қадр қандай улуғ кеча? Лекин, жамиятнинг хизмати, тинчлик, омонлик йўлида бедор ўтказган кеча Лайлатул қадрдан ҳам афзал ҳисобланар экан. Мана шу юқоридаги ҳадисларнинг далили эътиборидан Ватан ҳимояси қандай улуғ амал эканини билиб олдик!
Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли,
Мир Араб Олий мадраса талабаси.
«Ҳалол!» Курашда рақибининг елкасини ғирромсиз ерга теккизиш "ҳалол" дейилади.
"Ҳалол" – беллашаётган марднинг ори, номуси, ғурури. Ҳамма полвонлар шу каломни эшитиш орзусида майдонга тушадилар. "Ҳалол" учун курашадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан имом-хатиблар ва имом ноиблари ўтрасида миллий кураш мусобақаси ўтказиляпти.
Бугун, 1 апрель куни "Сағбон" спорт мажмуасида имом-хатиблар ва имом ноиблари ўртасида ўтказилаётган миллий курашнинг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев ва Эргашали домла Рустамовлар очиб беришди.
Шунингдек, мусобақага ташриф буюрган Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Тошкент шаҳар бошқармаси масъул ходимлари ҳам мусобақа қатнашчиларига омад ва муваффақиятлар тиладилар.
Мусобақада пойтахтимиз туманларидан саралаб олинган полвонлар гиламга чиқдилар.
"Ҳалол!" деган сўзни эшитиш учун беллашувларда ҳалолликка риоя қилган иродали, бақувват, эпчил ва абжир диний соҳа ходимлари ғалаба қозониши тайин.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, 90 кг вазн тоифасида:
I ўрин – "Усмон ибн Мазъун" масжиди имом-ноиби Абдуманнон Авлоёровга;
II ўрин – "Абдуқодир ҳожи ота" масжиди имом-ноиби Муҳаммадюсуф Абдукабировга;
III ўрин – "Саид Ваққос ота" масжиди имом-ноиби Умаржон Абдуманноновга насиб этди.
81 кг. вазн тоифасида эса:
I ўрин – "Собитхон Ҳожи" масжиди имом-ноиби Бурҳониддин Аллаёровга;
II ўрин – "Алибек" масжиди имом-ноиби Сулаймон Файзуллаевга;
III ўрин – "Коҳ ота Бузрук" масжиди имом-ноиби Мухтор Абзаловга насиб этди.
73 кг. вазг тоифдасида:
I ўрин – "Масжидул Хайр" масжиди имом-ноиби Абдулбосит Жўраевга;
II ўрин – "Ал-бадр" масжиди имом-ноиби Жамшид Назаровга;
III ўрин – "Абдулҳамид ҳожи" масжиди имом-хатиби Жамолиддин Азимовга насиб этди.
Шунингдек, мусобақада турли номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ҳамда ҳомийларнинг ташаккурнома ва совғалари топширилди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати