— Дўкондан бирор нарсани қўлга олиб кўраётганда тушиб кетиб, синса ёки бузилса, шариатда бунинг жавоби қандай?
— Агар харидор бирор нарсани сотиб олишга келишмасдан олдин бепарволик, эҳтиётсизлик қилиб, бирор нарсани синдириб қўйса ёки очиб кўришда қўполлик қилиб, бузиб қўйса, тўлайди. Бунинг номини фиқҳда “тааддий” дейилади. Агар эҳтиёткорлик билан ушласа, кўрса, очиб кўришда қўполлик қилмаса, шунда ҳам синса ёки бузилса, тўламайди.
Агар сотувчи нархни айтгандан сўнг олувчи рози бўлса, кейин харидор қўлига олиб кўраётган вақтда тушиб кетиб, синса ёки бирор нуқсон етса бундай ҳолатда харидор тўлайди.
Шунингдек, харидор сотиб олмоқчи бўлиб, нархини келишмасидан олдин кўришга ижозат сўраб, қўлига олди ёки сотувчи нархни айтди-ю, лекин харидор рози бўлгани йўқ. Харидор кўраётган вақтида унинг бепарволигисиз ёки қўполлигисиз у нарса тушиб кетса ёки бузилиб қолса, харидор тўламайди. Чунки бу вақтда у нарса унинг қўлида омонат бўлади. Омонатлар тааддийсиз (бепарволик, эҳтиётсизлик, нотўғри истеъмол қилиш, тажовуз) тўлатилмайди.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини Беруний кўчаси 17-уйда яшовчи оиланинг яшаш шароити яхши эмас эди. Оила бошлиғи 2017 йилда вафот этгани боис беш нафар фарзанд билан ёлғиз қолган Меҳрибан Қошимбетова ҳаётнинг оғир синовларига дош бериб келаётганди.
Ушбу оилага кўмак бериш мақсадида "Вақф" хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳомийларни жалб қилган ҳолда хайрли ишни амалга оширди. Мазкур манзилдаги эски уй тўлиқ бузилиб, ўрнида барча замонавий шароитларга эга 4 хонали уй қуриб битказилди.
Куни кеча мазкур хонадон Меҳрибан Қошимбетова ва унинг беш нафар фарзандига тантанали ҳолатда топширилди.
Аллоҳ таоло эҳтиёжманд оиланинг турмуш даражасини яхшилаш, болаларнинг муносиб шароитда камол топишига ўз ҳиссасини қўшган, уларга бир олам хурсандчилик улашган саховатли ҳомийлардан, қўли гул усталардан, барча халқимиздан рози бўлсин.
Vaqf.uz