Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Май, 2026   |   24 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:08
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:02
Bismillah
12 Май, 2026, 24 Зулқаъда, 1447

Даврий нашримизда: Аллоҳ сўраганни яхши кўради

08.01.2021   2252   4 min.
Даврий нашримизда: Аллоҳ сўраганни яхши кўради

«Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Нисо сураси, 32-оят).

Баъзи инсонлар ўзида бўлмаган маънавий ва моддий фазилатларни ўзгаларда кўрса, қалби сиқилади, хотири бузилади. Унда икки ҳолатдан бири рўй беради: ўзида бўлмаган у фазилатларни улардан кетишини тилайди ё уларда бўлган фазилатларга ўзи ҳам эришишини орзу қилади.

Бу икки ҳолатдан биринчиси ҳасаддир. Ҳасад энг қабиҳ иллатлардан биридир. Ҳасад кишидан имон нурини кетказиши билан бирга, дил ва дунёси бузилишига сабаб бўлади. Ҳасад туфайли кишилар ўртасидаги дўстлик ва иноқлик нафрат ва адоватга айланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло биз бандаларини ҳасаддан қайтарган: «Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг!..»

Шундай экан, ҳар бир ақлли киши ўзига Аллоҳ таоло берган неъматларга қаноат қилиб рози бўлиши, ўзгаларга ҳасад қилмаслиги керак.

Уламолар: “Бошқаларда бўлган фазилатни улардан йўқолишини тиламай, ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш мумкинми?” деган саволга икки хил жавоб берганлар: баъзилари бўлади дейишган, баъзилари эса аксинча – йўқ дейишган. Чунки у фазилатларга (бойлик ё мартабага) эришиш унинг хулқ-атворини бузиши мумкин. Шунинг учун: “Ё Аллоҳ! Дину дунёим, ҳаётим ва охиратимда менга хайрли бўлган нарсани бер”, деб дуо қилиш лозим.

«…Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар…» Яъни, Ибн Жарир сўзига кўра, ҳар бир киши амалига мувофиқ – яхши бўлса мукофот, ёмон бўлса жазо олади.

«…(Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир». Яъни, Аллоҳдан фазлини сўранглар, сизларга беради, чунки у Зот Карим ва Ваҳҳобдир.

“Жалолайн” тафсирида бу оят: “Эҳтиёж сезган нарсаларингизни сўранг, сизларга беради”, деб тафсир қилинган. “Тафсири Насафий”да: “Ким Аллоҳнинг фазлидан сўрамаса, (Аллоҳ) унга ғазаб қилади”дейилган ва ушбу ҳадис келтирилган: «Аллоҳ таоло кўп яхшиликларни бандадан тутиб туради ва: “Бандам Мендан сўрамагунча бермайман”, дейди» (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳдан фазлини сўранглар, чунки Аллоҳ сўраганни яхши кўради” (Имом Бухорий ривояти). Демак, инсоннинг ўзида йўқ, бошқаларда бор нарсаларга, ёки ўзидан юқорироқ инсонларга кўзи тушса, ёки бу ҳақда ўйлаб, қалбида безовталикни сезса, бунинг давоси – оят тафсирини мушоҳада қилиб, ҳаётда ҳар ким қилган ишига яраша насибасини олишини англаган ҳолда, Аллоҳ таолонинг улуғ фазлидан сўраб, ҳаракат қилиши керак.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз хулқи ва молида ўзидан устун инсонга қараса, ўзидан пастроққа ҳам қарасин”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бу инсоннинг сиқилган қалби учун фойдали даводир ва бу қараш қалбларда надомат ва ҳасратни пайдо қилмайдиган қарашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг турли ҳолатларини яхши билганлари учун уларни маҳзун бўлиб, ғам чекмайдиган, аксинча, қаноат ҳосил қилиб, рози бўладиган томонга йўналтирдилар. Яъни, киши ўзидан устун ва аълороқ бўлган инсонларга қараб, қалби сиқилса, ҳасрат чекса, ўзидан пастроқ ва моли камроқ инсонларга қараб, Раббига шукроналар айтади, Аллоҳнинг неъматларидан ҳеч ким бенасиб қолмаётганини кўради.

Аммо инсон ибодатлар, тоатлар, солиҳ амалларда ўзидан кўра пешқадамроқ, Аллоҳга қурбати зиёдароқ кишиларга қараши мустаҳаб ишлардандир. Бу кўрсатмаларга амал қилган киши ҳаётда ризолик ва хотиржамликка, роҳат ва сакинатга эришади, ўзининг буткул неъматлар ичида эканини ҳис қилади ва бу неъматлар шукрини адо этишга шошилади. Аллоҳ таоло унга фазли – эҳсонини янада зиёда айлайди.

Иброҳим сурасида бундай огоҳлантирилган: «…Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (7-оят).


Тафсир китоблари асосида

Одина САИДАКБАР қизи тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳақиқий муҳаббат

07.05.2026   12371   2 min.
Ҳақиқий муҳаббат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эр: Аср намозини ўқидингми?

Хотин: Йўқ.

Эр: Шом намозини ўқидингми?

Хотин: Йўқ.

Эр: Нима учун?!

Хотин: Ишдан жуда чарчаб келдим ва озгина ухлаб қолибман...

Эр: Яхши... Бор, Хуфтонга азон айтилгунча Аср ва Шом намозларини ўқиб ол.


Эртаси куни... Эр хизмат сафарига жўнаб кетди. Одатда у манзилга етиб бориши билан қўнғироқ қилар ёки хабар йўллаб қўярди. Аммо орадан бир неча соат ўтса ҳамки, ундан дарак бўлмади.

Аёл хавотир олиб, эрига қўнғироқ қила бошлади... Жавоб йўқ. Қайта қўнғироқ қилди, телефон чақиряпти, лекин  кўтармаяпти.

Аёлнинг юрагига ғулғула тушди! Бу унинг одати эмас эди-ку. Бир марта, икки марта, уч марта қўнғироқ қилди... Фойдаси йўқ!

Бир неча соатдан кейин эрнинг ўзи қўнғироқ қилди.

Аёл ҳаяжон билан: Эсон-омон етиб олдингизми?

Эр: Ҳа, етиб келдим, Алҳамдулиллаҳ.

Аёл: Қачон етиб бордингиз?

Эр: Тахминан 4 соат олдин.

Аёл ғазаб билан: 4 соат олдин?! Нега менга қўнғироқ қилмадингиз?

Эр: Жуда чарчаб келгандим, озгина ухлаб қолибман...

Аёл: Менга икки оғиз гапириш сизни чарчатиб қўймасди-ку... Кейин, мен қўнғироқ қилганимда телефон овозини эшитмадингизми?!

Эр: Эшитдим...

Аёл: Эшитиб туриб жавоб бермадингизми?! Нима учун? Наҳотки мен сиз учун аҳамиятсиз бўлсам?

Эр: Аксинча... Лекин сен ҳам кеча азонни — Аллоҳнинг нидосини эшитганингда унга бепарво бўлгандинг-ку...


Аёл (кўз ёшларини тийиб, бироз сукутдан сўнг): Ҳа... Сиз ҳақсиз... Мени кечиринг...

Эр: Кечирим сўраладиган зот мен эмасман. Аллоҳдан мағфират сўра ва бошқа бу ишни такрорлама. Зеро, менинг энг катта орзуим — Аллоҳ бизни Жаннатдаги қасрларда гўзал ҳаёт ила жамлашидир.

Ўша кундан бошлаб аёл бирорта намозини қазо қилмади.

Сизни ҳақиқий яхши кўрган инсон — сизни Аллоҳ сари етаклайдиган ва ортга қайтишингизга йўл қўймайдиган инсондир.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ