Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан юртимизда истиқомат қилаётган ёрдамга муҳтож оилаларга улашилган хайрия маҳсулотлари олдида қорбобо сурати тасвирланган фотолавҳалар турли изоҳлар билан тарқатилмоқда.
Қатъий таъкидлаймизки, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган меҳр-мурувват тадбирлари бирор-бир сана ёки ижтимоий байрамларга алоқаси ҳам, қорбобони таклиф этишда Фонднинг ўрни ҳам йўқ.
Жойлардаги тадбирларнинг шакли ва мазмуни ҳудудлардаги ташкилотлар томонидан уюштирилган бўлиб, бундай фаросатсизликка йўл қўйган маҳаллий мутасаддиларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хусусан мана шу ҳолатга сабабчи бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлиги вакиллари узр сўрашлари керак.
Шундай экан, тарқатилган суратлардаги қорбоболарнинг “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу ҳолат учун Фонд ва унинг ходимларини обрўсизлантириш, ҳақорат ва адолатсизликдир. Ҳар қандай тўғри ва ишончли маълумотни исталган вақтда Фонднинг ўзидан олиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлаймиз.
“Вақф” фондини обрўсизлантириш орқали шуҳрат орттиришга уринадиганлар ҳам борлиги ҳар қандай мўмин кишини хавотирга солади. Аслида, бу ҳам нафсдаги касаллик бўлиб, шайтоний қутқу туртки бўлади. Мўмин банда бунга ҳушёр бўлиши керак.
Сўз исботи билан деганларидек, мўмин киши, аввало, каломларнинг энг улуғи – Қуръони каримга мурожаат қилади. Каломуллоҳда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!», деб марҳамат қилинган (Ҳужурот, 6).
Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши (фосиқ “фисқ” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “қобиқни тешиб чиқиш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан, очиқ-ойдин қиладиган одамга “фосиқ” дейилади) бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.
Ҳадиси шарифларда: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” (Имом Муслим ривояти), “Мусулмон шундай кишики, унинг на қўлидан, на тилидан мусулмонлар озор кўрмайди” (Имом Бухорий ривояти), “Бировга зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Байҳақий ривояти) дейилган.
Шундай экан, кенг кўламли хайрия ишларига раҳна солиш мақсадида, тарқатилган хабарлардан кимга нима наф? Нима мақсадда шундай қилинди? Ояти каримага кўра, хабар текширилиб кўрилдими, “Вақф” фондининг бирор масъулидан сўралдими? Ҳадиси шарифга биноан эшитган нарсасини аниқлаштирмасдан туриб, ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларига қўйиб юборган кишилар Фондга зиён-заҳмат етказган, обрўсизлантирган бўлиб қолмадиларми?!
Қайд этиш керакки, синовлар кетидан синовлар бўлган жорий йилда юртимиздаги эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнгилларига рўшнолик олиб кириш ва дарду ташвишларини аритиш йўлида Фонд томонидан йил давомида жуда кўп хайрия ишлари амалга ошириб келинмоқда. Мана шундай меҳр-мурувват тадбирлари шу йилнинг декабрь ойида ҳам кенг кўламда бажарилди.
Мухтасар айтганда, ҳар бир маҳалладан 10 нафардан жами 91550 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Мазкур хайрия маҳсулотлари жойлардаги мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда кўнгиллилар иштирокида тайёрланди ва эҳтиёжманд оилаларга етказилди.
Шунингдек, 56 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги мавжуд эҳтиёжларни ўрганган ҳолда, уларга фойдаланиш учун телевизор, кир ювиш машинаси, тикув машинаси, компьютер ва принтер, совутгич, генератор, видеокамера, чангютгич, печь, дазмол каби зарур техник жиҳозлар олиб берилди.
Синовли кунларда янада жипслашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, йиқилганни суяш ўрнига, мана шундай 100 мингдан зиёд оилалар ва бир неча юз минг инсоннинг дардига малҳам бўлган савобли ишларга соя солиш ва нохолис талқин этиш чин мўминлик сифати эмас.
Сўзимиз якунида қуйидаги ривоятни келтирамиз. Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Дин самимий хайрихоҳликдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» дедик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Хайрихоҳлик – панд-насиҳат қилиш, тойилса турғизиш, адашса шафқат ила йўл кўрсатиш, бошига иш тушганда далда бўлиш, тўғри юрганида ёнига кириш, қўллаб-қувватлаш каби ишлар билан рўёбга чиқади.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Рамазон ойида — Қуръон ойи — мусулмонларнинг Аллоҳ таолонинг китобига бўлган эътиборлари янада ортади. Улар Қуръоннинг нурлари ила қалбларини ундаги шаҳват кирларидан покланиши, кўнгилларига ўрнашган ҳар қандай шак-шубҳа пардаларини олиб ташланиши умидида бўладилар. Дарҳақиқат, қалблар Қуръони карим нури билан пайваста бўлмас экан, унда турли шубҳаларнинг қатлам-қатлам бўлиб тўпланиши табиий. Қачонки Қуръоннинг файзли нури қалбга тушиб уни ёритса, шу заҳоти қалбдаги фитналар булути Аллоҳнинг изни ила тарқалиб кетади. Бунинг барчаси банда қалби билан тадаббур саҳнасига қанчалик ихлос ва ҳузур билан кириб боришига боғлиқ.
Рамазон ойида мусулмонлар Қуръоннинг 30 пора (жуз)ига боғланиб, ҳар куни бир жуз ёки ундан ортиқ ўқишни мақсад қилиб қўйишади. Шундай қилиб ой охиригача, ҳеч бўлмаганда, бир марта Қуръонни хатм қилишни уддалашади. Бу эса, мусулмон кишини "Қуръонни тарк этганлар" қаторидан чиқаради.
Сиз ҳеч қачон шундай саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз: Мусҳафи шарифни 30 жузга тақсимланиши қачон ва қандай юзага келган? Қуръони каримга бу тарзда хизмат қилишда қориларнинг саъй-ҳаракатлари қандай бўлган?
Аллоҳ таоло бу умматга энг буюк Китобни энг буюк Расул (саллаллоҳу алайҳи васаллам) орқали нозил қилиш билан буюк неъмат ато этди. Уммат эса бу илоҳий неъматни муносиб тарзда қабул қилди. Умматнинг уламо ва қорилари бор куч-ғайратларини бу азиз китобга хизмат қилишга бағишладилар. Бу хизматнинг меваси сифатида Қуръонни осон ўрганиш, ёдлаш ва ўқишни таъминлайдиган тақсимот усуллари яратилди. Бу усуллар Қуръон ўқувчида куч пайдо қилади, завқ беради, зерикмай ўқишни таминлайди.
Маълумки, Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан оят ва сураларга бўлиб нозил қилинган. Бунинг ҳикматлари кўп. Имом Замахшарий бунинг сабабини қуйидагича тушунтирганлар: “Агар, Қуръоннинг сураларга бўлиб ажратилишидан нима фойда?-деб сўрасангиз, мен айтган бўлардимки, Қуръоннинг сураларга бўлинган ҳолда нозил қилиниши бир неча фойда ва ҳикматларга эга. Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати ила бошқа самовий китоблар — Таврот, Инжил, Забурни ҳам мана шу услубда нозил бўлган. Илм аҳллари ҳам ҳар бир фанга оид китобларини ёзганларида уларни ҳам бобларга бўлиб, ҳар бобга сарлавҳа қўйишга одатланганлар. Бунинг сабаби шундаки, бир мавзудаги нарса бир неча бўлим ва синфларга ажратиб баён этилиши, ўша мавзудаги баённи янада равшанроқ ва таъсирлироқ қилади. Шунингдек, қори бир сурани тугатиб, бошқасига ўтганда, унда янги руҳ ва қизиқиш пайдо бўлади. Бу ҳудди сафарга чиққан одам мисолига ўхшайди: у қанча йўл босганини - бир чақирим, ўн километр ва ҳоказо - билиб туриши, сафарни яна давом эттиришга руҳлантиради. Шу сабабли қори ва уламолар Қуръонни ҳафталик ҳафтаномалар (сабъа) ва бўлимларга — жуз, ўнлик, бешлик каби шаклларда тақсим қилишган. Ёдловчи учун ҳам бу қулайлик туғдиради. Агар битта сурани ёки иккита сурани ёд олса, Қуръондан тўлиқ бир бўлакни ёд олганидан қувонади. Бу эса унинг Қуръоннинг кейинги қисмларини ёд олишига рағбат ҳиссини уйғотади. Шунинг учун саҳобалар “Бақара” ва “Оли Имрон” сураларини ўқиганларни улуғлар эдилар. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Агар бир киши Бақара ва Оли Имронни ўқиб тугатса, бизни наздимизда улуғ киши деб қаралар эди". Шунинг учун ҳам намозда тўлиқ бир сурани ўқиш афзаллиги келиб чиққан. Шунингдек, тақсимот маънолар уйғунлигини, услубнинг уйқашлигини таъминлайди ва маънолар бир-бирига боғланади.”
Аввал бошда қори саҳобийлар Қуръон сураларини ҳафталик қилиб етти қисмга (ҳизб) бўлишган. Ҳар бир ҳизбда маълум сондаги суралар бўлиб, ҳафта давомида бутун Қуръонни хатм қилганлар. Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Авс ибн Ҳузайфа разияллоҳу анҳу саҳобалардан: “Қуръонни қандай тарзда ҳизбларга ажратгансизлар?”-деб сўради. Улар айтдилар: “Учта, бешта, еттита, тўққизта, ўн битта, ўн учта ва муфассал суралар (Қоф сурасидан то Нос сурасигача).” Ушбу ривоятда баён этилишича саҳобалар даврида Қуръонни ҳизбларга тақсимлаш қуйидаги тартибда бўлган:
1. 1-ҳизб: Бақара, Оли Имрон, Нисо — 3 сура.
2. 2-ҳизб: Моида, Анъом, Аъроф, Анфол, Тавба — 5 сура.
3. 3-ҳизб: Юнусдан Наҳлгача — 7 сура.
4. 4-ҳизб: Исроъдан Фурқонгача - 9 сура.
5. 5-ҳизб: Шуароъдан Ёсингача - 11 сура.
6. 6-ҳизб: Саффотдан Ҳужуротгача - 13 сура.
7. 7-ҳизб: Қофдан Носгача - 65 сура.
Шаксиз, бу “еттилик” тақсимот Қуръон хатмини осонлаштиради. Бироқ, ҳар бир қори ҳам ҳафтада хатм қилишга қодир эмас. Вақти чекланган, кучи етишмайдиган кишилар ҳам бор. Шунинг учун кейинги даврларда Қуръонни янада осон хатм қилиш имконини бериш мақсадида яна бошқа усуллар ишлаб чиқилди. Суралар сонига эмас, балки матн ҳажми ва бошқа асосларга таянган ҳолда янгича тақсимотлар вужудга келди.
Ҳижрий 110 йили вафот этган ҳукмдор Ҳажжож ибн Юсуф замонига келиб Қуръонни бошқача усулда тақсимлаш истаги пайдо бўлди. У ҳам бўлса Қуръон ҳарфлари сонидан келиб чиқиб тақсимлаш усулидир. Бунинг учун Ҳажжож ибн Юсуф уламолар ва қориларни чақириб, Қуръондаги ҳарфлар сонини аниқлашни буюрди. Улар Қуръондаги ҳарфларни санаб, сонини аниқладилар ва кейин бу ҳарфларни тенг икки қисмга бўлишди. Шунингдек, Қуръонни учга, тўртга ҳам бўлиш ишларини амалга оширишди. Ибн Абу Довуднинг «Масоҳиф» китобида қуйидагича ривоят келтирилган: «Ҳажжож ибн Юсуф ҳофизлар ва қориларни йиғиб: “Менга Қуръонда нечта ҳарф борлигини айтинглар,” деди. Улар ҳисоблай бошлаб, шундай хулосага келишди: Қуръон 340 740 дан ортиқ ҳарфдан иборат. Ҳажжож яна сўради: “Қуръоннинг ярми қайси ҳарфда тугайди?” Улар ҳисоблаб, Қуръоннинг ярми Каҳф сурасидаги {وَلْيَتَلَطَّفْ} (19-оят) сўзининг “ف” ҳарфига тўғри келишини айтишди. Сўнг у: “Ҳарфлар сони бўйича етти қисмга бўлиниши қай тарзда бўлади?”- деб сўради. Яҳё деди: “Ҳарфлар сонига кўра қуйидагича бўлинади”:
Биринчи қисм: Нисо сурасидаги {فَمِنْهُمْ مَنْ آمَنَ بِهِ وَمِنْهُمْ مَنْ صَدَّ} (55-оят), “د” ҳарфида тугайди.
Иккинчи қисм: Аъроф сурасидаги {أُولَئِكَ حَبِطَتْ} ت ҳарфида тугайди.
Учинчи қисм: Раъд сурасидаги {أُكُلُهَا دَائِمٌ} (35-оят), “أ” ҳарфида.
Тўртинчи қисм: Ҳаж сурасидаги {لِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنسَكًا} (67-оят), “أ” ҳарфида.
Бешинчи қисм: Аҳзоб сурасидаги {وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ} (36-оят), “ه” ҳарфида.
Олтинчи қисм: Фатҳ сурасидаги {ٱلظَّانِّينَ بِٱللَّهِ ظَنَّ ٱلسَّوْءِ} (6-оят), “و” ҳарфида.
Еттинчи қисм: Қуръоннинг қолган қисми.
Сўнгра Ҳажжож: “Қуръоннинг учдан бири қаерга тўғри келади?”-деб сўради. Улар жавоб беришди:
Биринчи учдан бир қисми: Бароат (Тавба) сурасининг 100-оятининг боши.
Иккинчи учдан бири: «То Сийн Мийм» (Шуъаро) сурасининг 111-оятининг боши.
Учинчи учдан бири: Қуръоннинг қолган қисми.
Абу Муҳаммад Ҳаммоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳажжож биздан Қуръоннинг тўртдан бир қисмини ҳам сўради. Улар жавоб беришди:
Биринчи тўртдан бири: Анъом сурасининг охири.
Иккинчиси: Каҳф сурасидаги {وَلْيَتَلَطَّفْ}. 19-оятда.
Учинчиси: Зумар сурасининг охири.
Тўртинчиси: Қуръоннинг қолган қисми.”
Мутоҳҳар ибн Холид Абу Муҳаммад Ҳаммонийдан ривоят қилади: “Биз буни тўрт ойда ўрганиб чиқдик. Ҳажжож эса уни ҳар кеча ўқир эди.”
Кейинчалик имом Абу Бакр ибн Айёш ал-Куфий (ҳ. 194 йил вафот этган) Қуръонни ҳарфлар сонига асосан 30 қисмга (жуз) бўлди. Бу тақсимотда ҳар бир жуз (қисм) да ҳарфлар сони тенг бўлишига эътибор қаратилди. Шу тариқа, бир ойда Қуръонни тўлиқ хатм қилиш осонлашди.
Шундай қилиб, Қуръонни ҳарфлар асосида тенг бўлиш ғояси Ҳажжож замонида бошланган, кейинги уламолар эса буни ривожлантириб борганлар. Абу Бакр ибн Айёш буни 30 қисмгача кенгайтирган. Демак, Қуръонни 30 қисмга бўлиш Ислом тарихининг иккинчи асридаёқ мавжуд бўлган.
Бу охирги — 30 қисмли тақсимот энг кенг тарқалган ва оммалашган бўлиб, шунга кўп омиллар сабабчи бўлган. Энг муҳим сабаблардан бири — унинг ой кунлари сонига мос келиши, хусусан, Рамазон ойида ҳар куни бир жуз ўқиб, Қуръонни бир ойда хатм қилиш имкони бўлгани.
Айрим манбаларда Қуръоннинг 20 қисмли тақсимоти ҳам борлиги зикр этилади, бу шакл ҳозирда Миср Миллий кутубхонасида сақланмоқда.
Қуръонни 30 қисмга (жуз) бўлиш натижасида ҳар бир жуз алоҳида ажратиб олиниб, масжидларда махсус қутиларга солиб қўйилади ва истаганларда бир жуздан тарқатиб берилади, шу тариқа бир жамоа кишилар Қуръонни бирга хатм қилишга муваффақ бўладилар. Айниқса Рамазонда, жамоат учун махсус қути (рубъа)ларга жойлаштирилган Қуръон жузларга ажратилган ҳолда тақдим этилади. Бу жамланма «рубъа» деб номланади. Луғатда «рубъа» — теридан бўлган идиш ёки қути демакдир. Бу осонлаштириш яна бир енгилликка олиб келди — бу галги енгиллик Қуръонни ёд олувчилар (ҳофизлар) учун мўлжалланган эди. Яъни, ҳар бир жуз (қисм) — икки ҳизбга бўлинган бўлиб, бирини кундузи, иккинчисини кечаси ўқиш мумкин. Ҳар бир ҳизб — тўртта рубъга (1/4) бўлинган. Бу усуллар Қуръонни нафақат ўқиш, балки ёд олишни ҳам осонлаштирди.
Шу охирги тақсимлаш асосида Қуръон мусҳафлари чоп этилган. Ушбу тақсимлаш усулида қори ва уламолар орасида энг мақбул ва кенг қабул қилинган оятлар сони асос қилиб олинган. Масалан: Илк мадиналиклар Қуръонни 6000 оят деб ҳисоблашган, мутааххир мадиналик олимлар — 6124 оят, мутааххир маккаликлар — 6219 оят, куфаликлар — 6263 оят, басраликлар — 6204 оят, шомликлар — 6225 оят деб ҳисоблашган.
Таъкидлаш лозимки, Қуръоннинг оятлари сони борасидаги ушбу ихтилофлар мазҳаблар орасидаги ихтилофдан келиб чиққан.
Бу борада Ас-Сафақсий ўзининг "Ғайс ан-нафъ" китобида ўзидан олдин ўтган икки муҳаққиқ олимларнинг гапини асос қилиб келтиради. Улар: 1. Абу Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Қасталоний — "Латоиф ал-ишарот фи илм ал-қироат" китобининг муаллифи, 2. Қодирий Муҳаммад — "Мусъиф ал-муқриийн" китобининг муаллифи. Ас-Сафақсий ушбу олимларга таяниб, энг мақбул ва иттифоқ қилинган фикрни танлади. Шундай қилиб, Мисрда чоп этилган сўнгги Қуръон нашри айнан шу асосда тайёрланди. Бу нашрда жуз, ҳизб ва рубъларни белгилайдиган четки белгилар (ишоралар) ҳам киритилди.
Кейинчалик, турк уламолари жузларни шундай бўлишни таклиф қилдиларки, ҳар бир жуз 20 саҳифадан иборат бўлсин ва ҳар саҳифада 15 сатр бўлсин. Бу эса кундалик намознинг ҳар бир ракаатида бир саҳифа ўқиш имконини беради. Мусулмон киши шу тарзда, кунлик беш маҳал фарз намозларнинг аввалги икки ракатида Фотиҳадан кейин ўқиладиган зам сура ўрнида ва суннат (равотиб) намозларининг ҳар ракатида бир саҳифадан ўқиса, кун давомида бир жузни ўқиб чиқиши мумкин бўлади. Шу билан бир ойда беш вақт намозлар орқали Қуръонни хатм қилиш имконияти пайдо бўлади.
Бунинг яна бир фойдаси — таровеҳ намозларига тааллуқлидир. Тўрт мазҳабда мақбул бўлган фикрга кўра, таровеҳ намози 20 ракатдан иборат. Шунинг учун, мусҳафни тайёрловчилар ҳар жузни 20 саҳифадан иборат қилдилар, шу билан ҳар кеча бир жузни ўқиш осонлашади ва ой охирида Қуръон хатм қилинади. Бу усул ҳозирги кунда Мадина мусҳафида қўлланилмоқда.
Хулоса.
Қуръонни ҳарфлар сонига асосан жузларга тақсимлаш ғояси Ҳажжож замонида бошланган. Ундан сўнг иккинчи асрда имом Абу Бакр ибн Айёш Қуръонни 30 қисмга бўлди. Кейинчалик ҳар бир жуз икки ҳизбга, ҳар бир ҳизб тўртта рубъга бўлинди.
Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлишида сура ва оятларга тақсимланди. Мусҳаф шаклида жузларга тақсимлаш бир неча босқичда амалга оширилди: саҳобалар давридаги ҳафталик бўлишдан тортиб, ҳозирги кундаги 30 жуз, 60 ҳизб ва 240 рубъгача. Бу тақсимлаш асосан Қуръон ҳарфларининг сонига асосланган.
Бунинг кўплаб фойдалари бор: ўқиш, ёдлаш, ўрганишни осонлаштиради, Қуръон ўқиш тартибини аниқлайди, Рамазон ойида ва кундалик намозларда тўлиқ хатм қилишга ёрдам беради.
Аллоҳ таолонинг Ўзи мусулмон умматининг ақлига ўз Китобига хизмат қилиш ва унинг аҳлига енгиллик яратиш йўлида ҳикматлар ва фойдаларни илҳом этди, алҳамдулиллаҳ.
Доктор Ҳоний Маҳмуд Ҳасандан
Ҳомиджон Ишматбеков таржимаси