Жамият ҳаётида муҳим ҳодиса юз берди – янги оила дунёга келди. Никоҳ асосида бошланган янги ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ҳар бир келин-киёв учун унутилмасдир. Айни дамда, гўзал ва осуда ҳаёт орзусида қадам ташлаётган икки қалбнинг энг асосий мақсади – Аллоҳ таоло уларга солиҳ ва соғлом фарзанд беришини сўраб дуо қилишлари бўлиб, бу жуда ҳам аҳамиятлидир.
Бу бежизга эмас албатта. Чунки бу пайғамбарларнинг амалидир. Масалан “Оли Имрон” сурасининг 38 оятида: “Шу чоғда Закариё Роббисига дуо қилиб: Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан”, деди” кўринишидаги дуо. Мазкур дуо ҳали келин ҳомилали бўлмасдан аввал ўқилиши лозим. Айниқса киёв бошчилигида ушбу дуо ва илтижоларнинг қилиниши янада муҳимдир.
Бўлажак отанинг дуоси ижобат бўлиб, бола ҳомила шаклида ривожлана бошлагач, унинг келажакда ақлан ва жисмонан соғлом, шу билан бирга аҳли солиҳлардан бўлишини сўраб дуо қилишда бўлажак онанинг ҳам кўмаги жуда зарурдир. Зеро бу инсоният отаси Одам ва момо Ҳавводан мерос қолган амалдир. Жумладан улар (Одам ота ва момо Ҳавво) оятда зикр этилганидек: “...У (ҳомила) оғирлашганда эса икковлон Роббилари Аллоҳга: “Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтиргувчилардан бўлажакмиз”, деб дуо қилдилар” (Аъроф, 189). Фарзанднинг дунёга келиш вақти яқинлашгани сари бўлажак ота ҳам она ҳам ўзига хос гўзал мақсад ва истаклар билан бирга, онанинг соғлигига оид қўрқув, ҳадик ва фарзанднинг жисман комил ва соғлом ҳамда ақлан етук туғилиши орзуси пайдо бўлади. Айнан мана шу даврга келиб бўлажак ота-она: “Агар бизга солиҳ фарзанд берсанг, албатта, шукр қилгувчилардан бўламиз”, деб доимий дуо қилишлари лозим бўлади.
Дуо қилишга тарғиб бежизга эмас албатта. Чунки замонвий илмий тадқиқотлар асосида олимлар нима учун инсоният кундан кунга ўзаро оқибатсиз, бешавқат ва бераҳмлик сари юз тутаётгани, бир оила аъзоларининг бир бирига ҳурмати ва эҳтиромининг йўқолиши сабабини топганларини эълон қилдилар. Олимларнинг хулосаларига кўра, бунинг асоси боланинг зинодан ва фарзанд кўришни истамаган ота-оналардан туғилиши экан. Бу эса барчага маълум ҳолат яъни, ота-онанинг фарзандли бўлишни хоҳламай тургандаги руҳий ҳолати, ўртада вужудга келадиган ҳомилага ўтиши ва шу билан бирга она қорнида ривожланаётган боланинг дунёга келишига рози бўлмаётган ота-онанинг салбий кайфиятини болага бўлган салбий таъсиридир яъни, унинг ҳаққига дуои хайр қилинмаслигидир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шундай хулоса қилишимиз лозимки, ҳар бир келин-киёв ва ҳар бир ота-она ҳар доим Аллоҳдан мана шу Ватанга, элу юртга манфаатли солиҳ ва соғлом фарзанд сўраб дуо қилиши керак.
ЎМИ мутахассиси Акмалхон АҲМЕДОВ
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов