بسم الله الرحمن الرحيم
ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАР
(Фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш)
Муҳтарам жамоат! Ислом дини шахсни тарбиялаш ва ислоҳ қилишга қанчалик эътибор қаратган бўлса, жамиятни ислоҳ қилишга ундан ҳам кўпроқ аҳамият қаратган. Воқеъликда фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби иллатлар борки, улардан жамиятни халос этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу борада динимиз кўрсатмаларини ўрганиб, унга амал қилиш шубҳасиз, юртимизнинг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшади. Жамият вакилларининг ўз вазифаларини суиистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, давлат мол-мулкидан ноқонуний фойдаланиши, жамиятнинг турли жабҳаларида ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши ва бошқа шу каби салбий оқибатларга олиб келади.
Таассуфки, аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган диёримизда фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби ота-боболаримиз қаттиқ ҳазар қилган гуноҳлар рўй бериб турибди.
Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳукм чиқарувчиларга ҳавола этмангиз” (Бақара сураси, 188-оят).
Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
"مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ" (رواه الامام البخاري).
яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва:
ﻣَﻦْ ﻏَﺸَّﻨَﺎ ﻓَﻠَﻴْﺲَ ﻣِﻨَّﺎ (رواه الإمام الحاكم).
яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари). Имом Табаронийнинг ривоятларида эса:
ﻭَﺍﻟﻤَﻜْﺮُ ﻭَﺍﻟﺨّﺪِﻳْﻌَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟﻨّﺎﺭِ (رواه الإمام الطبراني).
яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир” деганлари зиёда қилинган.
Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Ўзгалар молини ноҳақ ейишнинг бир мисоли порахўрликдир. “Пора” ёки арабча “ришва” сўзини ислом уламолари қуйидагича таърифлаганлар: “Пора – киши ҳақли бўлмаган нарсасига эришиш ёки зиммасига лозим бўлган нарсадан қутулиш учун тақдим этган мол ёки манфаат”.
Таърифдан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин. Биринчидан, пора пул шаклида бўлиши шарт эмас экан. Балки бирор ишини қилиб бериш каби хизматлар орқали тўланган нарсаларни ҳам ўз ичига олар экан.
Иккинчидан, пора берувчининг нияти яхши бўлмас экан. У ўзи ҳақли бўлмаган нарсага эришишни, яъни етарли илм ва малакага эга бўлмасдан олий ўқув юрти талабаси ёки бирор корхона, ташкилотда мансабдор бўлмоқчи бўлади.
Учинчидан, пора олувчининг бузғунчилиги эса жуда катта экан. У ботил йўл билан, осон йўл билан мўмай пул топиб, ҳақли бўлмаган инсонларни юқори мансабларга кўтарилишига сабабчи бўлиб, жамият тараққиётини орқага кетишида катта ҳисса қўшади.
Исломда элга хизмат қилиш энг олий мақомлардан бири ҳисобланади. Аммо унинг асосий шарти адолат ва сидқидил билан хизмат қилиш керак бўлади. Қуръони каримда бундай дейилади:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَىٰ وَيَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ ۚ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).
Одатда кўпчилик порахўрлар порани ҳадя, совға сифатида берди, деб гумон қиладиган бўлиб қолган. Берувчилар ҳам кўнгилдан чиқди, атадик ва бошқа чиройли сўзлар билан қабиҳ ниятларини амалга оширишга одатланишган. Шунинг учун ушбу ўринда ҳадяни ҳам таърифлаб ўтиш тўғри бўлади. “Ҳадя” – бирортасига фойдаланиши учун молни ҳеч қандай эвазсиз бериш. Ҳадяни одатда берилаётган одамнинг меҳрини, муҳаббатини қозониш ёки шунчаки уни эҳтиромини жойига қўйиш ёки унга эҳсон қилиш ёки қилган яхшилигига яраша муомала қилиш каби мақсадлар назарда тутилади. Ундан бирор нарсани ноҳақ ундириш нияти бўлмайди. Мана шу нарса ҳадянинг порадан асосий фарқини кўрсатиб турибди.
Порахўрлар шуни яхши билишлари керакки, улар бу ишлари билан ўз вазифаларига, давлатга, халққа хиёнат қилмоқдалар.
Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳу ривоят қилади:
اسْتَعْمَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنَ الْأَسْدِ، يُقَالُ لَهُ: ابْنُ اللُّتْبِيَّةِ - قَالَ عَمْرٌو : وَابْنُ أَبِي عُمَرَ - عَلَى الصَّدَقَةِ، فَلَمَّا قَدِمَ قَالَ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا لِي، أُهْدِيَ لِي، قَالَ: فَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ، فَحَمِدَ اللَّهَ، وَأَثْنَى عَلَيْهِ، وَقَالَ: مَا بَالُ عَامِلٍ أَبْعَثُهُ، فَيَقُولُ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا أُهْدِيَ لِي، أَفَلَا قَعَدَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ، أَوْ فِي بَيْتِ أُمِّهِ، حَتَّى يَنْظُرَ أَيُهْدَى إِلَيْهِ أَمْ لَا؟ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ، لَا يَنَالُ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنْهَا شَيْئًا إِلَّا جَاءَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَحْمِلُهُ عَلَى عُنُقِهِ بَعِيرٌ لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةٌ لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةٌ تَيْعِرُ (رواه الإمام مسلم).
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам садақа (закот) йиғишда Ибн Лутбия исмли Баний Сулаймлик кишининг хизматидан фойдаландилар, у закот йиғиб келиб ҳисоб-китоб бераётганда: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом минбарга чиқиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя олиб келишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, Қиёмат куни елкасида ўкираётган туяни ёки мараётган сигирни ёки бараётган қўйни олиб келади”, деб айтдилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, ҳар бир вазифадор киши уйда ўтирганимда шу “ҳадя” менга берилармиди, деган саволга инсоф билан жавоб бериб кўриши лозим.
Бошқа бир ҳадисда Адий ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсаг-у, у игнадек нарсани яширса, Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобгарликка тортилади”, дедилар. Шунда ал-Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Набий алайҳиссаломнинг ёнларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга топширган ишингизни қайтариб олинг (яъни закот ва садақа йиғиш вазифасини)”, деб айтди. Расули акрам алайҳиссолату васаллам: “Сенга нима бўлди?” – деб сўраганларида ҳалиги одам: “Сиз шундай-шундай деганингизни эшитдим”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, озиниям, кўпиниям яширмай олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Жойларда кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлар ва бошқалар каби аҳолининг нафақага муҳтож қатламига давлат томонидан ажратилган маблағларини суистеъмол қилиш, ноқонуний ўзлаштириш каби ҳолатларни эшитиб қоламиз. Бу борадаги динимиз таълимотларига қарасак, уларнинг қанчалик гуноҳ қилаётганини кўришимиз мумкин.
Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Порахўрлар ва уларга ушбу разил мақсадларини амалга оширишда кўмаклашаётганлар учун динимизда ниҳоятда оғир ҳукмлар келган бўлиб, ҳар қандай мусулмон учун бу ўта жиддий огоҳлантиришдир.
Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
لعنَ رسولُ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ الرَّاشيَ والمُرتشيَ
яъни: “Расулуллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатладилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Коррупция, яъни таниш-билишчилик борасида ҳам динимиз кўрсатмалари қаттиқ. Бу ҳақида ривоят қилинган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Маҳзум қабиласидан бўлган бир аёл қарзга нарса олиб, уни қайтармас ва тан олмас эди. Жинояти исботлангач, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жазо беришни буюрдилар. Аёлнинг қариндош-уруғлари Усома ибн Зайднинг олдига келиб, жазони юмшатишни илтимос қилишди. Усома Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васалламга аёл ҳақида гапирган эди, у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Усома, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳад(жазо) ларидан бири борасида ҳам ўртага тушасанми?”, дедилар. Сўнг одамларга ўтган қавмлар агар ораларида шарафли, обрўли кишилар жиноят қилса, авф этиб, заиф киши жиноят қилса, жазолаганлари сабабли ҳалок бўлганларини айтдилар. Яна қасам ичиб айтдиларки, агар қизлари Фотима жиноят қилса ҳам, жазосиз қолмайди. Кейин жиноятчига жазо берилди” (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).
Динимизда пора берганни ҳам олганни ҳам баравар азобга дучор бўлиши хабари берилди. Бундан порахўрликка қарши курашиш жамиятнинг ҳар бир аъзосининг бурчи деб, хулоса қилиш мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин, жамиятимизни турли иллат ва балолардан асрасин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Ҳикматнинг боши – Аллоҳдан қўрқишдир” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.