Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “Хўжамурод бахши” жоме масжиди янги биноси очилишида қатнашдилар.
Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-омонлик ва динимизга бўлган юксак эътибор сабаб, масжидларда бунёдкорлик ва қайта қуриш ишлари қизғин давом этмоқда.
“Хўжамурод бахши” жоме масжиди бир неча йиллар аввал ҳашар йўли билан қурилган эди. Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётганди.
Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари амалга оширилди. Масжид миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида барпо этилиб, ҳовлисида боғ ва атрофида автотураргоҳ ҳам бунёд қилинди.
Бугун, 27 ноябрь куни хизмат сафарини давом эттираётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Хўжамурод бахши” жоме масжидида намозхонлар иштирокида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз мавъизаларида масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди, кўпларида ўзимиз ҳам иштирок қиляпмиз.
Эндиликда мана шундай кўркам масжидларда имом-домлаларимиз халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарур.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг давомида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деган ҳадиси шарифларини келтириб, мазкур жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар. Ушбу файзли жума намозида уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва масжид қавми иштирок этди.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин!










Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу тамойиллар, айниқса, халқимизга хос эзгу фазилатларни мужассам этган муборак Қурбон ҳайити кунларида янада ёрқин намоён бўлади.
Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳақида ахборот берилди.
Уларга кўра, Қурбон ҳайити муносабати билан кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзиш, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Президентимиз эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, беморларни даволаш ва болаларга кўмак кўрсатиш билан боғлиқ тадбирлар шаффоф ва манзилли ташкил этилиши зарурлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.