Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Октябр, 2025   |   30 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:43
Пешин
12:12
Аср
15:49
Шом
17:36
Хуфтон
18:48
Bismillah
22 Октябр, 2025, 30 Рабиъус сони, 1447

Жума куни билан табриклаш

25.11.2020   8276   11 min.
Жума куни билан табриклаш

Яқин йиллардан бери баъзилар томонидан: ““Жума айёмингиз муборак бўлсин”, “Жума муборак” дейиш мумкин эмас, чунки, жума куни қиёмат куни бўлади, қачонки биз маҳшаргоҳдан ўтиб жаннатда йиғилганимиздагина “жума муборак бўлсин”, деб айтамиз. Жума билан табриклаш бидъат, чунки, Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар бир-бирларини жума билан табрикламаган” деган ҳар хил гап-сўзлар тарқалиб қолди. Бу гап-сўзларга қисқа жавоб шуки, мўмин-мусулмонлар ўзаро бир-бирларига соғлиқ-саломатлик тилаб, Жума куни билан табриклашлари мубоҳ (савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайдиган) амаллардандир.

Чунки жума куни билан табриклаб, муборакбод қилиш бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифлардан кўзланган мақсадга мувофиқ келади ҳамда умумий шариат қоидаларига тўғри келади. Қуйида уларни баён қиламиз:

Биринчидан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

ﻭَﻗُﻮﻟُﻮﺍ ﻟِﻠﻨَّﺎﺱِ ﺣُﺴْﻨًﺎ

яъни: “Одамларга ширин сўз бўлинг” (Бақара сураси 83-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"والكلمة الطيبة صدقة"

(متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Яхши гап садақадир” (Муттафақун алайҳ).

Демак, мусулмонлар бир-бирларини жума куни билан табриклаб, яхши тилакларни айтишлари мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифлардаги ширин сўз ва яхши гапларни гапиришга бўлган тарғибнинг мазмунига тўғри келади.

Жума куни билан табриклаб, муборакбод қилиш бир қанча асрлардан бери мусулмонлар орасида одат тусига айланиб, бу сабабли мусулмонлар бир-бирларини хурсанд қилиб келмоқдалар. Мана шундай ўзаро хурсандчиликка сабаб бўладиган амални нимаси бидъат бўлади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида бундай деган бўлсалар:

"أحبُّ الأعمالِ إلى اللهِ عزَّ وجلَّ سُرُورٌ يدْخِلُهُ على مسلمٍ"

(رواه الإمام ابن حبان والإمام الطبراني عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳ таолога энг яхши амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргазишдир” (Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Табароний ривоятлари).

Демак, мана шу ҳадисга амал қилган ҳолда, мусулмон кишининг қалбига хурсандчилик киргизиш мақсадида жума куни билан табриклашимиз мумкин бўлади. Қолаверса, буюк саҳобий Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир ажойиб сўзни айтганлар:

ما رأى المسلمون حسنا فهو عند الله حسن، وما رآه المسلمون سيئا فهو عند الله سيء

(رواه الإمام الحاكم في المستدرك)

яъни: “Мусулмонлар яхши кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам яхшидир,  мусулмонлар ёмон кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам ёмондир” (Имом Ҳоким ривоятлари).

Мана шу пурмаъно гапга биноан ҳам жума куни билан ўзаро муборакбод этиш ва яхши тилаклар тилашимиз мумкин бўлади. 

Иккинчидан,  Жума куни билан табриклаш – ўзаро дуо қилиш ва бир-бирига яхши тилаклар айтишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда дуо қилишга бўлган тарғиб бирор-бир қайдсиз мутлақ келган. Жумладан, Аллоҳ таоло дуо қилиш ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ

فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси, 186-оят).

Ушбу оятдаги дуо махсус бир дуога қайдланмасдан умумий бўлганидан кейин, мусулмон кишининг бошқа биродарига “жума кунингиз муборак бўлсин” деган дуоси ҳам мазкур ояти кариманинг мазмунига мувофиқ келаверади. Агар ушбу оят махсус дуоларни ўз ичига олади, жума билан табриклашдаги дуони ўз ичига олмайди десак, мутлақ (қайдсиз) келган оятни қайдлаб қўйган бўламиз. Бу эса ҳанафий мазҳабимиздаги усул қоидаларга тўғри келмайди.

Қолаверса, бизни ҳар бир дуоимиз ва яхши тилакларимизнинг лафзига мувофиқ албатта Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор ҳадис ёки саҳобалардан бирор ривоят топилиши шарт эмас. Бундай қоида шариатимизда йўқ. Балки, юқорида зикр қилинган умумий бир қанча далиллар мавжуд,  улар ўз ичига кўплаб амалларни қамраб олади. Шундай экан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобаларнинг бир ишни қилмаганларининг ўзгинаси, уни ман қилиш учун далил бўлмайди. 

Учинчидан, Қурбон ва Рамазон ҳайити кунлари билан табриклаш, шунингдек, янги кийим кийганда, кишининг тавбаси қабул бўлганда, ҳаж ибодатини тамомлаганда, никоҳ ақди тузилганда, фарзанд дунёга келганда табриклаш ҳақида бир қанча ҳадис ва ривоятлар мавжуд. Аммо жума куни билан табриклаш ҳақида сароҳатан (очиқ-ойдин) ҳадис ёки ривоят келмаган. Мана шундай ўринларда шариат қонун-қоидаларини яхши ўрганган уламоларимиз бир қоида ишлатадилар: “далили бор нарсага далил келмаган нарсани қиёс қилиш (таққослаш)”. Бу қоидани ишлатиш учун иккита шарт топилиши керак. Биринчиси, қиёс қилинаётган амалнинг шариатга зид жойи бўлмаслиги керак. Иккинчиси эса, далили келган амал билан далили йўқ амални бажаришдан мақсад бир бўлиши керак. Шундай экан, юқоридаги Қурбон ва Рамазон ҳайитлари билан табриклаш каби далили келган амалларга жума куни билан табриклаш амалини қиёс қилинади. Чунки барчасидан мақсад бир, у ҳам бўлса – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик солишдир.

Қолаверса, Жума куни кунларнинг энг яхшиси экани ҳақида Пайғамбаримиз шундай деганлар:

"خَيْرُ يَوْمٍ طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ يَوْمُ الْجُمُعَةِ فِيهِ خُلِقَ آدَمُ وَفِيهِ أُدْخِلَ الْجَنَّةَ وَفِيهِ أُخْرِجَ مِنْهَا"

(رواه مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумадир! У куни Одам яралган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат ҳам жума кунидадир” (Имом Муслим ривоятлари).

Шунингдек, Жума куни мусулмонларнинг ҳафта ичидаги байрамлари ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"إن هذا يوم عيد جعله الله للمسلمين، فمن جاء الي الجمعة فليغتسل، وإن كان عنده طيب فليمس منه، وعليكم بالسواك" ( اخرج إبن ماجة عن إبن عباس رضي الله عنه)

яъни: “Албатта бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. Шундай экан, ким жумага етса, ғусл қилсин. Агар унда хушбўйлик бўлса, ундан сепиб олсин ва мисвокни лозим тутинглар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам Жума кунини ҳафталик байрам экани ҳақида бундай деганлар:

  "يوم جمعة، ويوم عرفة، وكلاهما بحمد الله لنا عيدٌ" (رواه الطبري في جامع البيان).

яъни: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Жума ва Арафа кунлари биз мусулмонларга байрам қилиб берди” (Имом Табароний “Жомиъул баён” китобларида келтирганлар).

Байрам билан табриклаш ва муборакбод қилиш мумкинлиги ҳақида мўътабар уламоларимиз томонларидан бир қанча маълумотлар мавжуд бўлиб, жумладан, буюк муҳаддис ва фақиҳ Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқотул мафотиҳ” китобларида أتاكم رمضان، شهر مبارك яъни, “Сизларга Рамазон келди. Бу муборак ойдир” деган ҳадисни шарҳида  шундай деганлар:

هو أصل في التهنئة المتعارفة في أول الشهور بالمباركة

яъни: “Мана шу ҳадис (янги) ойларнинг аввалида урфга айланган муборак бўлсин, деб табриклашга асос ҳисобланади. 

Имом Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ “Муғний” китобларида шундай деганлар:

"قال أحمد، رحمه الله:  ولا بأس أن يقول الرجل للرجل يوم العيد: تقبل الله منا ومنك".

яъни: Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Байрам куни киши биродарига: “Аллоҳ сизу биздан қабул қилсин”” дейишини ҳеч қандай зарари йўқ.

Имом Шиҳоб Аҳмад Моликий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: 

سئل مالك عن قول الرجل للرجل في العيد تقبل الله منا ومنك وغفر لنا ولك

 فقال: "ما أعرفه ولا أنكره لأنه قول حسن"

яъни: Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан байрам куни киши биродарига: “Аллоҳ сизу биздан қабул қилсин ва гуноҳларимизни кечирсин!” дейиши ҳақида сўралганда у зот бундай жавоб бердилар: “Уни (далили борлигини) билмаймиз, лекин инкор ҳам қилмаймиз, чунки бу яхши сўздир”.

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “Усулул аманий би-ҳусулит таҳаний” китобларида бундай деганлар:

التهنئة بنحو الأعياد والشهور، لها أصل في السنة كالتهنئة بالمولود.

яъни: “Фарзанд кўрганда табриклашни ҳадисларда асоси бўлгани каби байрам ва ойлар билан табриклашни ҳам ҳадислардан асоси бор”.

Демак, байрамларда табриклаш мумкин бўлганидан кейин жума кунида ҳам табриклаш ва муборакбод этиш мумкин ва жоиздир. Чунки юқоридаги ҳадислар билан жума кунини ҳам байрам экани очиқ-ойдин маълум бўлди. Шунга биноан, бу кунни байрамона кайфиятда, хушбўйликларни сепиб, хурсадчилик билан, ибодатларни адо этиб, ўзаро бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб, яхши тилакларни билдириб ўтказишимиз айни мудао бўлади. Жума куни сизга барокатли, муборак бўлсин, дейиш ҳам, яхши тилаклар жумласидандир.

Хулоса қиладиган бўлсак, юқоридаги барча ояти карима, ҳадиси шариф, ривоят ва фиқҳий қоидалар ҳамда уламоларимизнинг фикрларидан маълум бўлмоқдаки, мусулмонлар бир-бирларини Жума куни билан табриклаб, ўзаро дуолар қилишларида ҳеч қандай шариатга зид жойи йўқ. Аксинча, бу дуои хайр ва яхши тилаклар сабабли мусулмонлар орасида меҳр-муҳаббат, ўзаро хурсандчилик, оқибат зиёда бўлиб, биродарлик ришталари мустаҳкамланади. Албатта, бу табриклаш ихтиёрий бўлиб, уни вожиб ёки суннат демаймиз. Бу амални тарк қилган киши гуноҳкор ҳам бўлмайди.  Валлоҳу аълам. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мудири в.в.б.

Ғуломиддин Холбоев

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами албатта келади, агар...

06.11.2023   3474   7 min.
Аллоҳнинг ёрдами албатта келади, агар...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг ёрдами келиши учун қилинадиган 5 шартни эътиборингизга тақдим қиламиз. Албатта, унинг сабаб ва шартлари фақатгина шу 5 та билан чекланиб қолмайди. Биз 5 тасинигина эслатиб ўтишни лозим деб топдик.

Биринчи шарт, иймон келтириш, яъни мўмин бўлиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган” (Рум сураси, 47-оят).

Демак, Аллоҳнинг ёрдамига эришиш учун иймон келтирганлардан бўлиш керак экан.

Иймон нима? Бу ҳақда Жаброил алайҳиссалом “Менга иймон ҳақида хабар бер”, деб сўраганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтиришинг ва қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтиришинг”, деб жавоб берганлар.

Булар иймоннинг устунларидир. Сиз унинг ҳар бирига шундай иймон келтирингки, улар амалларингизда акс этсин. Мана шу энг муҳимидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга бўлган ишончлари ниҳоятда кучли эди. Кунларнинг бирида ғазотдан қайтиб қиличларини дарахтга илдилар ва унинг остида ухлаб қолдилар. У ердан ўтаётган бир мушрик Пайғамбаримизнинг дарахтга осиғлик турган қиличларини олиб, муборак бўйинларига ҳужум қилмоқчи эди, Набий алайҳиссалом уйғониб қолдилар. Шунда ҳалиги мушрик:

— Энди сени ким қутқара олади?! − деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:

Аллоҳ қутқаради! − деб жавоб бергандилар мушрикнинг қўллари қалтираб қолди, қўлидаги қилич эса ерга тушиб кетди.

Агар иймон сизнинг амалларингизда ўз аксини топса қандай мўъжизалар содир бўлишини кўрдингизми?

Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан ёки нимадан қўрқасиз?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Савр ғорига беркинган эдилар. Икковлари ғорнинг энг юқори қисмига чиқиб олишди. Мушриклар ҳам бўш келмасдилар. Тиш-тирноқлари билан уларни излаб топишга ҳаракат қилардилар. Ҳар бир қарич ерни илма тешик қилдилар.

Савр ғорининг олдига ҳам келдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор зарар етиб қолишидан ниҳоятда хавфсираб, хавотирга тушардилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр нимадан қўрқяпсан, маҳзун бўлма, Аллоҳ биз билан”, дедилар.

Агар Аллоҳ сиз билан эканига қатъий иймон келтирсангиз сизни ҳеч ким ва ҳеч нарса қўрқита олмайди. Одамларнинг аксарияти дучор бўлган қўрқув кишанларидан озод бўласиз. Юсуф алайҳиссалом каби зиндон сиз учун озодликдан севимлироқ бўлади. Оч бўлсангиз ҳам ғам чекмайсиз Аллоҳ ризқингизни беришига ишонасиз, бемор бўлсангиз фақат Ўзи шифо беришига амин бўласиз. Шунинг учун иймон Аллоҳнинг ёрдами келишининг биринчи асосларидан саналади.

Иккинчи шарт, иймонда мустақим туриш, собитқадам бўлиш. Сиз то иймонда мустақим тураркансиз, Аллоҳнинг ёрдами сиздан тўхтамайди. Аллоҳнинг ҳар бир ишга қодир эканига ишонар экансиз Ўзи сизга ёрдамчи бўлади. “Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур” (Ҳаж сураси, 40-оят).

Учинчи шарт, бирлашиш. Кунларнинг бирида Форс ҳукмдори Умар розияллоҳу анҳу билан учрашмоқчи бўлди. Узоқ йўл юриб, Мадина шаҳрига етиб келди. Шаҳарга киришда ўзининг шохона кийимларини кийиб олди. Дастлаб масжидга олиб боришди, лекин у ерда Умар розияллоҳу анҳуни топмадилар. Яқин атрофда ўйнаб, югуриб юрган ёш болалар: “Сизлар мўминлар амирини қидиряпсизми?” деб сўрашди. Улар: “Ҳа” дейишганди, болалар: “Масжиднинг орқа томонида ухлаяптилар”, дедилар.

Масжиднинг орқа томонига ўтиб қарашса Халифа Умар розияллоҳу анҳу кийимларини буклаб, ерда ухлаб ётардилар. Саҳобалар халифани уйғотиб юбормаслик учун жим турдилар. Форс ҳукмдори: “Умар қани? Унинг қўриқчиларичи? Ахир сизлар Форсни забт этган бўлсангиз, қасрларингиз қаерда?” деб хайратланиб саволларни бераётганида Умар розияллоҳу анҳу уйғониб кетди. “Сен Форс ҳукмдоримисан?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деб жавоб берди. “Сени бу ерга нима олиб келди?” дедилар Умар розияллоҳу анҳу. У: “Ислом дини келмасидан олдин ҳам сизлар билан ўртамизда жуда кўп урушлар ўтди. Ҳар гал сизларни мағлуб қилардик. Аммо мусулмон бўлганингиздан кейин сизларни енга олмадик. Қўшинларингиз кучли бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ сизларга ёрдам бергани учун ғолиб бўлдингиз деб биламан”, деди.

Умар розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Ҳа, тўғри. Яна бир сабаб – биз бирлашдик. Бирлашиш Аллоҳ таолонинг ёрдами келишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир””.

Тўртинчи шарт, илм олишга ҳаракат қилиш. Тарихдаги жангларда ғалабалар ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Балки унга пухта тайёргалик, илм орқали эришилган. Ўтган аср мусулмонларининг барчалари қори бўлишган. Мағрибнинг ҳумкдорларидан бири ўғлини уйлантирмоқчи бўлди. Шунда кимнинг уйида қория қизи бўлса, уйнинг деразаси олдида шамни ёқиқ қолдиришга эълон қилди. Шу кеча, шаҳар жуда ёришиб кетди, чунки ҳар бир уйнинг деразаси олдида кўплаб шамлар ёқилганди. Ҳа, ҳар бир уйда Қуръонни ёддан биладиган бир нечта қизлар бор эди. Бу услуб қўл келмаганидан подшоҳ энди бу кеча ҳадис тўпламларини ҳам ёддан биладиганлар шам ёқсинлар деган буйруқни берди. Шамлар сони анча камайган бўлсада, аммо ҳар бир уйда биттадан бўлсада ёқилгани бор эди.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига биноан иброний тилни ўрганишди. Ҳатто “биз уларнинг ўзидан ҳам яхшироқ ёза ва сўзлаша оламиз” дедилар.

Илм енгилмас кучдир. Буни айниқса ёшлар яхшилаб билиб олишлари лозим.

Бешинчи шарт, сабр-тоқат қилиш. Бир ёш йигит илм ўрганишга ният қилди. Лекин илм йўлидаги қийинчиликларга бардош қила олмади. Уйига қайтиб кетишга қарор қилди. Юкларини йиғиб, йўлга отланди. Йўлда кетар экан, йўл бўйидаги сув оқимига кўзи тушди. Ва ўз-ўзига: “сув юмшоқ, тош қаттиқ бўлса, лекин шунда ҳам сув тошни ёриб ўтишга муваффақ бўляпти. Менинг қалбим шу тошдан ҳам қаттиқ эмаску. Қатъий бўлсам илм қалбимни ёриб киради”, деди. Вақт ўтиб шу йигит ўз соҳасининг энг йирик олимларидан бирига айланди.

Сабр бу кутиш дегани эмас. Балки мақсад сари ҳаракат қилишга, бардавом бўлишга ҳам сабр керак. Сабр нафснинг ёлғонлари билан доимий курашдир.

Аллоҳга итоат этиш барча яхшиликлар эшигининг калитидир. Бу йўлда собитқадам бўлишга интилинг. Озгиндан бўлса ҳам, ҳар куни мунтазам тарзда солиҳ амал қилинг.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар