Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Кун ёруғлигидаги замонавий, кенг масжид. Фарғона вилояти Олтиариқ туманида янгидан қурилаётган «Оқ дўппи эшон» жоме масжиди асосий хонақоҳи баландлиги 20 метрга яқин бўлиб, деразаларининг баландлиги ва кўплиги билан янада ёруғ ва кенг кўринади. Лойиҳага кўра, 4 томондан 30 метрлик минора 4 та кичик гумбаз устига қурилган катта гумбазни қуршаб туради. Ички томондан эса тўрт томондаги нафис қуббалар хонақоҳга ўзгача гўзаллик бағишлаб қолмай, муайян вазифаларни адо этади. Бир вақтлар бундай масжидлар вилоятлар аҳолиси учун орзу эди. Минг шукурки, бугун омонлик замонасида меҳнатсевар халқимиз муносиб шарт-шароитлар асосида яшаш, ибодат қилиш имкониятига эга бўлмоқда.

Яқинда қурилиши бошлаб юборилган масжид пойдеворига ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари қатнашдилар. Эзгу ният ва ихлос ила хайрли ташаббусга хизмат қилаётган кишилар ҳақларига дуолар қилинди.
Қапчиғай маҳалласи ва қўшни маҳалла аҳолиси учун торлик қилаётган ушбу масжиднинг эски биноси 300-400 кишини сиғдирган бўлса, янги қад ростлаётган масжиднинг катта хонақоҳида 3000 га яқин, ер тўла қисмида эса яна 2500 киши ибодат қилиши мумкин. Шунингдек, замонавий таҳоратхона ва маъмурий бинолар ҳам қулай имкониятлар асосида барпо этилиши режалаштирилган.

Аллоҳ таоло байтининг ободлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ҳаракатга Ўзи баракотлар ато этсин, масжид тез орада қад кўтариб, халқнинг қувончига, иймон ва маърифатининг юксалишига сабаб бўлсин!












Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази