Абу Алийя айтади: «Бир куни Умар ибн Абдулазиз одамлар билан ўтирган эди. Кун ярим бўлиб, қиздира бошлагач, одамларга: «Мен қайтиб келгунимча шу ерда туринглар» деб, бир оз дам олиш учун ичкарига кириб кетди. Бироздан сўнг ўғли Абдулмалик келиб, уни сўраган эди, одамлар унинг ичкарига кириб кетганини айтишди. Ўғли киришга изн сўради, унга изн берилди. У кириб, отасидан «Мўминларнинг амири, бу ерга нима учун кирдингиз?» деб сўради. «Бир оз дам олмоқчи эдим», деди Умар. Ўғли одоб билан: «Фуқароларингиз эшигингиз олдида кутиб турган ҳолда сизга ўлим келиб қолишидан омондамисиз? Улардан беркиниб олдингизми?» деди. Умар ибн Абдулазиз бу гапдан сўнг тез ўрнидан туриб, одамлар олдига чиқди.
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.
Зиёратгоҳнинг қоқ марказида буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
– Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.