Ҳанафий мазҳабида қабрлар зиёрати мандуб амаллардандир. Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун ўтганларнинг яхши амалларини хотирлаб зиёрат қилмоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни таъқиқлаган эдилар.
Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди. Қабрларни зиёратига даъват қиладиган энг машҳур даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида бундай дейилади:
Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Cизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабр зиёрати охиратни эслатади, дунёда зоҳид қилади”, деганлар. Яъни, охиратни эслатиб, дунёга ҳирс қўйишдан сақлайди. Инсон зиёратга бориб, ўзини ўнглайди, дунёнинг бир ўткинчи эканлигини эслайди, одамзотдан ўзи қилган яхшиликлари қолишини англайди. Тўпланган мол-дунёлар инсонга вафо қилмаслиги, бу дунёдан улардан бирор нарса олиб кета олмаслиги, фақатгина инсоннинг хайрли амаллари қолиши зиёрат асносида кўнгилдан ўтади. Қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эсламоқ, дунё муҳаббатини кетказмоқ, манманлик ва мақтаниш, ғурурланишни тарк этмоқ учун машруъ қилинган (яъни шариъатда рухсат қилинган)дир.
Уламолар эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёратини эса жумҳур уламолар макруҳ санашган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатласин”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.
Жумҳур “уламолар: “Ҳадисда айтилган лаънат қабрлар зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга хосдир”, дейдилар”.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга юқорида биринчи келтирилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар.
Эркаклар учун қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир. «Риёзу-с-солиҳийн» нинг туркий шарҳида эса аёллар учун ҳам қабр зиёратининг зарари йўқ, деганлар. Фақат бунда фитнадан холи бўлиш, ислом ахлоқи ва интизомига, зиёрат одобига риоя қилиш шартдир.
«Аёлларга оид фиқҳий масалалар» китобида эса: «Охиратни эсламоқ учун қабрни зиёрат қилмоқ эркак ва аёлга мандубдир (раводир, савоблидир)» дейилган. (289-саҳифа).
Аҳмад Изуддин ал-Байянунийнинг «Таҳорат ва намоз ҳукмлари» китобининг «Қабрларни зиёрат этиш ва улар ҳаққига дуо қилиш» бобида бундай дейилади:
«Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда, албатта, маҳрам бўлиши шартдир» (147-саҳифа).
Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий манбаларда эса аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз, дейилган. Зотан, аёллар ҳам ўз ота-оналари ҳамда қариндошлари қабрларини зиёрат қилишга ҳақлидирлар. Бунга бир неча далиллар мавжуд. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Қабрларни зиёрат қилганимда нима дейман?”, деб сўраганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ассалом, ъала аҳл ад-диёр мин ал-мўъминин ва-л-муслимин!”, деб саломлашасан”, деганлар. Буни муҳаддислардан Имом Муслим ва Имом ан-Насоий раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилганлар.
Ким бўлишидан қаттий зиёратда ниятни тўғриламоқ лозим. Умар (р.а.) дан ривоят қилинади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар:
“Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир. Бас, кимки (Маккадан Мадинага) Аллоҳ таоло ва унинг Пайғамбари учун ҳижрат қилса, унга Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилганлик савоби ёзилур. Ҳар ким дунё учун ҳижрат қилса – дунёга, аёл учун ҳижрат қилса аёлга етгусидир. Бас, нимани ният қилиб ҳижрат қилса, ўшани эътиборга олинади”.
Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади. Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.
Қабр зиёрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради”. Халқимизда:“Кўнглинг чўкса, бозорга бор! Кўнглинг кўтарилса, мозорга бор!”, деган нақл бор. Инсон ҳаётда ўзи билмаган ҳолда манманликка, кибру ҳавога берилиб қолиши мумкин. Инсон ўз айбу нуқсонларини гоҳида кўрмай қолади. Шунинг учун ундай одамларга қабр зиёрати жуда фойдали. Айниқса, бой-бадавлат инсонлар, мансаб курсисига ўтирганлар қабрларни кўпроқ зиёрат қилиб туриши керак. Қабрлар зиёрати пайшанба, жума, шанба, душанба кунларида бўлса яхши. Зиёрат тик турган ҳолатда бўлади.
Миржон ЭГАМБЕРДИЕВ
Дил сўзи
Муборак Қурбон ҳайити арафасида турибмиз. Бутун мусулмон олами, ислом уммати ушбу улуғ айёмни чексиз шодлик ва шукроналик билан кутиб олмоқда. Ушбу қутлуғ кунларда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида юртдошларимиз билан бирга ҳаж амалларини адо этяпмиз.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотимиз Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғлиги, ҳар бир фуқаро давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан четда эмаслигининг яна бир ҳаётий ифодаси ўлароқ қалбларимизни олам-олам шодликка тўлдирди, руҳимизни кўтарди, байрам шукуҳини янада бойитди.
Давлатимиз Раҳбари билан суҳбатимиз нақадар самимий кечганига халқимиз оммавий ахборот воситалари, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, гувоҳ бўлдилар.
Президентимиз ҳаж зиёратчиларини Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилади.
Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандошимиз муборак ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор давлат ҳисобидан ҳаж зиёратига келди. Уларнинг дилидаги қувончни, шукроналикни, Юртбошимиздан миннатдорликни сўз билан таърифлашга тил ожиз.
Президентимиз суҳбатда зиёратчиларимизнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Дарҳақиқат, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтяпти. Қалбида шукроналик ҳисси жўш урган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда.
Аллоҳ насиб этса, ҳаж зиёратчилари юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халқимизга, айниқса, ёшларимизга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўладилар.
Бугун ҳар бир юртдошимиз муборак айём барокатидан, файзидан баҳраманд. Куни кеча Қурбон ҳайитини юртимизда ўзгача шукуҳ билан нишонлаш бўйича Давлатимиз Раҳбарининг Қарори қабул қилинди. Унга кўра муборак айёмни нишонлаш билан боғлиқ хайру саховат ва мурувват тадбирлари амалга оширилади.
Президентимиз раҳбарлигида Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимотида айтилганидек, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади. Бу қанчадан-қанча инсонлар ҳаётига нур, қалбига қувонч олиб киради.
Зеро, ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, “Инсонларнинг энг яхшиси – бошқаларга кўпроқ манфаати тегадиганидир” (Имом Дору Қутний ривояти). Савобли ишлар, тинчлик ва ободлик йўлидаги ҳамжиҳатлигимиз бизни албатта улуғ мақсадларга бошлайди.
Ҳақиқатан ҳам, Қурбон ҳайити ислом динидаги энг улуғ ва муқаддас байрамлардан бири, мўминлар юрагида хурсандчилик, меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, саховат туйғуларини юксак даражада уйғотади.
Президентимиз “Одамлар эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”, деган эди. Ўзбекистон етакчиси ўз фаолиятининг илк даврларида илгари сурган ушбу ғоя замирида ҳам ушбу байрамга хос халқ фаровонлиги, аҳоли ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик каби безавол анъаналар мужассамдир.
Ўтган йилларда ушбу ғоя ва мақсадларни рўёбга чиқариш, адолатли жамият, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар қилинди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақоми конституцион даражада мустаҳкамланди.
Кейинги йилларда шу асосда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, айниқса, эҳтиёжманд юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлаш, ишсизликни бартараф этиш, ёшлар ва хотин-қизларга замонавий касбларни ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилиняпти. Ушбу хайрли амаллар муборак Қурбон ҳайити моҳиятига мос ҳолда, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, халқимизни бугунги яшаётган кунидан рози қилиш, эркин ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Сирасини айтганда, Қурбон ҳайити –` инсон қалбида меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлайдиган улуғ айём. Янги Ўзбекистонда ушбу муқаддас байрамнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, халқ фаровонлигини таъминлаш каби эзгу амаллар билан янада бойиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган хайр-саховат ишлари, ижтимоий ҳимоя чоралари, ҳаж зиёратчиларига яратилаётган имкониятлар халқ ва давлат ўртасидаги меҳр ва ишончни янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу хайрли ишлар “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойилнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимиз қалбида эртанги кунга ишонч, шукроналик ва фахр туйғуларини юксалтирмоқда.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.