Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад.
Даврон НУРМУҲАММАД
Тошкент ислом институтида “Май – Ҳадис илмлари фан ойлиги” муносабати билан улуғ муҳаддис Имом Муҳаммаднинг “Муватто” асарини ўқиб тугатган талабаларга ижоза бериш ва “Хатми кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур хайрли анъана доирасида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчилари Раҳматуллоҳ Махсухонов ҳамда Мансур Жамбилов бошчилигида магистратура ва бакалавриат босқичи талабалари ушбу бебаҳо асарни тўлиқ хатм қилдилар.
Институт масъуллари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этган тадбирда устозлар томонидан хатми кутуб қилишнинг фазилати, Имом Муҳаммаднинг ҳадис илмида тутган юксак ўрни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига муҳаббатли бўлиш масъулияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида устозлар талабаларга ҳадис ривоят қилиш учун расмий ижоза (силсила) ва сертификатларни топшириб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилишди. Шунингдек, талабаларга ушбу бебаҳо асарни ўргатган фидойи устозлар институт раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати