Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтсалар аввало масжидга кирардилар. Бу ҳақда Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан фақатгина кундузи тонг вақтида келардилар. Сафардан келсалар, масжиддан бошлардилар ва унда икки ракат нафл намоз ўқиб, сўнгра ўтирардилар. Одамлар у кишига келиб салом беришар эди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ сафардан қайтишда масжидга киришга одатланайлик.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жума куни — мусулмонлар учун энг улуғ ва муборак кундир. Бу кун нафақат ҳафтанинг саййиди, балки гуноҳлар кечирилиши, дуолар қабул қилиниши ва қалблар нурга тўлиши учун берилган илоҳий имкониятдир. Шу боис солиҳ зотлар жумага оддий кундек эмас, байрамдек тайёргарлик кўрганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг фазилати ҳақида бундай дедилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси — жума кунидир” (Имом Муслим ривояти).
Жумага тайёргарлик ғусл қилиш, покланиш, хушбўйлик сепиш ва эртароқ масжидга бориш билан бошланади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни жунублик ғусли каби ғусл қилса, сўнг биринчи соатда (масжидга) борса, худди туяни қурбон қилгандек бўлади. Иккинчи соатда борган киши қорамол қурбон қилгандек, учинчи соатда борган киши шохдор қўчқор қурбон қилгандек, тўртинчи соатда борган киши товуқ садақа қилгандек, бешинчи соатда борган киши тухум садақа қилгандек бўлади. Имом хутбага чиққач эса, фаришталар зикр тинглаш учун ҳозир бўладилар” (Имом Молик ривояти).
Қандай буюк мукофот! Масжидга эртароқ қадам ташлаш оддий амал эмас, балки қурбонлик савобига тенг амал экани билдирилмоқда.
Жума куни мўмин киши ташқи кўринишини ҳам гўзал қилиши суннатдир. Чунки мусулмон нафақат қалби, балки зоҳири билан ҳам пок бўлиши керак. Ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни ғусл қилиб, қўлидан келганича покланса, хушбўйлик суртса, кейин масжидга бориб икки кишининг орасини ажратмаса ва унга фарз қилинган намозни ўқиса ҳамда имом хутба қилаётганда жим турса, икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис жума кунининг нақадар раҳмат эшиклари очиқ кун эканини кўрсатади.
Афсуски, бугун баъзи инсонлар жумага шошилиб, охирги дақиқаларда етиб келишади. Ҳолбуки, аввалги мусулмонлар жумага тонгдан тайёргарлик кўришар, масжидга эрта бориб Қуръон тиловат қилишар, зикр ва дуо билан машғул бўлишар эди.
Жума — қалбни дунё ғуборидан тозалайдиган кун. Унда мўмин киши ҳаётига назар ташлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади ва Роббисига яқинлашади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшироқдир.” (Жума сураси, 9-оят)
Бу оят мўмин инсон учун жума намози ҳар қандай дунё ишларидан устун эканини англатади.
Жума — фақат намоз куни эмас. У — биродарлик куни, раҳмат куни, дуолар ижобат бўладиган муборак фурсатдир. Ким бу кунни қадрласа, қалби нурга тўлади. Ким уни беҳуда ўтказса, катта фазилатдан маҳрум бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни жума кунини эҳтиром қиладиган, унга муносиб тайёргарлик кўрадиган ва унинг баракотидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Азимхон Зиёвуддинов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме масжид имом-хатиби