Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2026   |   24 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:03
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:57
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2026, 24 Шаъбон, 1447

Зўравонлик ва терроризмнинг ёйилишида мазҳабсизлик омили

27.10.2020   2047   8 min.
Зўравонлик ва терроризмнинг ёйилишида мазҳабсизлик омили

“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (йигирманчи қисм)

Фиқҳий мазҳабларнинг пайдо бўлиши тарихи борасида умумий фикрлар 

Ислом фиқҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаёқ мустақил илм сифатида шакллана бошлади. Дарҳақиқат, Қуръони карим нозил бўлиб турган, унда намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодат турларига боғлиқ бўлган масалалар ҳал булаётган эди. Шу билан бирга савдо-сотиқ, ҳадя бериш каби муомалот ва қарзга оид масалалар, оила ва мерос ҳукмлари баён қилиниб турган эди. Аллоҳ таоло диний аҳкомларни одамларга баён қилиб беришни ўзининг каломида пайғамбар алайҳиссаломнинг зиммаларига юклади:

“Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”. (Наҳл, 44) .        

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳни амрини бажардилар. Ўз суннатлари билан ҳалол, ҳаром каби барча ҳукмларнинг тафсилотларини баён қилиб берар эдилар. Зеро, Расул алайҳиссаломнинг ўзлари шариатнинг манбаи эдилар. У зот айрим масалаларда умматга таълим бўлиши учун ўзлари ижтиҳод қилар ва шу орқали умматларига истинбот қоидаларини ўргатар эдилар. Уламоларимиз жаноби Расулуллоҳнинг маҳкама ва даъво ишларида ҳамда жангу жадал ва бошқа дунё ишларида ижтиҳод қилганликларига иттифоқ қилганлар.
Улар Расулулоҳнинг ижтиҳод қилганларига кўп мисоллар келтирадилар. Жумладан:

Абу Суфённинг аёли Ҳинд Бинти Утба Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига эри Абу Суфённинг нафақа бермаётганидан шикоят қилиб келди. Шунда Расул алалайҳиссалом унга эрининг молдан сўрамасдан ўзи ва болалари учун етадиган даражада олишга рухсат бердилар. 

Бадр ғазотида асирга тушганлар ҳақидаги ижтиҳодлари. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асрлар масаласида саҳобалар билан маслаҳатлашиб асирлардан товон пули олиб кейин уларни озод қилишга қарор қилдилар. Бу ҳам ўз ижтиҳодлари эди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида ҳам саҳобалар орасида ижтиҳод бўлиб турар эди. Уларнинг ижтиҳоди тўғри бўлса ижтиҳодини  қўллар эдилар. Агар хато қилсалар хатоларини тўғирлаб қўяр эдилар.             

Пайғамбар алайҳиссалом Саид ибни Муозни  бани Қурайза яҳудийлари устидан чиқарган ҳукмини маъқулладилар ва унга қараб “уларнинг орасида ҳакимона ҳукм қилибсан” дедилар.

Саҳобалардан Аммор ибни Ёсир розияллоҳу анҳу таяммум ҳақидаги оятни эшитганида ағанаб тупроққа беландилар ва кейин намоз ўқидилар. Набий алайҳиссалом унинг бу ишини оқламадилар ва унга “икки қўлингни ерга уришинг етарлидир. Кейин унга пуфлайсан. Кейин икки қўлинг билан юзинг ва икки кафтинга масҳ тортгин” дедилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом Муоз ибн Жабални Яманга қози қилиб жўнатаётганларида: “Агар сенга бирор масала иштибоҳ бўлиб қолса, нима билан ҳукм қиласан?” – деб сўрадилар.

Муоз розияллоҳу анҳу: "Аллоҳнинг китобидан", – деди.

 "Агар ундан тополмасанг-чи?"– деб сўрадилар Аллоҳнинг элчиси.

Муоз  розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳнинг  суннатидан", – деди.      

 "Ундан ҳам тополмасанг-чи?" – яна сўрадилар у зот.

Муоз розияллоҳу анҳу: "Ўз фикрим билан ижтиҳод қиламан. Бўшашиб ўтирмайман!" – деди.

Шунда Расул алайҳиссалом унинг кўксига уриб: "Аллоҳнинг расули жўнатган элчини Аллоҳнинг расули рози бўладиган ишларга муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!” – дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ҳам иш шу каби давом этди. Яъни улар масалаларни Китоб ва Суннатдан, охирида эса ўз ижтиҳодлари билан ечар эдилар. Табиийки, улар ҳам ижтиҳодларида бир-бирига хилоф қилар эдилар.

Бу ҳақида аллома ибни Халдун ўз китобида шундай дейди: “Деярли шаръий далилларнинг барчаси асосан араб тилида келгандир. Маълумки, араб калималарининг маъноси кенг қамровли. Хоссатан, шаръий матнларнинг кенг маъноларда қўлланилиши маълум ва машҳур. Шунингдек, суннатнинг собитлик даражаси ҳам турфа хил бўлади. Суннат орқали келган кўпгина ҳукмлар гоҳида ўзаро қарама-қарши бўлиб қолса, уларнинг кучлироғини ажратиб олиш зарур. Бунинг ўзи ҳам ихтилофли масаладир. Ўз навбатида тафсилоти ҳақида насс (оят) келмаган ҳукмлар ҳам ихтилофлидир. Бунинг устига воқеликда янги масалалар ҳам учраб, уларнинг шаръий асосини тополмайсиз. Бу вақтда тафсилоти ҳақида далили келмаган янги масалани далили келган масалага қиёсланади. Буларнинг барчаси воқеликда ихтилофлар бўлиши зарурат эканига далил бўлади. Бу борада ҳатто салаф ва улардан кейинги уламолар орасида ҳам ихтилофлар кузатилади”.

Биз бу фикрларга, яъни ихтилоф масалаларига Қуръон далилларига боғлиқ бўлган бошқа бир мисолни ҳам қўшимча қилишимиз мумкин. Биламизки, Қуръони каримнинг далиллари собитликда қатъийдур. Аммо уларнинг орасида маъно жиҳатидан қатъий (ҳукми аниқ) ва зонний (ҳукми гумоний) оятлар ҳам мавжуд. Табийки, зонний оятларнинг устида далолатан эҳтимолий маънолар ҳам юзага келиб, айнан шу каби маънолар борасида уламолар орасида ихтилофлар келиб чиқади.

Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам аҳли фиқҳ ва етук маърифат соҳиблари эмас эди. Уларнинг орасида ҳам ижтиҳод даражасига етган ва у даражага етмаганлар мавжуд эди. Аммо уларнинг орасида ижтиҳод малакасига етишмаганлари ижтиҳод даражасига етганларига эргашар ва уларга тақлид қилар эдилар. Улар бу ишда қуйидаги ояти каримага суянар эдилар: 

“Эй, Муҳаммад,) Сиздан олдин ҳам фақат (Сиз каби) кишиларнигина (пайғамбар қилиб) юбориб, уларга ваҳий нозил этиб турганмиз. Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрангизлар!” (Наҳл,43).         

Ижтиҳод ва фатво даражасига ҳаммадан кўра кўпроқ сазовор бўлган уч саҳобанинг номи келтирилади. Улар ибни Масъуд, Зайд ибни Собит, Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳумлардир.

Тобеинлар ҳам бу масалада айнан саҳобаларнинг манҳажи (йўлига)га эргашдилар. Аммо улар ҳам айрим масалаларда саҳобалар ихтилоф қилгани каби ўзаро ихтилоф қилганлар. Тобеин фуқаҳолардан Саид ибни Мусаййаб, Урва ибни Зубайр, Қосим ибни Муҳаммад ибни Абий Бакр, Икрима, Ато, Саид ибни Жубайр ва бошқаларни келтириш мумкин.

Улардан кейин эса Абу Ҳанифа, имоми Молик, имоми Шофеий ва Аҳмад ибни Ҳанбал каби тўрт мазҳаб алломаларининг замони келди. Ушбу забардаст катта алломаларнинг сермаҳсул фаолияти орқали машҳур мазҳаблар вужудга келди. Зеро уларнинг истинбот ва далилларни келтириш салоҳиятига ҳамда фикр теранлиги-ю илмий даражаларини чексиз бўлганлигига бирор бир илм аҳли шубҳа қилмайди. Дарҳақиқат, фиқҳ айнан уларнинг асрида ривожланди ва гуллаб-яшнади. Уларнинг замонида ҳам маҳкама ишлари ва муомалот (савдо-сотиқ масалалари)га доир масалалар аслий қоида бўлмиш Китоб ва суннат, саҳобаларнинг ижмосига ва ушбу асослардан кейингина қиёс каби бошқа шаръий асосларга қараб ҳал қилинар эди. Улар ўз навбатида фиқҳ илми ривожи ва муҳофазаси учун маълум бир қоида ва зарурий дастурлар жорий қилдилар. Ижтиҳод йўллари ва ҳадислардан қандай фойдаланиш ҳақида услубий қўлланмаларини жорий қилдилар. Муҳаддис аллломаларимиз саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадисларни бир-биридан ажратиб олиш борасида  мусталаҳал ҳадис (ҳадис истилоҳотлари) йўналишини жорий қилдилар. У орқали ҳадис ровийлари ва уларнинг адолатини ўрганиб чиқдилар. Ровий ва ривоятлар  борасида тизимли қоидалар ишлаб чиқдилар. Фиқҳий мазҳаблар айнан шу орқали вужудга келиб фиқҳ илми унинг маҳсули ва тартибга солувчи асоси бўлди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мазкур тўрт мазҳабни олижаноб, самимий янги авлодларини етиштирди. Улар ушбу илмий ҳамда Китоб ва суннатга асосланган машҳур мазҳабларни мустаҳкамлаш  ва уларни турли мамлакат ва минтақаларга ёйилишини таъминладилар.

Мазкур мазҳаблар бугунги кунимизда ҳам ислом умматнинг ҳимояси ўлароқ давом этиб келмоқда. Айнан мазкур мазҳаблар бугунги глобал ўзгараётган замон ва янгиланаётган даврий ўзгаришларга қарамасдан, ислом фиқҳини фаол ва жонли яшаб келишини таъминлаб беряпти. Энг муҳим томони эса ушбу мазҳаблар умрбоқий шаръий асослар ва илмий мезонларга тўлақонли мувофиқ келмоқда. Агар уммат устида ушбу фиқҳий мазҳаблар мавжуд бўлмаганида ёки бугунгидек илмий ривожланмаганида биз бугунги  кунимиздаги турли ўзгаришлардан ҳимоялана олмас эдик.

Валлоҳу аълам биссоваб.     

(давоми бор)

Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳидов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рўзадорларни руҳлантириш

10.02.2026   3873   5 min.
Рўзадорларни руҳлантириш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рўзадорлар учун уларни руҳлантирувчи хос куйлар ва уларга эҳтиром кўрсатувчи қўшиқлар бор. Улар инсонларнинг Аллоҳ таолони такбир, таҳлил ва истиғфорлар ила энг кўп зикр қиладиганлари бўлишади. Агар кун узайиб кетса зикрлар ила уни қисқартиришади, уларга очлик алам берса зикрлар унинг ҳароратини кесади. Улар зикрлар билан лаззат ва тасбеҳлари билан саодат ичида бўладилар. Улар Аллоҳ таоло: “Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман” (Бақара сураси, 152-оят) дегани каби Уни эслайдилар ва Аллоҳ уларни эслайди.

Аллоҳ таолонинг: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 7-оят), оятига амал қилиб, Унга шукр қиладилар ва Аллоҳ уларга зиёда қилиб беради.

Рўзадорлар Аллоҳ таолони ўтирган, турганларида ҳам, ётганларида ҳам зикр қиладилар. Ҳақиқий рўзадорларнинг қалблари зикр ила ором топади, руҳлари Аллоҳнинг муҳаббати ила бахтиёр бўлади ва нафслари Аллоҳга бўлган шавқ ила роҳатланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббисини зикр қиладиган ва Уни зикр қилмайдиганнинг мисоли, гўёки тирик ва ўликнинг мисоли кабидир”, деганлар.

Не ажабки, ҳаётда еб-ичишни, яшашни биладиган, аммо зикрни билмайдиган қанча-қанча “тирик” ўликлар бор. Улар тирик, аммо ҳақиқий тирикликни англамайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Муфарридлар ўзиб кетди…” . Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Муфарридлар ким ё, Расулуллоҳ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар”, дедилар.

Зикр қилувчи рўзадор инсонларнинг яхшиликларга энг яқини, жаннатга энг тези ва дўзахдан энг узоғидир. Унинг ҳисоб дафтарлари яхшиликлар билан тўлган бўлади.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уни маҳкам тутиб бажарадиган амал ҳақида сўради. У зот алайҳиссалом: “Тилинг Аллоҳнинг зикридан доимо нам (янги) бўлиб турсин”, дедилар.

Бу қанчалар гўзал таъриф! Рўзадор Аллоҳни доимо эслаб туриб қандай оч қолиши ва Унга тасбеҳ айта туриб қандай чанқаши мумкин?!

Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар ҳар нафас чиқиши, лаблар бир-бирига тегиши ва лаҳзалар алмашиши миқдорича зикр қиладиган кишилардир. Уларнинг қилган зикрлари ила ҳисоб дафтарларига улкан ажр ва мукофотлар битилади. Баъзи хатокорлар зикрдан юз ўгирган вақтларида уларни ташвишлар ҳалок қилади, ғамлар ўраб олади ва маҳзунликлар кетма-кет келаверади. Уларда дори бор эди, лекин улар уни қабул қилишмади, уларда муолажа воситаси бор эди, аммо улар буни билишмади. Аллоҳ таоло айтади: “Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи деса унга жаннатда бир хурмо экилади”, деганлар. Қанча-қанча экилиши мумкин бўлган хурмолар ғафлат босган уйқу ва бефойда ўйин-кулгулар билан ўтиб кетди?...

Хато томон бошловчига раҳм қиласан-у, ўзинга шафқат йўқ,
Исрофга мени ундайсан-у билмайсан, у умринг қилганин йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун устига қуёш чиққан нарсалар (бутун дунё)дан яхшироқдир”.

Дунё нима? Унинг олтину кумушлари нима? Қайси нарса уни беҳуда ўтказиш бўлади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тариқа дунёни ўлчар ва юқоридаги бир калимага қуёш чиққан бир кун тенглаша олмайди деб баҳолар эдилар. Ким бутун вақтини ушбу қимматбаҳо калималар ила тўлдирса Қиёмат куни нур, шодиёна ва хурсандчилик қилиб топади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Малик(Робб)ингиз ҳузурида амалларингизнинг энг яхшиси ва энг каттаси, олтин ва кумушни инфоқ қилишдан яхшироқ ҳамда сизлар душманингизга йўлиқиб сиз уларнинг бўйнига (қилич) уришингиз, улар сизнинг бўйнингизга уришидан хайрлироқ бўлган (нарса) нинг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолонинг зикри”, дедилар.

Солиҳ инсонлар бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг кун чиққунига қадар зикр қилишарди. Уларнинг баъзилари Қуръон ўқиб, қалбларини нурга, ҳисоб дафтарларини эса ажрга тўлдирар эдилар. Бутунлай хатога йўл қўйган киши – Рамазонни Роббисини зикр қилмасдан, вақтини Мавлосига тасбеҳ айтишга сарфламасдан ўтказган кишидир. Умрининг дақиқаю сонияларининг қадрига етадиган ва уларни ғанимат биладиган инсонлар борми?

 

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан