“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (йигирманчи қисм)
Фиқҳий мазҳабларнинг пайдо бўлиши тарихи борасида умумий фикрлар
Ислом фиқҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаёқ мустақил илм сифатида шакллана бошлади. Дарҳақиқат, Қуръони карим нозил бўлиб турган, унда намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодат турларига боғлиқ бўлган масалалар ҳал булаётган эди. Шу билан бирга савдо-сотиқ, ҳадя бериш каби муомалот ва қарзга оид масалалар, оила ва мерос ҳукмлари баён қилиниб турган эди. Аллоҳ таоло диний аҳкомларни одамларга баён қилиб беришни ўзининг каломида пайғамбар алайҳиссаломнинг зиммаларига юклади:
“Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”. (Наҳл, 44) .
Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳни амрини бажардилар. Ўз суннатлари билан ҳалол, ҳаром каби барча ҳукмларнинг тафсилотларини баён қилиб берар эдилар. Зеро, Расул алайҳиссаломнинг ўзлари шариатнинг манбаи эдилар. У зот айрим масалаларда умматга таълим бўлиши учун ўзлари ижтиҳод қилар ва шу орқали умматларига истинбот қоидаларини ўргатар эдилар. Уламоларимиз жаноби Расулуллоҳнинг маҳкама ва даъво ишларида ҳамда жангу жадал ва бошқа дунё ишларида ижтиҳод қилганликларига иттифоқ қилганлар.
Улар Расулулоҳнинг ижтиҳод қилганларига кўп мисоллар келтирадилар. Жумладан:
Абу Суфённинг аёли Ҳинд Бинти Утба Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига эри Абу Суфённинг нафақа бермаётганидан шикоят қилиб келди. Шунда Расул алалайҳиссалом унга эрининг молдан сўрамасдан ўзи ва болалари учун етадиган даражада олишга рухсат бердилар.
Бадр ғазотида асирга тушганлар ҳақидаги ижтиҳодлари. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асрлар масаласида саҳобалар билан маслаҳатлашиб асирлардан товон пули олиб кейин уларни озод қилишга қарор қилдилар. Бу ҳам ўз ижтиҳодлари эди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида ҳам саҳобалар орасида ижтиҳод бўлиб турар эди. Уларнинг ижтиҳоди тўғри бўлса ижтиҳодини қўллар эдилар. Агар хато қилсалар хатоларини тўғирлаб қўяр эдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом Саид ибни Муозни бани Қурайза яҳудийлари устидан чиқарган ҳукмини маъқулладилар ва унга қараб “уларнинг орасида ҳакимона ҳукм қилибсан” дедилар.
Саҳобалардан Аммор ибни Ёсир розияллоҳу анҳу таяммум ҳақидаги оятни эшитганида ағанаб тупроққа беландилар ва кейин намоз ўқидилар. Набий алайҳиссалом унинг бу ишини оқламадилар ва унга “икки қўлингни ерга уришинг етарлидир. Кейин унга пуфлайсан. Кейин икки қўлинг билан юзинг ва икки кафтинга масҳ тортгин” дедилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом Муоз ибн Жабални Яманга қози қилиб жўнатаётганларида: “Агар сенга бирор масала иштибоҳ бўлиб қолса, нима билан ҳукм қиласан?” – деб сўрадилар.
Муоз розияллоҳу анҳу: "Аллоҳнинг китобидан", – деди.
"Агар ундан тополмасанг-чи?"– деб сўрадилар Аллоҳнинг элчиси.
Муоз розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳнинг суннатидан", – деди.
"Ундан ҳам тополмасанг-чи?" – яна сўрадилар у зот.
Муоз розияллоҳу анҳу: "Ўз фикрим билан ижтиҳод қиламан. Бўшашиб ўтирмайман!" – деди.
Шунда Расул алайҳиссалом унинг кўксига уриб: "Аллоҳнинг расули жўнатган элчини Аллоҳнинг расули рози бўладиган ишларга муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!” – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ҳам иш шу каби давом этди. Яъни улар масалаларни Китоб ва Суннатдан, охирида эса ўз ижтиҳодлари билан ечар эдилар. Табиийки, улар ҳам ижтиҳодларида бир-бирига хилоф қилар эдилар.
Бу ҳақида аллома ибни Халдун ўз китобида шундай дейди: “Деярли шаръий далилларнинг барчаси асосан араб тилида келгандир. Маълумки, араб калималарининг маъноси кенг қамровли. Хоссатан, шаръий матнларнинг кенг маъноларда қўлланилиши маълум ва машҳур. Шунингдек, суннатнинг собитлик даражаси ҳам турфа хил бўлади. Суннат орқали келган кўпгина ҳукмлар гоҳида ўзаро қарама-қарши бўлиб қолса, уларнинг кучлироғини ажратиб олиш зарур. Бунинг ўзи ҳам ихтилофли масаладир. Ўз навбатида тафсилоти ҳақида насс (оят) келмаган ҳукмлар ҳам ихтилофлидир. Бунинг устига воқеликда янги масалалар ҳам учраб, уларнинг шаръий асосини тополмайсиз. Бу вақтда тафсилоти ҳақида далили келмаган янги масалани далили келган масалага қиёсланади. Буларнинг барчаси воқеликда ихтилофлар бўлиши зарурат эканига далил бўлади. Бу борада ҳатто салаф ва улардан кейинги уламолар орасида ҳам ихтилофлар кузатилади”.
Биз бу фикрларга, яъни ихтилоф масалаларига Қуръон далилларига боғлиқ бўлган бошқа бир мисолни ҳам қўшимча қилишимиз мумкин. Биламизки, Қуръони каримнинг далиллари собитликда қатъийдур. Аммо уларнинг орасида маъно жиҳатидан қатъий (ҳукми аниқ) ва зонний (ҳукми гумоний) оятлар ҳам мавжуд. Табийки, зонний оятларнинг устида далолатан эҳтимолий маънолар ҳам юзага келиб, айнан шу каби маънолар борасида уламолар орасида ихтилофлар келиб чиқади.
Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам аҳли фиқҳ ва етук маърифат соҳиблари эмас эди. Уларнинг орасида ҳам ижтиҳод даражасига етган ва у даражага етмаганлар мавжуд эди. Аммо уларнинг орасида ижтиҳод малакасига етишмаганлари ижтиҳод даражасига етганларига эргашар ва уларга тақлид қилар эдилар. Улар бу ишда қуйидаги ояти каримага суянар эдилар:
“Эй, Муҳаммад,) Сиздан олдин ҳам фақат (Сиз каби) кишиларнигина (пайғамбар қилиб) юбориб, уларга ваҳий нозил этиб турганмиз. Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрангизлар!” (Наҳл,43).
Ижтиҳод ва фатво даражасига ҳаммадан кўра кўпроқ сазовор бўлган уч саҳобанинг номи келтирилади. Улар ибни Масъуд, Зайд ибни Собит, Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳумлардир.
Тобеинлар ҳам бу масалада айнан саҳобаларнинг манҳажи (йўлига)га эргашдилар. Аммо улар ҳам айрим масалаларда саҳобалар ихтилоф қилгани каби ўзаро ихтилоф қилганлар. Тобеин фуқаҳолардан Саид ибни Мусаййаб, Урва ибни Зубайр, Қосим ибни Муҳаммад ибни Абий Бакр, Икрима, Ато, Саид ибни Жубайр ва бошқаларни келтириш мумкин.
Улардан кейин эса Абу Ҳанифа, имоми Молик, имоми Шофеий ва Аҳмад ибни Ҳанбал каби тўрт мазҳаб алломаларининг замони келди. Ушбу забардаст катта алломаларнинг сермаҳсул фаолияти орқали машҳур мазҳаблар вужудга келди. Зеро уларнинг истинбот ва далилларни келтириш салоҳиятига ҳамда фикр теранлиги-ю илмий даражаларини чексиз бўлганлигига бирор бир илм аҳли шубҳа қилмайди. Дарҳақиқат, фиқҳ айнан уларнинг асрида ривожланди ва гуллаб-яшнади. Уларнинг замонида ҳам маҳкама ишлари ва муомалот (савдо-сотиқ масалалари)га доир масалалар аслий қоида бўлмиш Китоб ва суннат, саҳобаларнинг ижмосига ва ушбу асослардан кейингина қиёс каби бошқа шаръий асосларга қараб ҳал қилинар эди. Улар ўз навбатида фиқҳ илми ривожи ва муҳофазаси учун маълум бир қоида ва зарурий дастурлар жорий қилдилар. Ижтиҳод йўллари ва ҳадислардан қандай фойдаланиш ҳақида услубий қўлланмаларини жорий қилдилар. Муҳаддис аллломаларимиз саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадисларни бир-биридан ажратиб олиш борасида мусталаҳал ҳадис (ҳадис истилоҳотлари) йўналишини жорий қилдилар. У орқали ҳадис ровийлари ва уларнинг адолатини ўрганиб чиқдилар. Ровий ва ривоятлар борасида тизимли қоидалар ишлаб чиқдилар. Фиқҳий мазҳаблар айнан шу орқали вужудга келиб фиқҳ илми унинг маҳсули ва тартибга солувчи асоси бўлди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мазкур тўрт мазҳабни олижаноб, самимий янги авлодларини етиштирди. Улар ушбу илмий ҳамда Китоб ва суннатга асосланган машҳур мазҳабларни мустаҳкамлаш ва уларни турли мамлакат ва минтақаларга ёйилишини таъминладилар.
Мазкур мазҳаблар бугунги кунимизда ҳам ислом умматнинг ҳимояси ўлароқ давом этиб келмоқда. Айнан мазкур мазҳаблар бугунги глобал ўзгараётган замон ва янгиланаётган даврий ўзгаришларга қарамасдан, ислом фиқҳини фаол ва жонли яшаб келишини таъминлаб беряпти. Энг муҳим томони эса ушбу мазҳаблар умрбоқий шаръий асослар ва илмий мезонларга тўлақонли мувофиқ келмоқда. Агар уммат устида ушбу фиқҳий мазҳаблар мавжуд бўлмаганида ёки бугунгидек илмий ривожланмаганида биз бугунги кунимиздаги турли ўзгаришлардан ҳимоялана олмас эдик.
Валлоҳу аълам биссоваб.
(давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.
Таржимон: Тоҳир Воҳидов
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.