Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Октябр, 2026   |   5 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:17
Қуёш
06:36
Пешин
12:09
Аср
15:58
Шом
17:45
Хуфтон
19:00
Bismillah
16 Октябр, 2026, 5 Жумадул аввал, 1448

Сийрат илмининг буюк устози

27.10.2020   9600   23 min.
Сийрат илмининг буюк устози

Араб тилида ёзилган манбаларни мутолаа қилар экансиз Бухорий, Самарқандий, Шоший, Термизий, Насафий, Хоразмий, Кеший, Фарғоний, Намангоний дея танилган юзлаб, балки минглаб олимларнинг исмига ва уларнинг ёзган нодир асарларига дуч келасиз. Улар ҳақида айтилган мақтовлар, уларнинг илм даражалари ва қилган хизматларини ўқисангиз беихтиёр ана шундай зотларнинг авлоди эканингиздан фахрланасиз. Ана шундай зотлардан бири улуғ муҳаддис Абу Исо Термизийдир. У зотнинг сийрат фанида ёзган “Шамоил” китоби бу соҳада катта бурилиш ясади. Қуйида у зотнинг ҳаётлари ва ушбу асарлари ҳақида олиб борилган илмий тадқиқот маълумотларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Имом Термизийнинг насаби: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок[1] бўлиб, манбаларда келган боболари исмининг энг ишончлиси мана шудир. Айрим таржима китобларда Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра деб ҳам келган[2]. “Иршод ила маърифати уламои-л-ҳадис” китобининг муаллифи Имом Термизийни Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деб келтирган[3]. Лекин кўпчилик тарихчи олимлар Муҳаммад ибн Исо ибн Саврага иттифоқ қилганлар.

Куняси: Имом Термизийнинг куняси Абу Исо бўлиб, Имом Термизийни ўзи ҳам бу куняни яхши кўрар эди. У зот бу куняни ўз исмига ихтиёр қилиб, ўзини фақат Абу Исо, деб номланишини яхши кўрган[4].

Имом Термизийга ал-Буғий, ат-Термизий ва ас-Суламий деб нисбат берилишига қуйдагилар сабаб бўлган:

- Термизий – ушбу нисбат Термиз шаҳрида туғилган инсонларга берилган. Бундай нисбат бериш ислом оламида жуда машҳур бўлиб, ҳар бир инсон ўзи туғилган жойга нисбати берилган.

- Буғий – бунга сабаб Имом Термизий туғилган қишлоқ бўлиб, бу қишлоқ Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган. Ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида. Лекин Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саъад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун Буғий тахаллусини олган деган.

- Суламий деб нисбат берилишининг тарихчи олимлар икки қабилага нисбат берган. Улардан бири Сулайм ибн Мансур бўлиб, бу араб қабилалари ичидаги машҳур қабиладир. Бу нисбатни “ал-Ансоб” китоби соҳиблари берган[5]. Мулла Али ал-Қори бўлсалар Сулайм ибн Фаҳм қабиласига нисбат берган[6]. Шу ўринда айтиш лозимки, Имом Термизийнинг оилалари ва ота-оналари ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Олимлар Имом Термизийдан фақатгина “Бобом асли Марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Марвдан Термизга кўчиб келган ”, деган сўзини келтирадилар[7].

Таваллуди: Имом Термизий ҳижрий III асрнинг аввалида 209/824 йили Термиздаги Буғ қишлоғида ўртаҳол бир оилада таваллуд топган. Имом Заҳабий ўзининг "Сияр аълам ан-нубало" китобида ҳижрий 210 сана бошларида деб келтирган[8]. Ибн Асир ўзининг “Жомеъ-ал-усул” китобида  ҳижрий 209 санада таваллуд топганини келтирган[9]. Имом Термизий умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун у зотга “Зарийр” деган тахаллус берилган[10].

Имом Термизийни илмга юзланиши ва илм талабидаги сафарлари: Имом Термизий ёшлик чоғида ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилати билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Имом Термизийни ёшлик чоғида илмга ўта қизиқиш ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида яққол намоён бўлди. Имом Термизий илм олишда фақат ўз юрти ёки қўшни вилоятлар билан чекланмади. Тарихчи олимлар Имом Термизийнинг илмий сафарга чиқиши 240/850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошланганини, илм талабида узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганини айтишган. Жумладан, у зот Бухоро, Марв[11], Рай [12], Басра, Куфа ва Ҳижоз (Макка ва Мадина)га сафар қилиб, кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олган. Имом Термизийнинг Бағдодга киргани ҳақидаги маълумот борасида олимлар ихтилоф қилганлар.

Вафоти: Узоқ йиллик илмий ҳаётдан сўнг Имом Термизий 279/892 йил ражаб ойининг ўн учинчисида, душанба куни ватани бўлмиш Термизнинг Буғ қишлоғида вафот этди. Ҳозирда у зотнинг қабри Ўзбекистондаги машҳур зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

У зот ҳақида айтилган мақтовлар: Имом Самъоний “Имом Термизий ҳеч шубҳасиз ўз асрининг имомидир”, деган[13]. Имом Самъоний яна бошқа бир ўринда “Имом Термизий ҳадис илми борасида иқтидо қилинадиган имомлардан бири бўлиб, “Жомеъ”, “Таворих” ва “Илал” каби буюк асарлар муаллифи, у зотнинг зеҳни борасида зорбулмасаллар келтирилган”, деган[14]. Ҳоким Абу Аҳмад мен Умар ибн Алакдан “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этди. Хуросонда ўзидан кейин илм ва тақвода Абу Исога ўхшашини қолдиргани йўқ. У кўп йиғлаганидан ҳатто кўр бўлиб қолди”, деганини эшитдим” деган[15]. Абул Фазл Байламоний “Мен Наср ибн Муҳаммад Шайрокуҳийдан у мен Муҳаммад ибн Исо Термизийдан у Менга “Муҳаммад ибн Исмоил Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”, деганини эшитдим”,[16] деган.

Ибн Касир “Имом Термизий бу иш (ҳадис илми) борасида ўз замонасининг имомларидан эди”, деган[17]. Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий “Имом Термизий кўзга кўринган ҳофиз имомлардан бири бўлиб, Аллоҳ у билан мусулмонларни манфаатлантирди”,[18] деган. Мулла Али Қори “Термизий имом, ҳужжат, ишончли, ҳофиз, мутқиндир”, деган[19]. Бундан ташқари бошқа жуда кўплаб олимларни имом Термизий ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси Имом Термизийнинг ҳадис илми борасида катта олимлардан бўлгани ва салаф солиҳларнинг фиқҳини яхши ўзлаштирганига далолат қилади. У зот илм ва амални жамлаган инсонлардан бири бўлган.

“Шамоили Муҳаммадия” китоби ҳақида олимларнинг айтган мақтовлари: Ушбу китоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари борасида ёзилган энг улуғ ва фойдали манба ҳисобланади. Муаллиф ушбу китобда мавзунинг асл чашмаси, дуру гавҳарлари ва барча қирраларини келтириб, чиройли услубда тартибга солган ва мухтасар ҳолда жамлаган. Китоб шу даражага етганки, ўқувчига малол келадиган даражада узун ҳам, мақсадни ифодалашда бирор камчилик пайдо қиладиган даражада қисқа ҳам бўлмай, ўз мавзусини тўла қамраб олиши жиҳатидан ўрта ҳажмли китоблар сирасига киради. Бунга Ибн Касир “Бидая-ван-ниҳоя” китобида ишора қилиб шундай деган: “Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари борасида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам айнан шу мавзуда ва бу мавзуга алоқадор китобларни битганлар. Шамоил борасида жуда фойдали ва аъло даражада ҳадисларни жамлаган асарлар сирасига Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизийнинг китобини келтиришимиз мумкин. У зот бу йўналишда машҳур “Шамоили Муҳаммадия” китобини ёзган. Каминада у зотга етадиган муттасил санад мавжуд”,[20] деган. Муҳаммад ибн Абдурауф Муновий (в.1031 ҳ.) “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзган шарҳининг муқаддимасида шундай дейди: “Ривоят ва дироят олими Имом Термизийнинг (Аллоҳ таоло у зотнинг қабрини ҳушбўй мискнинг ҳидидан муаттар бўлган жаннат боғчаларидан қилсин) “Шамоили Муҳаммадия” китоби ўз бобида тенгсиз, тузилиш ва маълумотларни қамраб олиш жиҳатидан якка-ю ягонадир. Бирон киши бу китобга тенг бўлувчи ёки ўхшашини ёзмаган. Муаллиф китобни ёзишда гўзал услуб тутган. Ҳадис ва хабарларнинг чашмаси билан нақш солган. Ҳатто бу китоб Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган иқтидорнинг самараси деб ҳисобланган ва машриқу мағрибда донғи кетган”[21]. Мулла Али Қори китоб ҳақида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ва шамоиллари борасида ёзилган китобларнинг энг гўзали Термизийнинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратлари борасида мукаммал тарзда ёзилган жоме мухтасар китобдир. Бу китобни ўқиган киши У жанобнинг ташқи кўринишини кўргандек ва ҳар бобда У зотнинг шарафли хислатларини тасаввур қилади”,[22] деган. Китобнинг яхшиликлари, фойдалари ва самаралари ҳақида кўп нақллар ривоят қилинган. Шунингдек, олдин ҳам, кейинчалик ҳам аҳли илмлар томонидан бу китобга хизмат қилиш мақсадида мухтасар, шарҳ, таҳқиқ қилиш ва назмга солиш каби турли йўналишларда катта меҳнатлар амалга оширилди.

Китобнинг номи: “Шамоил” сўзи ишлатилганда инсоннинг хислатлари, сифатлари, ўзига хос хусусиятлари, ахлоқу одоблари ва шунга ўхшаш маънолар назарда тутилади. Фалончи гўзал шамоил эгаси дейилганда гўзал ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Олийжаноб шамоил эгаси дейилганда олийжаноб ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Шунинг учун Имом Термизий ва у зотдан бошқа аҳли илмлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, ахлоқлари, одоблари ва шунга тегишли бўлган бошқа хислатларни “Шамоил” деб номлаганлар. Имом Термизийнинг “Шамоил” китоби турли номлар билан нашр қилинган. Нусха кўчирувчи хаттотлар, китобни ривоят қилувчилар ва олимлар унга турли номларни ишлатганлар. Бу номлардан энг машҳурлари “Шамоили Набавийя” ёки “Шамоил Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” бўлиб, бу номлар энг кўп ишлатилган. Баъзан “Шамоили Муҳаммадия”, “Шамоили Мустафо” номлари ҳам ишлатилади. Гоҳо олимлар китобни муаллифига ҳам нисбат бериб “Шамоил Термизий” ёки “Шамоил Термизийя” деб ҳам ишлатганлар[23].

“Шамоил” китобини шарҳлаган Абдураззоқ ибн Абдумуҳсин Бадр китоб муқаддимасида: “Олдинги аҳли илм олимлар китобни “Шамоил Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб номлаганлар. Кейинги мутааххир олимлар бўлса, “Шамоили Муҳаммадия” деб номлаганлар” деган. Олим ушбу сўзи билан китобни номларини жамлашга ҳаракат қилган. Китобнинг исми борасида олиб борилган изланишда юқорида зикр қилинган номлардан ҳам узунроқ ном учради. У “Шамоили Муҳаммадия ва Хосаи-л- Мустофавийя” номидир[24]. Бу номни асосан араб мамлакатларидаги нусхаларда кўриш мумкин. Хусусан, бу номни Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳридаги Подшо фондида сақланаётган қўлёзма нусхаларда учратиш мумкин[25]. Китоб номи турли хил номланишига сабаб китобнинг умумий муқаддимаси йўқлигидир. Чунки муаллифларнинг китоб ёзишдаги одатлари китобни қайси мавзу борасида ёзилганини, китоб номи нима экани ва ундаги йўналишни баён қилиб сўнгра китобни бошлаганлар. Имом Термизий бўлса, басмала ва ҳамд айтгандан сўнг тўғридан тўғри китобни бошлаб кетган. Шунинг учун китоб турлича хил номлана бошлаган. Эҳтимол муаллиф ўзи ёзган нусхада китобнинг номини ёзган бўлиши мумкин. Китобни ундан ривоят қилганлар ва нақл қилганлар уни ўзлари турлича номлаганлари учун аниқ бир ном қарор топмаган бўлиши ҳам мумкин. Модомики ҳозиргача бу ихтилоф бор экан, демак, Имом Термизий китобга қандай ном қўйганини ҳеч ким аниқ келтира олмайди. Биз эса юртимизда танилган номи бўлган “Шамоили Муҳаммадия” номини мақоламизга киритдик.

Китобнинг қўлёзма нусхалари: Имом Термизийнинг шамоил китоблари ислом оламида энг кўп тарқалган китоблардан бири ҳисобланади. Бунга бир неча сабабларни келтириш мумкин:

  1. “Шамоили Муҳаммадия” китоби Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўлгани учун ислом уммати бу китобни жидду жаҳд билан ўрганишга ҳаракат қилган.
  2. Имом Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган (эргашиладиган) Имомлардан бўлгани учун оми халқ ва олимлар орасида китоб кенг тарқалган.
  3. Имом Термизий нафақат олим, балки жуда тақводор зот бўлганлар, бу ҳам китобнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган. Бундан ташқари бошқа кўплаб сабабларни ҳам келтириш мумкин.

Китобнинг қўлёзма нусхалари сони ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг аниқ ададини аниқлаш жуда мушкул. Китобнинг қўлёзмалари қанча эканлигини аниқ айтиб бўлмайди. Чунки баъзи қўлёзма нусхалар шахсий фондларда сақланаётган бўлиши мумкин. Жумладан, Дамашқдаги Асад кутубхонасининг ўзида китобнинг 23 та қўлёзма нусхаси бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги “Шамоили Муҳаммадия” китобининг қўлёзма нусхалари қуйидагилар:

  1. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган форс тилидаги шарҳ. Шарҳловчи Абул Хайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳондир. Бу китоб “Шамоили Муҳаммадия” асарининг форс тилига таржимаси бўлиб, аввал арабча матн ёзилган. Сўнгра ёзув остидан форсча ёзилиб, кенг услубда шарҳланган. Қўлёзманинг охирги 10 вараққа яқин қисмига бир оз шикаст этган. Ҳаммод ибн Саламадан ривоят қилинган ҳадис билан тугаган бўлиб, тўлиқ ҳолатда эмас. 299 варақдан иборатдир. Китоб № 2351 рақам остида сақланади.
  2. “Жаму-л-Васоил шарҳ Шамоил” китобининг қўлёзма нусхаси № 422 рақам остида сақланади. Бу нусхада бир жилдда китобни ҳаммаси жамланган. Ушбу қўлёзма жуда равон насх хатида ёзилиб, ҳижрий 1231 сана рабиул-аввал ойида тугалланган.
  3. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган арабча шарҳ. Шарҳловчи исми номаълум, чунки қўлёзманинг аввалги ва охирги варақлари йўқ. Қўлёзма 639 варақдан иборат. Ҳар бир бетда 19 та қатор бўлиб, № 461 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 555 санада ёзилган.
  4. Жамланма китобда келган қўлёзма нусха бўлиб, № 441 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 1350 санада ёзилган.
  5. “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ҳижрий 990 санада Маккаи Мукаррамада ёзилган қўлёзма нусхаси. У 90 варақдан иборат бўлиб, № 481 рақам остида сақланади.
  6. Ушбу қўлёзма XVI асрга оид бўлиб, 104 варақдан иборат. 1980 йилда “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ушбу қўлёзмаси офсет босмада чоп этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон Ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган. Ушбу қўлёзманинг бобларни боши қизил рангда бўлиб, чиройли насх хати билан ёзилган. Ҳошиясида бошқа нусхалардан ривоятлар бор. У № 2797 рақам остида сақланади.

 

«Шамоил Муҳаммадия» асарига ёзилган шарҳлар: “Шамоили Муҳаммадия” асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Уларни бирон бир адад билан чегаралаш мумкин эмас. Кўпчилик тадқиқотчилар китоб таҳқиқини келтиришдан олдин китоб муаллифининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида бир оз сўз юритадилар. Сўнгра китобнинг аҳамияти ва унга ёзилган шарҳлар ҳақида маълумот берадилар. Ҳудди шунингдек, “Шамоили Муҳаммадия” китоби борасида тадқиқот олиб борган олимлар унга ёзилган шарҳларни келтирганлар. Уларнинг баъзилари ўнта, баъзилари йигирмата шарҳни келтирган. Ҳозиргача қилинган тадқиқотларда энг кўп шарҳларнинг номларини жамлаган тадқиқот бу Абдуҳ Али Кушкнинг тадқиқоти бўлиб, унда 72 та шарҳнинг номи ва муаллифлари исмлари келтирилган. Аммо илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, китобга ёзилган шарҳлар 80 тадан ошиқроқ бўлиб, уларнинг номлари тарих китобларида келгандир.

Улардан машҳурлари:

  • “Иттиҳафатур-Роббонийя бишарҳиш-шамоили Муҳаммадия” – Аҳмад ибн Абдулжаввод Думий.
  • “Аъзобул-манохил ала шамоил” – Аҳмад ибн Жаъфар Каттоний.
  • “Аснал-васоил би шарҳиш-шамоил” – Аллома, муҳаддис, муфассир, муаррих Наҳвий Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний.
  • “Ашрофул-васоил” – Исмоил Муфид ибн Али Аттор Румий.
  • “Ашрофул-васоил ила фаҳмиш-шамоил” – Фақиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажар Маккий, Ҳайтамий, Ансорий.
  • “Ашрофул-васоил шарҳи шамоил” – Сайфуллоҳ ибн Нуруллоҳ Бухорий, Деҳлавий.
  • “Ақробул-васоил фи шарҳиш-шамоил” – Ҳофиз Муҳммад ибн Абдураҳмон Саховий.
  • “Анжаҳул-васоил” – Абулқосим ибн Муҳаммад ибн Абулбарокат ибн Махлас.
  • “Туҳфатул-ахёр ала шамоилил мухтор” – Муҳаддис Абулҳасан Али ибн Аҳмад Ҳурайший.
  • “Ровзул-азҳар фи шамоил Набий мухтор” – Абдуссалом ибн Аҳмад Имроний Фосий.
  • “Дурару фазоил-шарҳ шамоил” – Алимуддин ибн Фасиҳиддин Қоннужий.
  • “Заҳрул-хамоил ала шамоил” – Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий.
  • “Турар ала шамоил” – Ориф Абу Зайд Абдураҳмон Фосий.
  • “Шарҳ шамоил” – Абдураззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр.
  • “Итру шазий фи шарҳ мухтасар шамоил Термизий” – Фақиҳ Абдулмажид Шурнубий, Азҳарий.
  • “Ихтисор шарҳ шамоил ли жассус” – Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳажавий.
  • “Фатҳул-айман мақбул вал-шарҳ муҳда ашроф росул” – Фозил Муҳмуд ибн Абдул Муҳсин ибн Муваққеъ Шофеий.
  • “Фаваид жалилатул-баҳийяту ала шамоили Муҳаммадия” – Муҳаддис, фақиҳ, Муҳаммад ибн Қосим ибн Жассус.
  • “Китабату ала шамоил” – шайх Али ибн Зайниддин Ужҳурий.
  • “Кашфул-фазоил” – Нур ибн Муҳаммад Кошоний.
  • “Мухтар мин шарҳил” – Ҳасан ибн Исҳоқ ибн Маҳдий.
  • “Маваҳибул-ладунийя ала шамоил Муҳаммадия” – Шайх, Иброҳим ибн Муҳаммад Бажурий.

               Шамоил Муҳаммадия асарига форс тилида ҳам шарҳлар ёзилган бўлиб, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:

  1. “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Ошиқ ибн Умар Ҳанафий.
  2. “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Файз ибн Муҳаммад Биликромий.
  3. “Шарҳ” – Абилхайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳон.

 

               Туркий шарҳлардан бўлса энг машҳури шайх Ҳисомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Нақшбандийнинг шарҳларидир. Китоб дунёнинг бир нечта тилларига таржима ҳам қилинган. Булар: ўзбек,  инглиз, француз, урду, форс тилларидир. Келтириб ўтилган маълумотлардан Ислом оламида мазкур асарнинг ўрни беқиёслигини англаш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадис илмининг ривожи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кенг оммага етиб боришида улуғ ватандошимизнинг хизматлари буюкдир. Зеро, юқорида келтирилган уламоларнинг мақтовлари ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Хусусан, у зотнинг “Шамоил” асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворлари, ташқи кўринишлари, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида намуна бўлиб, амалга оширган ишларини мукаммал тарзда баён этиб берган. Китобни мутолаа қилган китобхон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқиндан танийди. Аллоҳ таоло бу бобокалонимизнинг хизматларини қабул этиб, жаннатдаги мартабаларини юқори қилсин!

 

Манбалар асосида Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби,

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.

 

[1] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам 2001. –Б.37.

[2] Қаранг: ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибут таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа 1395 ҳ. – 9/ 387.

[3] Қаранг: Абу Яъло Халилий. Ал-Иршод. – Риёз, Мактабатул Рушд 1409-ҳ. – 3/904

[4] Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдуроҳим. Муқаддима Туҳфатул-Аҳвузий. – Байрут, Дорул кутуб илмийя 1990. – Б. 242.

[5] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, Дорул Муҳаммад Амин, 1401. Ж.2. – Б.361.

[6] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.38.

[7] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40..

[8] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияру аьломин-нубало. – Байрут, Муассасату-р- рисола, 1302ҳ. Ж. 13. –Б.371.

[9] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.39..

[10] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40.

[11] Туркманистон ҳудудида жойлашган..

[12] Хозирги кунда Эрон пойтахти Теҳрон.

[13] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.51

[14] Имом Самъоний. Ансоб. – Байрут, 1401 ҳ. Ж.2. –Б.45.

[15] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389

[16] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389

[17] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.52.

[18] Абул Ҳажжож Юсуф.Таҳзибу-л-Камол. – Байрут, Муассасатур-рисола, 1407 ҳ. Ж.26. –Б. 250.

[19] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.53.

[20] Ибн Касир. Бидая–ван-ниҳоя. –Байрут, Ҳижр, 1997. Ж.6. –Б.13.

[21] Имом Муновий. Шарҳ Шамоил. – Миср, Матбатул адабия, 1317 ҳ. Ж.1. –Б.2.

[22] Али Қори. Жаму-л-васоил. – Миср, Матбату-л-адабия, 1317 ҳ. Ж.1. –Б.2.

[23] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.

[24] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.

[25] Подшо фўндида 1615,11806- рақамлар остида сақланаётган нусхаларда шу ном билан келади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда

16.10.2026   24294   10 min.
Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда

Ахборот манбасини аниқлаш, маълумот кимдан олинганини текшириш, турли ривоятларни ўзаро солиштириш ва ишончли далилни шубҳали хабардан ажратиш бугунги ахборот маконининг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Бундан қарийб ўн икки аср муқаддам Имом Бухорий ҳадисларни саралашда манба занжири, ровийлар ишончлилиги ва ривоятларни қиёсий текширишга таянган илмий анъананинг энг мукаммал намуналаридан бирини намоён этган эди, хабар бермоқда iccu.uz.

2026 йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ташкилотчилигида Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ICESCO ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми – йирик халқаро илмий лойиҳа ана шу меросга замонавий тадқиқот нуқтаи назаридан қайта мурожаат қилди. Ана шу форум доирасида Самарқандда ўтказилган халқаро конференцияда халқаро олимлар, тадқиқотчилар томонидан бир қатор маълумотлар, янгиликлар тақдим этилган. Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази ана шу материаллар асосида 16 мамлакат олим ва тадқиқотчилари иштирокида Имом Бухорий шахсияти, “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асарининг илмий методологияси, қўлёзмалари, жаҳон илмий мактабларидаги ўрни ҳамда асар атрофидаги танқидий баҳсларни беш асосий йўналишда қамраб олган қарийб 800 саҳифалик илмий нашр устида ишламоқда.

Бухородан бошланган илмий йўл

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 194 ҳижрий, 810 милодий йилда Бухорода туғилган. Ёшлигидан ҳадис илмига қизиққан аллома кейинчалик Макка, Мадина, Ироқ, Шом, Миср ва Хуросон каби ўша даврнинг йирик илм марказларида бўлиб, кўплаб муҳаддислардан таълим олган.

Унинг энг машҳур асари — “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ”, кенг тарқалган номи билан “Саҳиҳ ал-Бухорий”, сунний ислом илмий анъанасида энг нуфузли ҳадис тўпламларидан бири сифатида эътироф этилади.

Асарнинг аҳамияти фақат унда ҳадислар жамлангани билан чекланмайди. Тадқиқотчилар учун унинг асосий хусусиятларидан бири — ривоятларни қабул қилиш ва саралашда қўлланган мураккаб илмий мезонлардир.

Ислом илмлари тарихида санад — хабар ёки ҳадиснинг бир ровийдан бошқасига етиб келганини кўрсатувчи ривоят занжири — марказий аҳамият касб этган. Муҳаддислар ровийларнинг таржимаи ҳоли, ишончлилиги, хотираси, бир-бири билан учрашиш имконияти ва бир хабарнинг турли йўллар орқали қандай ривоят қилинганини қиёсий ўрганган.

Имом Бухорий ана шу илмий муҳитда фаолият юритиб, ҳадисларни текшириш ва таснифлашда ўта юқори талаблар қўйган олим сифатида тарихда қолди.

“Саҳиҳ ал-Бухорий” — фақат тўплам эмас, илмий ёндашув

Имом Бухорий меросига бағишланган замонавий тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири унинг ҳадисларни танлаш услуби ва асарни тайёрлаш ёндашувини ўрганишга қаратилган.

Манбаларда аллома “Саҳиҳ ал-Бухорий” устида 16 йил ишлагани қайд этилади. Асарни яратишга туртки берган омиллар қаторида унинг устози, IX асрда яшаган буюк муҳаддис, фақиҳ ва Қуръон тафсири олими, Хуросоннинг энг нуфузли уламоларидан бири Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг саҳиҳ ҳадисларни алоҳида китоб шаклида жамлаш ҳақидаги таклифи ҳам келтирилади.

Бироқ илмий нуқтаи назардан асарнинг қиммати уни яратиш учун сарфланган вақтдан кўра қўлланган методологияда яққолроқ намоён бўлади.

Имом Бухорий ривоятларнинг санадига, ровийларнинг мақомига, улар ўртасидаги алоқа имкониятига ва ҳадисларнинг бошқа ривоят йўллари билан муносабатига алоҳида аҳамият берган. Асардаги боб сарлавҳалари ҳам оддий техник тақсимот эмас: улар кўп ҳолларда муаллифнинг фиқҳий хулосаси, далилни қандай англагани ва бир ривоятдан қандай ҳуқуқий ёки ахлоқий маъно чиқарганини кўрсатади.

Шу сабабли “Саҳиҳ ал-Бухорий” асрлар давомида фақат ўқилган эмас — шарҳланган, қиёсланган, кўчирилган, ўқитилган ва танқидий таҳлил қилинган.

Илмий конференция нимани ўрганди?

2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида 9–10 июль кунлари Самарқандда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари — Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил этилган конференциянинг илмий дастури Имом Бухорий меросини бир ёқлама тарихий хотира сифатида эмас, балки комплекс тадқиқот объекти сифатида ўрганишга қаратилди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси томонидан тайёрланаётган илмий нашр бу жиҳат алоҳида аҳамият касб этди. Олимлар ва тадқиқотчилар томонидан қуйидаги 5 йўналишда Имом Бухорий мероси таҳлил қилинди.

Биринчи йўналиш Имом Бухорий шаклланган тарихий, жуғрофий, ижтимоий ва илмий муҳитни қамраб олди. Бунда Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг ҳадис илми тараққиётидаги ўрни, оилавий тарбия, устозлар муҳити ва алломанинг илмий шахсияти шаклланишига таъсир қилган омиллар тадқиқ этилди.

Иккинчи йўналиш “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”нинг ички илмий механизмига қаратилди. Тадқиқотчилар Имом Бухорийнинг иснод тизими, ҳадисларни саралаш ва таснифлаш мезонлари, ривоятлардаги яширин нуқсонларни аниқлаш усули, боб сарлавҳаларини шакллантириш маҳорати ҳамда далиллаш принципларини таҳлил қилди.

Бу йўналиш асарга оддий ҳадислар мажмуаси сифатида эмас, балки мураккаб илмий архитектурага эга манба сифатида қараш имконини беради.

Учинчи йўналиш дунё кутубхоналари ва қўлёзма хазиналарида сақланаётган “Саҳиҳ ал-Бухорий” нусхаларига бағишланди. Қўлёзмалардаги қироат, самоъ, ижоза, муқобала ва турли илмий қайдлар асарнинг асрлар давомида қандай ўқилгани, кўчирилгани ва авлоддан авлодга етказилганини ўрганиш учун муҳим материал ҳисобланади.

Бундай манбалар бир матннинг тарихий ҳаракатини кузатиш, нусхалар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ва асарнинг илмий трансмиссиясини тиклаш имконини беради.

Тўртинчи йўналиш турли мамлакат ва илмий мактабларнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ўрганишга қўшган ҳиссасини қамраб олди. Асар асрлар давомида Шимолий Африкадан Марказий Осиёга, Яқин Шарқдан Жанубий Осиёгача бўлган кенг ҳудудларда ўқитилди, шарҳланди ва тадқиқ қилинди.

Бу география Имом Бухорий меросининг фақат бир давлат ёки минтақа доирасидаги тарихий қадрият эмаслигини кўрсатади.

Бешинчи йўналиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” атрофида турли даврларда билдирилган илмий эътирозлар, баҳсли масалалар ва уларга берилган жавобларни ўрганишга бағишланди.

Бу йўналишнинг конференция дастурига киритилиши муҳим: илмий меросни асраш уни фақат улуғлаш билан эмас, балки унга қаратилган саволларни ҳам очиқ илмий муҳокама қилиш билан амалга оширилишини кўрсатади.

16 мамлакат тадқиқотчилари иштирокидаги нашр

Конференция якунлари кейинчалик алоҳида илмий нашрга айланди.

ICESCO 2026 йил 16 июлда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал нашр тайёрланмоқда.

Нашрда 16 мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари иштирок этди. Унда конференциянинг юқорида санаб ўтилган беш асосий илмий йўналиши бўйича тақдим этилган тадқиқотлар жамланмоқда.

Нашр ҳадис илми тарихи билан бирга манбашунослик, қўлёзмашунослик, матн танқиди, ривоят методологияси ва ислом интеллектуал тарихи учун ҳам янги тадқиқот материалларини бир майдонга тўплади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса тўпламдаги тадқиқотлар аннотацияларини ўзбек тилига таржима қилишда иштирок этди.

Қадимий санад тизими ва замонавий ахборот муҳити

Имом Бухорийнинг илмий услубини замонавий журналистика ёки бугунги фактчекинг тизими билан айнан тенглаштириш тарихий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Улар турли даврлар, вазифалар ва илмий муҳитларга тегишли.

Бироқ улар ўртасида муҳим интеллектуал нуқта бор: ахборотнинг ўзи етарли эмас — унинг манбаси ҳам текширилиши керак.

Ҳадисшунослик анъанасида “Бу хабар кимдан келди?”, “Уни етказган шахс қанчалик ишончли?”, “У мазкур маълумотни бевосита олиши мумкин бўлганми?”, “Бошқа ривоятларда бу хабар қандай келтирилган?” каби саволлар илмий текширувнинг бир қисмига айланган.

Бугун рақамли платформалар орқали маълумот бир неча сония ичида миллионлаб одамларга етиб бораётган шароитда ҳам манбани аниқлаш, бирламчи маълумотни топиш, мустақил тасдиқ излаш ва хабарни контекстда баҳолаш ишончли ахборотнинг асосий шартларидан бўлиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан Имом Бухорий мероси фақат диний ёки тарихий аҳамиятга эга эмас. У маълумот билан ишлашда масъулият, текшириш ва далилга таяниш маданияти қандай шаклланганини ўрганиш учун ҳам муҳим тарихий тажрибадир.

Имом Бухорий тадқиқотлари учун институционал база

Имом Бухорий меросини тизимли ўрганиш Ўзбекистонда сўнгги йилларда махсус илмий муассасалар фаолияти билан ҳам мустаҳкамланмоқда.

2016 йил 18 октябрда Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида ўша пайтда Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида буюк алломалар меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.

2017 йил 27 мартда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирларига оид Президент қарори қабул қилинди.

Бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ихтисослашган илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик қўлёзмаларни ўрганиш, илмий нашрлар тайёрлаш ва Ўзбекистонда шаклланган интеллектуал меросни халқаро академик муҳитга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Самарқандда ўтказилган халқаро конференция ва 16 мамлакат олимлари иштирокида тайёрланаётган янги илмий нашр эса Имом Бухорий меросини фақат тарихий хотира сифатида эмас, балки ҳали ҳам тадқиқ қилиниши, баҳс қилиниши ва янги илмий саволлар қўйилиши мумкин бўлган тирик интеллектуал мерос сифатида намоён этиши кутилмоқда.

Ахборот ҳажми ортиб, ҳақиқат билан талқин, ишончли манба билан тасдиқланмаган хабар ўртасидаги чегара тобора мураккаблашаётган бир даврда бу меросдан чиқадиган энг муҳим хулоса содда: ишончли билим манбани текширишдан бошланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда
Ўзбекистон янгиликлари