Олти ойдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Мадинадаги Набавий масжидидаги Равза жамоатчиликка очилди. Ҳар бир мусулмон учун алоҳида жой ҳисобланмиш Равза март ойида Қиролликдаги COVID-19 эпидемияси туфайли ёпилганди. Гарчи Набавий масжиди июнь ойида намозхонлар учун ўз эшикларини очган бўлса-да, Равзага кириш таъқиқи амалда бўлиб келаётган эди.
Islam.ru маълумотларига кўра, бу кунда Мадинада бўлиш бахтига муяссар бўлган мусулмонлар фурсатдан фойдаланиб, Равзада ибодат қилиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га ўз ҳурматларини бажо келтирдилар.
"Раби ул-аввал ойининг биринчи тонгида Равзани зиёрат қилган биринчи гуруҳ аёллар орасида бўлиш бахтига муяссар бўлдим, - дейди 39 ёшли Ханан ал-Жиҳаний. - Бу фавқулодда тажриба".
Жиддалик Эман Maҳмуд: "Бу албатта муборак ойнинг бошидаги муборак кундир. Ниҳоят Муқаддас хонага ташриф буюриб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни қутлашимиз мумкинлигини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! " - деди.
Мадина ва Набавий масжидига тез-тез ташриф буюрадиган 50 яшар Эман Maҳмуд сўнгги бир неча ой ҳаммага қийин бўлганини айтди: "Набавий масжидидаги эски кунларни қанчалик соғинганимни сўз билан ифодалай олмайман."Умид қиламанки, инқироз яқинда тугайди ва барча мусулмонлар масжидда қалбни тозалайдиган маънавий тажрибадан баҳраманд бўла олишади".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шу йил 13–14 март кунлари юртимизда "Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки" шиори остида муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш, маҳаллалар ва муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш мақсадида ўтказилган умумхалқ хария ҳашари диний соҳа ходимлари ва мўмин-мусулмонларимизни эзгулик йўлида янада жипслаштирди.
Мазкур хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги қарийб 2150 та масжид, 270 та зиёратгоҳ ва 4500 та қабристон ҳудудларида кенг кўламли тозалик ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ҳашар доирасида миллион квадрат метрдан ортиқ майдон чиқиндилардан тозаланиб, 35 000 туп кўчат экилди ҳамда 88 000 дона дарахт оқланиб, шакл берилди.
Байрам олдидан нафақат масжид ва зиёратгоҳлар, балки инсонлар қалбига ҳам қувонч улашилди: имом-хатиблар бошчилигидаги 85 мингдан зиёд ҳашарчилар томонидан 750 дан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Шунингдек, 4100 нафардан зиёд эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 1 млрд 465 млн сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундай олижаноб ишлар халқимиз орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, Рамазон ҳайити шукуҳини хонадонларга олиб кирди.
Масжидларда намозхонлар ва зиёратчилар учун барча қулай шарт-шароитлар ҳозирланиб, хонақоҳ ва таҳоратхоналар байрам намозига шай ҳолга келтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати