Хабарингиз бор, шу йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар Давлат тест маркази томонидан тест синовларида иштирок этдилар.
Шу кунларда ота-оналар, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари томонидан мадрасаларга кириш имтиҳонлари натижалари қачон эълон қилиниши борасида жуда кўп мурожаатлар бўлмоқда.
Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан олинганини инобатга олсак, имтиҳон натижалари ҳам ушбу марказ томонидан эълон қилинади. Айни кунларда имтиҳон натижаларини текшириш жараёнлари давом этмоқда.
Мадрасаларга кириш имтиҳонлари натижалари қачон эълон қилиниши тўғрисидаги расмий хабар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz интернет сайти ва “Телеграм” мессенжеридаги https://t.me/muslimuzportal каналида эълон қилинади.
Барча абитуриентларга Аллоҳ таолодан омад ва зафарлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Яқинлашиб келаётган муборак Қурбон ҳайити айёмига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Сурхондарё вилоятидаги барча қабристон ва зиёратгоҳларда умумхалқ хайрия ҳашарлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Мазкур савобли тадбирларда диний соҳа вакиллари ҳам алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Жорий йилнинг 23 май куни вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳамда вилоят бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев Жарқўрғон туманидаги “Маърифат” маҳалласида жойлашган “Мулло Ҳазрат” қабристонига ташриф буюрдилар.
Мутасаддилар у ерда олиб борилаётган тозалаш ва кўкламзорлаштириш ишлари жараёни билан яқиндан танишиб, ҳудудни янада тартибга келтириш ҳамда зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмаларни бердилар.
Бу каби хайрли ҳашар тадбирлари айни пайтда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати