Хабарингиз бор, шу йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар Давлат тест маркази томонидан тест синовларида иштирок этдилар.
Шу кунларда ота-оналар, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари томонидан мадрасаларга кириш имтиҳонлари натижалари қачон эълон қилиниши борасида жуда кўп мурожаатлар бўлмоқда.
Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан олинганини инобатга олсак, имтиҳон натижалари ҳам ушбу марказ томонидан эълон қилинади. Айни кунларда имтиҳон натижаларини текшириш жараёнлари давом этмоқда.
Мадрасаларга кириш имтиҳонлари натижалари қачон эълон қилиниши тўғрисидаги расмий хабар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz интернет сайти ва “Телеграм” мессенжеридаги https://t.me/muslimuzportal каналида эълон қилинади.
Барча абитуриентларга Аллоҳ таолодан омад ва зафарлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида меҳр-мурувват, хайрия ва саховат тадбирлари кенг кўламда ташкил этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари жойларда бўлиб, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олмоқда ҳамда уларнинг кўнгилларини кўтаришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шундай хайрли тадбирлардан бири Бухоро вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали раҳбари, Бухоро шаҳридаги “Моҳитобон” масжиди имом-хатиби Азизбек домла Ашуров бошчилигида ҳудуддаги бир қатор эҳтиёжманд хонадонларга байрамона кайфият улашилди.
Мурувват тадбири доирасида қуйидаги хайрли ишлар амалга оширилди:
Ижтимоий реестрга киритилган 50 та эҳтиёжманд оила вакиллари учун махсус эҳсон дастурхони ёзилиб, уларга байрам совғалари топширилди.
Ҳудудда истиқомат қилувчи кўмакка муҳтож оилаларнинг яшаш жойларига бевосита ташриф буюрилиб, кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган ози-овқат маҳсулотлари тўплами етказиб берилди.
Саховат тадбирлари давомида ташкилотчилар хонадон эгаларини яқинлашиб келаётган қутлуғ айём — Қурбон ҳайити билан муборакбод этиб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилишди. Бу каби тадбирлар юртимизда инсонийлик, оқибат ва меҳр-мурувват туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати